Бугун интернет инсоният ҳаётининг тўлиқ бир қисмига айланиб улгурди. Интернетсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин даражага бориб етди. Ёшу қари, эркагу аёл бари-баримиз интернетдан, албатта, фойдаланамиз. Хабар юборамиз, маълумот қидирамиз жуда кўп ишларимиз интернет билан боғлиқ бўлиб қолди.
Яхши ишларни ортиқча жисмоний машаққатсиз амалга ошириш имконини берган интернет, кўплаб ношаръий ишларни кенг тарқатилишида ҳам кўпчиликка қўл келаётгани сир эмас. Воқеий ҳаётда ошкора қилинмайдиган гуноҳ ва номаъқулчиликларнинг жуда кўпи виртуаль оламда очиқ-ойдин намойишкорона содир этилмоқда. Кимдир бировнинг хотини билан ишқий ёзишмалар қилса, яна кимдир бировнинг синглисини шаҳвоний расмларини тамошо қилиб хузур қиляпти.
Бу ишларнинг гуноҳлигини билиб қилганлар ҳам бор, билмай қилганлар ҳам бор. Бугун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга доир одоб-ахлоқ қоидаларини, шаръий талаб ва кўрсатмаларни кенг тарғиб қилишга катта эҳтиёж бордай назаримизда. Давлат ва шариат қонуни реал ҳаётда қандай амалда бўлса, виртуаль оламда ҳам худди шундай кучга эга эканини жамиятга тез-тез эслатиб туришга зарурат бор.
Саҳобалардан бирлари айтган экан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунё ҳаётида дуч келишимиз мумкин бўлган ҳамма нарсада бизга шариат таълимини берган эдилар. Ҳаттоки самода учаётган қуш қанотини қандай қоқишига доир илм ҳам Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўргатилган эди”.
Ҳа, азизлар Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматга икки дунё саодатига мушарраф бўлиши учун керакли шаръий таълимотни мукаммал даражада етказиб берган эдилар. Шу жумладан интернет фиқҳи, интернетдан фойдаланиш одобларига доир шаръий билимларни ҳам. Тўғри, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшаб ўтган даврда интернет бўлмаган. Лекин ул зот умумий тарзда билдириб кетган насиҳат, тавсиялар бизга бугунги техника асрида ҳам интернедан фойдаланиш одобларини қониқарли даражада ўргата олади.
Масалан имом Бухорий ҳазратлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қуйидаги хабарини ривоят қилади:
القائل الفاحشة و الذى يشيع بها فى الإثم سواء
“Фаҳш гапни айтган ҳам, уни тарқатган ҳам гуноҳда тенгдир”. (ал-Адаб ал-муфрад. 324).
Эътибор беринг, бирор фаҳш ишни кимдир кўриб гувоҳ бўлса ва кимгадир биринчи бўлиб етказса, бундан хабардор бўлган киши эса уни бошқаларга тарқатса, демак икковлари бир фаҳшни тарқатишда тенг гуноҳкор бўлишар экан.
Энди бугунги интернет жарчиларининг ҳолига бир назар қиламиз. Қаерда кимдир ким биландир бирор номаъқулчиликка гувоҳ бўлса, уни дарҳол тасвирга олиб, расм ва видеоларини бутун дунёга тарқатаётганларнинг гуноҳи қандай бўларкин?!
Нега шариатимиз фаҳшнинг тарқалишига йўл қўймайди. Чунки фаҳш ҳақида жамоат жойларда кўп гапириш бора-бора фаҳшни оддий-табиий ҳолат даражасига олиб чиқади. Ахлоқсизликлар ҳақида кўп гапирилган жамиятда ўша ахлоқсизликни қилиб кўришдан уялмай қўйишади. “Ҳамма қиляптику, мен ҳам қилсам нима бўлади” деган баҳона билан нафснинг истагига мойиллик кучаяди. Натижада бутун бир жамият ахлоқсизлик ботқоғига ботади. Шариат шуни олдини олиш учун ҳам фаҳш ҳақида гапиришни ман этади.
Энди расм ва видеога олиб тарқатишнинг таъсири эса гапирилган гапникидан бир неча баробарга кучли. Ахлоқсиз филм ва расмларни кўрган кўз, бора-бора шу ишга кўникади, ундан жирканмай қўяди ва ҳатто ўзи ҳам ўша видеода кўрганини амалда синаб кўргиси келиб қолади. Шунинг учун ҳам инсон ўзи ва бошқаларга тегишли бўлган уятсиз расм, видеоларни тарқатиши, ё овозли хабар қилиб бировларга улашиши шаръан ҳаром саналади.
Ёки масалан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзига диққатимизни тортамиз:
إذا ارادت ان تذكر عيوب صاحبك فاذكر عيوب نفسك
“Агар соҳибинг айбларини гапирмоқчи бўлсанг, аввал ўз айбларингни эслаб ол!” (ал-Адаб ал-муфрад. 328).
Бу ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ижтимоий тармоқларда бировларнинг айбларини эълон қилишдан олдин ўзимизнинг ҳам камчиликларимизга бир қараб қўйишга чақирмаяптимикин?!
Бошқаларнинг айбини ахтариб интернетда тарқатиш осон, нафс учун ёқимли машғулот. Лекин аввал ўзимизга ҳам бир боқиб қўйсак, шу ишлардан тийилишимиз осон бўларкан.
Ижтимоий тармоқларда кенг авж олган яна бир иллат номаҳрам аёлларнинг шахсий саҳифларига кириб расм ва видеоларини тамоша қилишдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай амр қилган:
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ۚ ذَٰلِكَ أَزْكَىٰ لَهُمْ ۗ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
“Сиз мўминларга айтинг, кўзларини тийишсин ва фаржларини сақлашсин. Мана шу улар учун покликдир. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан хабардордир”. (Нур сураси 30. Тафсири Ирфон).
Бу ояти каримада Аллоҳ мўмин мусулмонларни бегона аёлларнинг авратларига шаҳват назари ила қарашдан, фаржларини эса зино қилишдан сақлашларини амр қилмоқда. Кўз зиноси фарж зиносига олиб борувчи йўл ҳисобланади. Кўз билан кўриб шаҳват уйғонгач, нафс фарж билан шаҳватини қондиришни истаб қолади ва то шу ишни қилмагунча тинчимайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ зинони ҳаром қилиш билан бирга зинога олиб борувчи барча амаллардан ҳам қайтарган.
Биз ижтимоий тармоқлардаги махфий саҳифаларимизда одамлардан яшириниб, ниқобланиб номаҳрамларни шаҳват билан тамошо қилишимиз мумкин, лекин шуни унутмаслигимиз керакки Аллоҳ бизнинг барча хуфёна ишларимиздан ҳам хабардор.
Мана бу ҳадисга ҳам эътибор берайлик, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аёл киши бошқа аёл киши билан (бир-бирига ички кийимда) рўбарў бўлмасин. Бас, у кўрганини эрига тавсифлаб беради. У эса гўёки уни (ҳаёлида) кўриб туради”. (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).
Яъни, бирор аёл бошқа бир аёлнинг бадани, авратини тамошо қилиб, уни ўз эрига гапириб берса, эр ҳаёлида ўша аёлни қоматини, чирой-чимматини тасаввур қилиб худди уни кўриб тургандек нафсоний ҳузур қилади. Худди шу ҳаёлий тасаввурни ҳалол кўрмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни олдини олиш мақсадида икки аёл бир-бирининг авратига қарамасин—демоқдалар.
Айтмоқчимизки, аёл аёл билан ёлғиз қолишини тақиқловчи сабаб бу уларнинг эрларида воқе бўлиши мумкин бўлган ҳаёлий тасаввурдир. Демак эркак киши бегона аёлнинг бевосита авратига тикилиши у ёқда турсин, ҳатто бегона аёлнинг қоматини тассаввур қилиб, ҳаёлида тамошо қилиши ҳам ҳаром ҳисобланади.
Энди бир мулоҳаза қилайлик, компьютер ё мобиль телефонимизда беҳаё аёлларнинг суратини тамошо қилганимизда биз нималарни тасаввур қиламиз?! Теҳник имконияти жуда юқори бўлган расмга олиш асбоблари бизга уятсиз расмларини интернетда эълон қилган ахлоқсизларнинг бадани ва авратларини қай даражада тасвирлаб, кўз олдимизга келтириб беради?! Бир аёл иккинчи аёлни қомати, баданини оғзаки сифатлаб бергани қаерда-ю бугунги смартфонлар экаранининг тасвири қаерда? Бугунги аср теҳникаси ҳатто инсон кўзи илғамаган нуқталарни ҳам жуда чиройли тасвирлаб бера олади. Ва ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғзаки сифатлашга рухсат бермадилар. Расмга олиб уни бировга кўрсатишга рухсат берармидилар?!
Аллоҳ таоло барчамизни кундалик ҳаётимизда шариат ахлоқ-одобларига тўлиқ амал қилишимизга тавфиқ берсин!
Мирзамақсуд домла АЛИМОВ,
Андижон вилояти бош имом-хатиби