Ихтилофдан сақланайлик!

771

Муқаддас ислом динимиз таълимоти ҳар бир шахсни жамиятнинг ажралмас бир бўлаги эканини назарда тутган ҳолда бирорта ибодат ёки одобга таклиф қилишда жамоатга қарата хитоб қилади.
Кўплаб ибодатларни жамоат билан адо этишга тарғиб қилиниши ва унга ажру савоб ваъда этилиши Ислом динининг инсонларни бирлик ва ҳамжиҳатликка ундашига ёрқин мисолдир. Росулуллоҳ (с.а.в.) доимо намоздан олдин сафларни теккиз бўлишини, орада очиқ жойлар қолмаслигини, акс ҳолда жамоатдаги кишиларнинг қалблари бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолиши, орага шайтон оралаши мумкинлигини такидлаганлар.
Динимизда бирор ибодатга буюрилар экан,унинг мукаммал бўлишига , аввало, жамоатнинг иттифоқчилиги шарт қилинади. Росулуллоҳ (с.а.в.) уч нарсани қилган мўминнинг кўнгли ҳечам ғаш бўлмаслигини айтганлар:
1.Амални холис Аллоҳ учун қилиш;
2.Мусулмонларнинг бошлиқларига самимий муносабатта бўлиш;
3.Мусулмонлардан ажралмай улар билан бирга бўлиш.
Дарҳақиқат, мусулмонлар жамоасидан ажралиб ўзича гуруҳ ташкил қилиш, улар ўртасига ихтилоф солиш, тафриқага сабаб бўлиш мўминлик хусусиятларидан эмасдир.
Росулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: “Охир замонда бир қавм келурки, ўзлари ёш, ақиллари заиф бўлиб, Аллоҳнинг каломидан ва Росулуллоҳнинг (с.а.в.) сўзларидан гапирадилар. Уларнинг имони томоқларидан нарига ўтмайди. Диндан худди камондан ўқ қандай тезлик билан отилса, шундай тез чиқадилар” (Имом Бухорий ривояти).
Бизнинг динимиз ҳар қандай шароитда ҳам иттифоқликка, бирдамликка, аҳил тотув бўлиб яшашликка чақиради. Мўминларни ўртасига ихтилофларни солишликдан сақланайлик!.

Акмалжон Қурбонов


Олтинкўл туман

“Оқ масжид”

жоме масжиди имом-хатиби