ИСРОФГА ЙЎЛ ҚЎЙМАНГ!

44

Ислом дини инсонларни жамиятдаги барча қатламларга бирдай муносабатда бўлиш, қариндош-уруғлар, ҳаётда қийналиб қолган фақир ва мискинлар, ўзи юртида бой киши бўлса ҳам сафарда иқтисодий жиҳатдан ночор ҳолга тушиб қолган йўлчиларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишни, эҳсон ва садақалар беришни буюради. Бу ҳақларни адо этиш эса Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ўзига У зот томонидан ато қилинган неъматларнинг шукрини адо этиш омили ҳамдир. Аммо бу ишларда исрофга бориш мутлақо ярамайди, чунки исрофгарчилик жамиятларда, хонадонларда тангчилик ва етишмовчиликларни келтириб чиқаради. Ислом таълимотига кўра, исрофгарчилик-ноҳақ ва ҳаром-хариш йўлларга мол-дунё сарфлашдир. Исрофнинг чегараси катта: маросимларни тежамсиз ўтказиш ҳам исроф, электр, газ, сув, ёнилғи каби турмуш қулайликларини ортиқча ишлатиш ҳам исроф, вақтни, умрни бефойда ўтказиш ҳам исроф, фойдасиз ишлар билан шуғулланиш ҳамда соғликнинг қадрига етмаслик ҳам исрофдир. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ”, деганлар. Аллоҳ таоло инсонларга беҳисоб неъматларни ато этиш баробарида бу неъматлардан тежам билан, исроф қилмай фойдаланишни ҳам буюрган. «Исроф» сўзи арабча бўлиб, унинг маъноси “ҳар бир ишда ҳаддан ошиш” маъносида келади. Исроф динимизда қаттиқ қораланган. Қуръони каримда исрофнинг нақадар ёмон хислат экани ҳақида ўнлаб ояти карималар бор. Аллоҳ таоло айтади. “Еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.(Аьроф-31) Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди. Кўпларимиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз. Машаққат ва чекловлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборамиз. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб оламиз, ҳатто «кимошди» савдосидан харид қиламиз. Сув, озиқ-овқат, кийим-бош, ёқилғи ва бошқа неъматларни исроф қилиш соҳасида-ку ҳар қандай миллатни ортда қолдирамиз.
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидай, «Исрофнинг энг кичиги таом еган идишингдаги ёғ юқини тозаламасликдир». Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни кераксиз қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан қувиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг“Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди” деган муборак ҳадислари бор. (Термизий ривояти) Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилади: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер» (Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар». Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этиб, ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидандир.

Пахтаобод тумани бош имом-хатиби А.Усмонов