Ҳаё

856

Ҳаё – инсонга Аллоҳдан берилган энг гўзал аҳлоқлардан бири бўлиб, инсоннинг юзида, гап-сўзларида, қилган ишларида, кийган либосларида ҳаёнинг кўриниб туриши, қалбидаги имонига далолат қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Имон етмиш неча бўлакдан иборат, ҳаё имондан бир бўлакдир” Муслим ривояти.

Барча соҳаларда бизларга ибрат бўлган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам жуда ҳаёли эдилар:

Чимилдиқдаги келинчакдан ҳам ҳаёли эди” Бухорий ривояти.

Аллоҳ таоло ҳаёни яхши кўради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аллоҳ таоло ҳаёли, гуноҳларни беркитувчи зот, ҳаё ва беркитишни яхши кўради” Абу Довуд ривояти.

Оиша онамиз дедилар: “Гўзал аҳлоқлар ўнта:

  1. ростгўйлик,
  2. омонатни адо қилиш,
  3. силаи-рахм,
  4. тўғри сўзлилик,
  5. яхшиликка жавоб қайтариш,
  6. яхшилик қилиш,
  7. қўшничилик,
  8. дўстлашиш,
  9. меҳмондўстлик,
  10. буларнинг барчасини боши ҳаёдир”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Аввалги пайғамбарлар сўзларидан инсонлар топган нарсаси: Агар уялмасанг, хоҳлаганингни қилавер” Бухорий ривояти.

Али (розияллоҳу анҳу) дедилар: “Ким ҳаё либосини кийса, инсонлар унинг айбини кўрмайди”.

Абу Мусо ал-Ашъарий (розияллоҳу анҳу) дедилар: “қоронғу уйда жанобатдан ғусл қилаётиб, роббимдан ҳаё қилган ҳолда энгашиб оламан”.

Баъзилар дедилар: “Ҳаё билан тўсилган юз, идишдаги гавҳар кабидир”. Яна айтиладики: “Қаноат- омонат белгиси, омонат – шукр белгиси, шукр – зиёдалик белгиси, зиёдалик – неъматни бардавом бўлиш белгиси, ҳаё – барча яхшиликлар белгисидир”.

Диний буйруқларнинг барчасида ўз қадамини қўйиб келаётган шайтон ҳаё борасида ҳам отамиз Одам ва онамиз Ҳавводан бери ўз ишини бажаришга ҳаракат қилиб келмоқда – у либосларни ечиб уятли ҳолга солишдир.

Эй, Одам авлоди! Шайтон ота-оналарингиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини ўзларига  кўрсатиб (уялтириб) жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Зеро, у ва унинг тўдаси сизлар уларни кўра олмайдиган тарафдан сизларни кўрадилар. Биз шайтонларни имон келтирмайдиганларга дўст қилиб қўйдик».Аъроф сураси – 27-оят.

Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур.Фотир сураси 6 – оят.

Аёлларимизни ҳаёли бўлишга сабаб бўладиган либосларни ечиши Расулимиз айтганларидек эркакларга энг катта фитнадир:

Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитна қолдирмадим”.

Баъзи уламоларимиз аёлларни либосли ҳолда ҳаёли бўлиб юришларини, чиройли қоғозга ўралиб турган ҳолвага ўхшатганлар. Ҳолва чиройли қоғозга ўралиб турганда кўзга чиройли кўриниб, инсонни ўзига тортади. Ҳолва қоғоздан очилиши билан унга пашшалар ўтириб, инсон нафратлана бошлайди. Аёл ҳам ўз либоси билан чиройли ва ҳаёли кўринса, либоси ечилиши билан назардан четлаша бошлайди. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаёни яхшилик манбаи эканлигини баён қилиб дедилар:

“Ҳаёни барчаси яхшилик” Муслим ривояти.

Бошқа ҳадисда: “Ҳаё фақат яхшилик келтиради” Муслим ривояти.

Яна бошқа ҳадисларида: “Қайси нарсада ҳаё бўлса уни зийнатлайди” дедилар. Термизий ривояти.

Демак, аёлларимиз қанчалик ҳаёли бўлсалар, шунчалик гўзал ва зийнатли кўринадилар.

Эй Роббим, барчаларимизни ҳаё билан зийнатлагин.

 

Манбалар асосида

Андижон шаҳар “Чинор” жоме

масжиди имом-хатиби

Авазбек Мўминов