Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни

1729

Муқаддас Ислом динида фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Бу тарбия эса кўпроқ онага юклатилади. Она ўз фарзандини гўзал, одобли қилиб тарбиялар экан, уларни минг машаққатлар билан “жаннат райхонлари”га айлантира оладилар. Бундай ишлар фақатгина ўзлари тарбия топган оналарнинг қўлидан келади.

Мавлоно Зулфиқор Соҳиб Нақшбандий: “Мен ожиз банда: “Бир одамни ўғил ва қиз фарзандлари бўлса, иккисидан бирини ўқитишга қурби етса, қизни ўқитиши керак бўлади”, дейман. Чунки ўғил боланинг ўқиши ўзига, аёл кишининг ўқиши хонадонгадир, яъни қиз бола ўқиса, хонадон ўқийди. Аёлларда умумий тарзда диний-дунёвий саводхонлик ортса, келгуси аёл тарбияли ва илмли бўлади”, деганлар.

Фарзанд тарбияси ҳали бола дунёга келмасданоқ бошланади. Фарзандларини иймонли, диёнатли, солиҳ қилиб тарбиялашни истаган ота энг аввало унинг учун инсофли, солиҳа, дину диёнатли, гўзал ахлоқли она танлаб олиши керак. Бу ҳаракат бола тарбиясига қўйилган илк қадамдир.

Шy ўринда бизларга тарихдан маълум бўлган, буюк саркарда Салоҳиддин Айюбийнинг отаси тўғрисидаги воқеани мухтасар шаклда баён қилсак, фарзанд тарбиясига озгина бўлсада  ҳиссасини қўшади деган умидимиз бор.

“Таклиф бўлган эди, аммо улар менга мос эмас!” деб жавоб бергувчи Тикрит амири Нажмиддин Айюб узоқ муддат уйланмай юради. Иниси Асадуддин бунинг сабабини сўраганда: “Аслида қўлимдан тутиб, жаннатга етаклайдиган солиҳа жуфт хоҳлайман. Ундан бир фарзанд кўрсам, у фарзандни яхшилаб тарбия қилсак ва натижада фарзанд улғайиб моҳир чавандоз бўлиб етишса ҳамда мусулмонларни Қуддус Шарифга қайтариб олиб борса, дейман!” деб жавоб берганди.

Яратган Тангрим Нажмиддиннинг бу ниятига етказди.

Кунларнинг бирида ўз даврининг етук шайхларидан бўлган уламонинг ҳузурида ўтирган эди. Бир қиз Шайх Ҳазратларининг ҳузурига бир масалада мурожаат қилиб келди. Шунда Шайҳ Ҳазратлари: “Сенга фалон шаҳзодадан совчилар борганди. Нега уларга рад жавобини бердинг”, деб сўради.

Қиз: “Тўғри, мен рад қилдим, мен аслида қўлимдан тутиб, жаннатга етаклайдиган солиҳ жуфт хоҳлайман. Ундан бир фарзанд кўрсам, у фарзадни яхшилаб тарбия қилсак ва натижада фарзанд улғайиб моҳир чавандоз бўлиб етишса ҳамда мусулмонларни Қуддус Шарифга қайтариб олиб борса, дейман!” деб жавоб беради.

Нажмиддин бу сўзларни эшитиб ҳайрон қолади. Ахир бу жавобни бир неча кун аввал акасига айтганди. Шу пайт Нажмиддин ўзи орзу қилган аёлни топганини ҳис қилди ва Шайх Ҳазратларига ўша қиз билан оила қуришини билдирди.

Ниҳоят, бир-бирларини жаннатга етаклайдиган холис ниятли йигит билан қиз турмуш қуришди. Улардан бир фарзанд дунёга келди. Чақалоққа “Салоҳиддин” деб исм қўйишди.

Салоҳиддин улғайди. Ота-онаси орзу қилгандек, буюк чавандоз, моҳир қиличбоз, жанг санъатини мукаммал эгаллаган буюк шахс бўлиб етишди. Буюк саркарда Салоҳиддин Айюбий мусулмонларни Қуддуси Шарифга етаклаб борди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ниятини Аллоҳ учун холис қилса, Ҳақ таоло уни ниятига ярашаси билан ризклантиради!” деб айтганларидек, Аллоҳ таоло томонидан Нажмиддин Айюб ва у кишининг рафиқаси ўзлари орзу қилган фарзанд билан ризқлантирилди. Шу кундан бошлаб тарих саҳифаларига Салоҳиддин Айюбий номига “Буюк фотиҳ” сифати қўшиб ёзила бошлади.

Мақоламизнинг номига эътибор берсак, “Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни” деб номланганини кўрамиз.

Буюк муфассир, муҳаддис, қўйинки, диний ва дунёвий илмларнинг соҳибларининг тарихига назар солсак, оналарнинг ўз фарзандларининг илм йўлларида бениҳоя жонбозлик кўрсатганларининг гувоҳи бўламиз. Улар тўғрисида алломаларимиз бир неча юзлаб китоблар тасниф қилишган.

Биз эса, Пaйғaмбapимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида оналар қандай бўлганлигини мухтасар холда баён қилишга ҳаракат қиламиз.

Собитнинг ривоят қилишича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Бир куни бошқа болалар билан ўйнаб турганимда Аллоҳнинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга келдилар ва мени бир юмушга жўнатдилар. Шу туфайли онамнинг олдиларига кеч қайтдим. Уйга келсам, онам: “Нега кеч қолиб кетдинг?” деб сўраб қолдилар. “Аллоҳнинг Расули бир юмуш топширган эдилар”, деб жавоб қилдим. Онам: “Нима юмушлари бор экан?”, деб сўрадилар. “Бу сир”, дедим. Шунда онам: “Аллоҳнинг Расулини сирларини ҳеч қачон ҳеч кимга айтма!” дедилар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳнинг ўша сирларини кимгадир айтмоқчи бўлганимда, сенга айтиб берган бўлардим, эй Собит”.

Воқеани англаган бўлсак, биринчи навбатда Жаноб Росулуллоҳнинг сирларини эҳтиёт қилишликка онанинг қай даражада амал қилишлари баён қилинган. Шу билан биргаликда “Аллоҳнинг Расулини сирларини ҳеч қачон ҳеч кимга айтма!”, деб фарзандларига омонат тўғрисида таълим берганларини кўрамиз.

Бошқа бир ривоятда эса: Абдуллоҳ ибн Бишр розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Онам бир бош узумни Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам элтиб беришимни буюрдилар. Мен эса уни йўлда еб қўйдим. Кейинроқ онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолиб, у зотдан: “Абдуллоҳ сизга бир бош узумни элтиб бердими?” деб сўраб қолдилар. У зот: “Йўқ”, деб жавоб бердилар. Кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон мени учратиб қолсалар: “Хиёнат, хиёнат!” дер эдилар”.

Ушбу ҳадиси шарифда  ҳам онанинг улкан вазифаси яққол кўзга ташланиб турибди.

Она бепарво бўлмадилар. Буюрилган вазифани фарзанди қай даражада адо қилгани онани қизиқтириб қолди ва вазифа тўлиқ адо бўлмаганига гувоҳ бўлди.

Пaйғaмбapимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм даргоҳларидан сув ичган она ушбу воқеадан кейин фарзандига етарлича сабоқ берган бўлса ажаб эмас.

Эҳтимол, Жаноб Росулуллоҳнинг даврлари саодатли бўлган. Барча саҳобалар ва саҳобия аёллар жанобимизни кўриб амал қилишган деб ўйлармиз. Уларнинг бундай тарбия топишлари вақт ва макон туфайли эмас, балки доимо Яратган Эгамнинг раҳматидан умидвор бўлган буюк инсонлар улар. Агар биз вақт ва маконга нисбат берсак, Абдулқодир Жийлонидек авлиёлар кейинги даврда яшамаган бўлар эдилар. Келинг ушбу Зот тугрисидаги бир ривоятни ўргансак.

Абдулқодир Жийлоний (қ.с) илм олиш ниятида сафарга отланган вақтларида, оналари бир неча тилла тангани у кишининг кийимларига тикиб қўйиб; “ўғлим харгиз ёлгон сузламанг”, деб насиҳат қилдилар. Йўлда қароқчилар талон-тарож қилдилар. Улардан бири: “Сенда мол борми?”, деб сўради. Абдулқодир Жийлоний роҳматуллоҳи алайҳ: “Ҳа бор”, деб тўғри жавоб берди.

Бўлган воқеа сардорга етказилди. Сардор болани ҳузурига чақириб: “Нимага ёлғон гапирмадинг? Сен на молингни, на жонингни ўйламоқдасан”, деди.

“Онам сафар олдидан “тўғри сўзла” деб таъкидлаган эди. Мен онамга тўғри сўзлашга ваъда бердим. Мен берган сўзимни ҳимоя киламан. Берган сўзимга вафо қилишда жоним ҳимояси парвойимга келмайди”, деб жавоб берди бола.

Қароқчиларга бу гап жуда таъсир қилди. Улар Аллоҳ таолога берган ваъдаларини эсладилар ва боланинг ҳолати билан ўзларини солиштириб, биз берган ваъдаларимизга нега содиқ турмас эканмиз деб, Аллох таолога тавба қилдилар ва тузалиш йўлига ўтдилар. Шундан сунг улар қўлидан ёмонлик ўрнига яхшилик кела бошлади. Вақти келиб бола Абдулкодир Жийлоний роҳматуллоҳи алайҳга айланди.

Албатта, фарзанд тарбияси кўпинча онага тушади. Шу сабабли бу ишда оналар жуда ҳам сабрли ва чидамли бўлишлари керак. Бу сабр ва чидамлар натижасида фарзанд ўз онасига муҳаббат билан ўсади. Натижада фарзанд онасига, нафақат онасига, балки отасига ҳам бўйсуна бошлайди.

Албатта, фарзанд тарбияси ҳар қандай онага қийин, лекин улар сабр ва матонатли бўлсалар, фарзандлари ўсган сари чеккан меҳнатлари бекорга кетмаганини англайдилар ва роҳатини кўрадилар, иншаоллоҳ.

 

Андижон туман

“Қорабош ота” жоме масжиди

имом-хатиби Раҳимов Ойбек