Ерни боқсанг, ер сени боқади

777

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Дарҳақиқат, бозорлар ва дастурхонларимиздаги тўкин-сочинлик далалардаги ҳосилнинг мўллигидандир. Барча ҳосиллар оятда таъкидланганидек, Парвардигоримизнинг изни ва марҳамати ила сероб бўлмоқда. Ўсимлик олами Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган улуғ неъматларидан бири бўлиб, бу олам бўлмаса ер юзида ҳаёт ҳам бўлмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу оламни инсонга восита бўлсин, унга ва унинг чорвасига ризқ бўлсин деб яратганини кўп марта эслатади.

Деҳқончилик ва зироат улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси ва осмондан туширадиган сув неъмати билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол қуйидаги оятлардир:

“Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур”.

Она диёримизнинг бепоён ҳудудларида, айниқса, қишлоқ минтақаларида яшовчи ҳар бир инсонга моддий фаровонликнинг асосларидан бири деҳқончилик ва зироат экани яхши маълум. Улар ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан ватанимиз бойлигига бойлик қўшиш ва халқимиз ҳаёти учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини кўплаб етказиш ва уларни қишки мавсумга захира этишда кўп куч ва ғайрат сарфламоқдалар.

Дарҳақиқат, халқимизнинг ризқу рўзи, насибаси, аввало, далаларимизда заҳматкаш деҳқонлар томонидан етиштирилган маҳсулотлар, озиқ-овқат ва нозу неъматлар билан ўлчанади.

Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида деҳқончилик ва кўчат ўтқазишга жуда кўп тарғиб ва ташвиқ этганлар. Масалан, бир ҳадисларида: “Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экиб қўйсин”, деб марҳамат қилганлар.

Бошқа бир ҳадисларида эса: “Қайси бир киши бирон бир дарахтни экса, Аллоҳ таоло экувчи томонидан экилган дарахт берган ҳосил эвазига унинг номаи аъмолига ажру савоблар ёзади”, – деганлар.

Яна деганларки: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.

Бу ҳадиси шарифлардан кўчат ёки экиндан фойда келиб турса, ўша инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам, унга қиёматгача савоб бориб туриши билдирилмоқда. Ҳаммамиз ўзимиз яшаб турган хонадонимиз томарқаларига кундалик эхтиёжимизга керак бўладиган турли хил маҳсулотларини экиб етиштирсак, бундан нафақат ўзимиз, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади.

Азизлар! Бу кунларда карантин сабаб кўпчилигимиз хонадонимизда, ўз оиламиз билан биргамиз. Ота-оналаримиз хизмати, фарзандлар тарбияси билан бир қаторда ҳовлимизда мавжуд экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда рўзғоримиз учун зарурий экинларни эксак ҳам эрта бир кун у ҳам ўз мевасини беради. Қолеверса, халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган нақл ҳам бежиз айтилмаган.

Отабек Хусанов

Олтинкўл туман

“Жалабек ота”

жоме масжиди имом-хатиби