“Эркабой девона” жоме масжиди

1690

 

“Эркабой девона” жоме масжиди Андижон вилояти Хўжаобод туманидаги Карнайчи маҳалласида жойлашган. Мазкур масжид юртимиздаги кўплаб масжидлар каби мустақиллигимиз инъомидир. Истиқлол эпкини эса бошлаган 1989 йилда асос солинган иншоот ҳашар йўли билан бунёд этилиб, ўз фаолиятини расман 1991 йилда бошлаган. Қурилиш ишларига маҳалладаги ҳар бир оила бажонидил ҳисса қўшган. Эътиборлиси шундаки, Карнайчида илгарилари ҳам масжидлар барпо этилган, бироқ мустабид ҳукумат турли баҳоналар билан халқдан биноларни тортиб олиб, ундан бошқа мақсадларда фойдаланган, халқнинг ибодатларни эмин-эркин адо этишига йўл қўймаган. Имону эътиқодга содиқ мусулмонлар эса жамоат намозларини бировларнинг хонадонларида ўқишга мажбур бўлганлар.

Жоме масжиди ҳозирги кунда нафақат карнайчиликлар балки қўшни маҳаллалардаги мўмин-мусулмонлар учун ҳам хизмат қилмоқда.

Масжид нега “Эркабой девона” номи билан аталади деган ҳақли савол туғилиши табиий, албатта. Шу ўринда Эркабой девона шахси ҳақида айрим маълумотларни келтириб ўтмоқликни жоиз деб билдик.

Карнайчи маҳалласи аҳли ўзларини Эркабой девонанинг авлодлари деб билади. Аслида ҳам шундай. Оилаларнинг шажара-сулола дафтарига назар ташлаган киши бунга иқрор бўлади. Ҳозирда 50 ёшдан ошган карнайчилик авлоднинг еттинчи отаси ҳисобланган мазкур шахс 1720–1790  йилларда шу қишлоқда яшаган. Деҳқон Ашраф  бўлган.

Илму-маърифатга, дину-тариқатга чинакам меҳр қўйган ул зот, ўсмирлик чоғиданоқ ўша давр эшон ва пирларининг этагини тутган ҳамда уларга муридлик қилган. Эркабой девона устози, Андижонлик  пиру-комил эшонзода Мулла Ашур девона эшон хизматига шай бўлган.

Карнайчидан жума намозини ўқиш учун 50 чақиримча йўл босиб, Андижонга пою-пиёда етиб борган. Айтишларича, қишлоқда ёпилган нон унинг қўйнида  Андижонгача худди ҳозир тандирдан узилгандек қўл куйдирар даражада иссиқ бўлган. Бошқача айтганда, ул зотнинг қалбидаги Аллоҳга бўлган ишқ ҳарорати шу каби ҳодисотларга сабаб бўлган. Эркабой девонанинг поклиги, адолатлилиги, маърифат ва тариқат йўлидаги хизматлари, тақводорлиги, беқиёс инсоний фазилатлари устозлари ҳамда жамоатнинг ҳурмати ва эҳтиромига, таҳсинига сазовор бўлган. Ул зоти барокотнинг муборак қабрлари Андижондаги “Тақали” (“Хонақоҳ”) қабристонида, жасадлари буюк устозлари эшонзода пирларнинг оёқ томонларига дафн этилганлиги ана шу юксак эътирофнинг ифодасидир.

Ўз боболари пандларига амал қилган маҳалла аҳли Мулла Ашур девона эшоннинг олтинчи авлоди Абдулҳалим Маҳдум эшонга қадар муридлик қилиб келишган. Уларнинг муридлик  кафолатини эса Абдулҳалим Маҳдум эшон олган. Ул зот муридларини шариат ва тариқат йўлидаги хатти-ҳаракатларини ўз назоратига олган, илм истаганларга илм берган.

Карнайчиликлар иймон-эътиқодда собитдирлар. Шу боис маҳалла аҳли масжидни кенгайтиришга, ҳар томонлама обод қилишга ўзларини масъул деб билади ва ҳеч ким бу савобли ишдан четга қолишни истамайди. Ўтган 2016 йилда карнайчиликлар томонидан масжид дарвозаси, арки ва мезанаси, таҳоратхона янгитдан бунёд этилганлиги, иситиш тизими таъмирдан чиқарилганлиги бунга яққол мисол бўла олади. Шароитлар яхшиланганлигидан бугун барча мамнун. Халқ  кўмагида бунёд этилган масжид халққа хизмат кўрсатмоқда.

[su_custom_gallery source=”media: 1513,1514,1515,1516″ limit=”4″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]

Хўжаобод туманидаги

“Эркабой девона” жоме масжиди

имом-хатиби Лутфиллохон Жаҳонгиров