Ер неъмати, улуғ неъмат

821

Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва шафоатчимиз, набиййимиз ва ҳар бир ишда биз мўминларга  намуна ва мураббий бўлган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва саломларимиз бўлсин!

Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратди, унга саноқсиз неъматларни, тугалмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлар билан уни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигини кафолатини берди.

وَآَتَاكُمْ مِنْ كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ الْإِنْسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ  
“Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир”. (“Иброҳим” сураси, 34-оят)

Шукрнинг яна бир ифодаси неъматларни тил билан гапиришдир.
وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ  
“Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (“Зуҳо”сураси11-оят)

       Оятга биноан Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўзлаш шаръан матлубдир. “Раббингиз неъматларини эсланг” оятидан “уни шукрини адо қилинг, уни таъсирини кўрсатинг”, дейилгани ҳолда, буюк бир одоб таълим берилмоқда. У ҳам бўлса неъмат ҳақида гапириш ва уни кўрсатиш, олийжаноблик, сахийлик, неъматдан унумли фойдаланиш каби гўзал аҳлоқлар билан хулқланишга қизиқтирилмоқда, аксинча, очкўзлик, неъматни исроф қилиш, разолатидан қочиш, яъни неъматни яшириш, ўзида тутиб туриш ва шикоят қилишдан қайтармоқда.

       Карамли зотлар эса Аллоҳ таоло уларга ўз фазлидан ато қилган нарсаларни сарфлайдилар, уларга бу нарсаларни етказган Зотга ҳамд айтадилар.

Аллоҳ таоло бизга ер неъматини берди ва бу неъматдан фойдаланиб ризқимизни топишлигимиз учун шароитлар қилиб берди. Бу шароитлар нималардан иборат: ернинг хосилдорлиги, иқлимнинг мўтадиллиги қўйингки бир уруғ ерга қадалиб ундан мева чиққунига қадар бўлган барча шароитларни Роббимиз бизларга берди.

Биз бандалардан талаб қилинган нарса эса, бу берилилган имконийятлардан фойдаланган ҳолда, ердан унумли фойдаланиш қолди холос. Агар у қадар имконийятлар бўлатуриб ер неъматидан фойдаланмасак, албатта биз энг ношукур бандалардан бўламиз.

         Аллоҳим бизларни неъматларинга ношукурлик қилувчи бандалариндан қилиб қўйма. Ва бизларни ўзинг мақтаган неъматга шукур қилувчи шокир бандаларингдан қил!

Иззатулло Турғунов

Шаҳрихон тумани бош имом хатиби