“Энг маърифатли имом” танловининг Андижон вилоят босқичи

1153

Барчаларимизга маълумки ҳар йили анъанавий тарзда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатиблар ўртасида “Йил имоми” кўрик танлови кўтаринки руҳда ўтказилиб келинар эди. Жорий йилдан эътиборан эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 10 сентябрдаги 01А/092-сонли буйруғига асосан “Йил имоми” кўрик танлови “Энг маърифатли имом” номига ўзгартирилди ва уни юқори савияда ўтказиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кўрсатмаси берилди
Ушбулардан келиб чиқиб шу кунгача Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллиги томонидан вилоятда фаолият кўрсатиб келаётган масжид имом-хатиблари ва имом-ноиблари ўртасида “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг шаҳар-туман босқичлари ўтказилган эди.
Бугун эса, мазкур кўрик танловнинг Андижон вилояти босқичи Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида жуда катта хурсандчилик ила ўтказилди.
Сабаби эса – бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, кучли илмий салоҳиятга эга, ташаббускор, илғор фикрли, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган ва кенг халқ оммасига ўз фикрини етказиш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, фаол имом-хатибларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Танловда вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида ғолибликни қўлга киритган 15 нафар масжид имом-хатиблари иштирок этдилар.
Танлов шартларига кўра иштирокчилар тўрт йўналиш бўйича баҳолаб боришлик, кўрик танловни кўтаринки руҳда, адолатли ташкил этишлик мақсадида қуйидаги таркибда ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчилар баҳолаб бордилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходими Исломиддин Зухриддинов – кузатувчи ҳакам, Вилоят бош имом-хатибининг ўринбосарлари Муҳаммадисҳоқ домла Мўминов – ҳакамлар ҳайъати раиси, Хайруллоҳ домла Сулаймонов – ҳакамлар ҳайъати аъзоси, “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус Ислом билим юрти мударрислари Рустамжон домла Маҳмудов – ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Сайдахмад домла Сайдаралиев – ҳакамлар ҳайъати аъзоси.
“Энг маърифатли имом” кўрик танлови даставвал Қуръони Карим тиловати ила бошланган бўлса, сўнгидан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходими Исломиддин Зухриддинов кириш сўзи билан очиб бериб, барча иштирокчиларга ўзининг самимий тилакларини изҳор қилди.
“Энг маърифатли имом” кўрик танловининг вилоят босқичида иштирок этган иштирокчиларининг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ҳамда якуний натижаларга кўра ғолиблар эълон қилинди.
Унга кўра,
1- ўринни Олтинкўл туманидаги “Далварзин” жоме масжиди имом-хатиби Искандар домлар Ортиқов;
2- ўринни Андижон шаҳридаги “Боботаваккул” жоме масжиди имом-хатиби Нодирбек домла Кенжаев;
3- ўринни Асака туманидаги “Муҳиддин Саҳҳоф” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадали домла Зохидов қўлга киритдилар.
Кўрик танлов доирасида турли ҳил йўналишлар бўйича ҳам тақдирлаш маросими ўтказилди. Унга кўра диний соҳа ривожи учун ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган, имом-хатиблик фаолиятида бошқаларга ўрнак кўрсатиб келаётган, масжидлар ободлиги, уларнинг фаровонлиги ва хавсизлиги йўлида хизмат қилиб келаётган, бошқача қилиб айтганда масжидда оддийгина қоровул бўлиб ишлаб келаётганлар ҳам муносиб тақдирландилар.
Жумладан, “Энг маърифатли имом” кўрик танлови доирасида
“Энг тарғиботчи имом” йўналиши бўйича Андижон тумани бош имом-хатиби Матғозиев Салимжон;
“Энг таъсирли ижодий иш” йўналиши бўйича Андижон шаҳридаги “Жиддаи Муборак” жоме масжиди имом-хатиби Мўминов Муҳаммадисҳоқ;
“Энг хушовоз муаззин” йўналиши бўйича Андижон шаҳридаги “Девонабой” жоме масжиди муаззини Темиров Муҳаммаджон;
“Энг ишбилармон мутавалли” йўналиши бўйича Андижон шаҳридаги “Пистамозор” жоме масжиди мутаваллиси Мамарасулов Исроилжон;
“Энг миришкор боғбон” йўналиши бўйича Булоқбоши туманидаги “Қирғизбой” жоме масжиди ходими Ғозиев Абдуназар;
“Энг намунали таҳоратхона” йўналиши бўйича Асака туманидаги “Имоми Зуфар” масжиди;
“Энг замонавий қоровулхона” йўналиши бўйича Хўжаобод туманидаги “Гулистон” масжиди;
“Энг бой кутубхона” йўналиши бўйича Олтинкўл туманидаги “Далварзин” жоме масжиди тақдирландилар.
Ғолибликни қўлга киритганлар эса Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигининг эсдалик совғаларини ва вакилликнинг махсус Диплом ва Фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

[su_custom_gallery source=”media: 4042,4043,4044,4046,4045,4048,4047,4049,4050,4051,4052,4053,4054,4055,4056,4057″ limit=”16″ link=”lightbox” width=”200″ height=”150″ title=”never”]
Шунингдек, “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг вилоят босқичида ғолибликни қўлган киритган Олтинкўл туманидаги “Далварзин” жоме масжиди имом-хатиби Искандар домлар Ортиқов танловнинг Республика босқичида иштирок этишлик ҳуқуқини қўлга киритди.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги
Ахборот таҳлили ва назорати
мутаҳассиси Нуруллоҳ Қодиров