Экстремистлар кимга хизмат қилади?

855

Диний экстремизм йигирманчи аср охири ва йигирма биринчи аср бошларидаги энг хатарли оғриқ нуқталардан бири бўлиб турмоқда. Бутун жаҳон афкор оммаси бунга қарши бор имкониятларни ишга солмоқдалар. Хусусан юртимизда ҳам муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида чора-тадбирлар йўлга қўйилмоқда. Бу чора-тадбирларда асосий эътибор ҳушёрликка ва ёшлар тарбиясига қаратилмоқда.

Маълумки, юртимиз аҳолисининг асосий қисми мусулмонларни ташкил қилади. Мусулмонлар қадимдан, Исломнинг аввалидан барча раҳнамоларга одоб билан қулоқ солган ва уларга эргашган. Шунинг учун ҳар қандай соҳада бўлган каби турли бузғунчи оқимларга қарши маърифат билан курашишда ҳам имом-хатиблар ҳаммадан кўра масъулиятлироқ бўлишлари лозим. Чунки халқни тўғри йўлга етаклашда асосий вазифа айнан имом-хатибларимиз зиммасига тушади.

Диний идора тизимида ишлайдиган ҳар бир ходим бутун халққа аввало ўзлари ибрат бўлишлар керак. Дастлаб ўзининг, кейин оиласининг тарбиясини барчага намуна қилмас экан, қандай қилиб бошқаларга насиҳат қилсин? Шундай экан, диний хизмат ходимлари барча жабҳада пешқадам бўлишлари керак.

Бу тўғрида Президентимиз Ш. Мирзиёев алоҳида тўхталиб ўтган:

“Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф. Шунинг учун соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилишни аввало кимдан сўраймиз? Сиз, азизлардан сўраймиз. Шу борада барчамиз кимдан ибрат оламиз? Сиз, азизлардан”. (“Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)

Бизга юкланган шарафли масъулият ва вазифалар нималардан иборат?

Аввало бутун инсоният бошига ташвиш олиб келаётган экстремистик оқимларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларига муносиб тарзда, аниқ шаръий далиллар асосида, омма халқ тушунадиган ва далиллардан етарли даражада қониқадиган даражада раддиялар бериб боришимиз лозим.

Бугунги кунда оммавий ахборотлар шунчалик кенг ёйилиш имкониятига эга бўлдики, бундай ҳолда ёшларни чалғитадиган уйдирма ва сафсаталарни шунчаки яшириш билан эмас, балки уларнинг асли сиртидан қараганда Қуръони карим оятларига ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига ўралган бўлсада, ичида асл манбаларни, соф Исломий таълимотларни яширгувчи фитналар борлигини халққа яққол кўрсатиб қўймасак бўлмайди.

Хусусан экстремизм ҳақида сўз борар экан, биз ўзимиз бу ибора ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлишимиз лозим.

«Экстремизм» сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, “кескин фикр ва чораларни ёқлаш, кескин чораларга тарафдорлик” маъносини англатади. Бу атаманинг сиёсат билан боғлиқ жиҳатлари шундаки, норасмий экстремистик ташкилот раҳбарлари сиёсий масалалар юзасидан “кескин, қатъий чоралар кўриш йўли билан”, яъни куч ишлатиш, зўрлик билан давлатнинг расмий ҳокимиятни конституцияга хилоф равишда ўзгартиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйганлигидадир.

Ҳар қандай экстремистик-террорчилик хуружининг мақсади давлат тўнтаришини амалга ошириш ва фуқаролар урушини келтириб чиқаришдан бошқа нарса эмас. Улар шу йўл билан кимларнингдир ноғораларига ўйнайди. Натижада террор ортида қанчалаб корчалонлар қурол савдоси билан шуғулланади. Энг ачинарли томони бутун инсониятнинг ҳаёти, қони уларнинг мўмай даромадлари олдида арзимас сариқ чақага ҳам арзимайди.

Бундан ҳам таассуфли томони ўша ээкстремистик оқим аъзолари ҳам кимга хизмат қилаётганини англамайди. Раҳнамолар Аллоҳ учун деса, соддалик билан лаққа тушади.

Демак энг аввало билишимиз ва бошқаларга, хусусан ёшларга билдиришимиз лозим бўлгани шуки, экстремизм аъзолари кимлар учун хизмат қилмоқда? Дингами, динсизгами?

Қамариддин Минҳожиддинов

Марҳамат тумани

“Ўқчи”

жоме масжиди имом-хатиби