Дуоси қабул бўладиганлар

1292

Ислом  динида инсоннинг фақат руҳига эмас, балки, жисмига ҳам эҳтиром берилган. Тирик жон борки таомга эҳтиёжи бор. Шу жумладан инсонни ҳам. Инсонни руҳияти иймон, амал, илм ва китобхонлик билан озиқланса уни жисми таом ва ҳалол ичимликлардан озиқланади.

Ҳар бир мўмин банда ҳаётгузаронлик қилиши учун Аллоҳ таоло яратган ҳалол нарсаларни яхшилаб ўрганиши, касбидаги, ишидаги муомалаларда, олди-бердиларда, қайси ҳолатлари ҳалолу қайсиниси ҳаром эканлигини ўрганиб олиши фарздир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Эй иймон келтирганлар! Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсаларнинг покларидан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсаларингиз(Бақара сураси 172-оят).

Аллоҳ мўмин бандаларига пок нарсаларни ризқ қилиб берганини ва улардан еб, лаззатланган бандалар ризқ берган Зотга – Аллоҳга шукр келтиришлари зарурлигини англатмоқда. Демак, нопок нарсалар ризқ эмас. Мўмин инсон Аллоҳнинг амрига биноан, доимо пок нарсани ейди. Бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир. Пок озуқа ила озуқаланган инсон соғ-саломат бўлади. У пок нарсалардан озуқа олгани учун беморликлардан холи бўлади. Пок таом ила озуқаланиш имкони улкан неъматдир. Шунинг учун пок таомни яратган Зотга, пок таомнигина истеъмол қилишга амр этган Зотга шукр қилиш мўмин инсоннинг бурчидир.

Ояти кариманинг охиридаги

«…агар Унгагина ибодат қиладиган бўлсаларингиз» жумласидан Аллоҳнинг амрига мувофиқ пок нарсалар ила таомланиш ва унинг шукрини қилиш ҳам ибодат эканини билиб оламиз.

Аллоҳ таоло: «Эй, одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир», дейди «Бақара» сураси  (168-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло фақат мўминларни эмас, балки барча одамларни ҳалол-пок нарсаларни ейишга даъват қиляпти. Аллоҳ таоло ер юзидаги ноз-неъматларни бандалари учун яратган, уларнинг ҳалол-покларидан ейишга умумий рухсат бермоқда. Ҳалол-пок неъматларни номма-ном санаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, улар кўп. Ҳаром, нопок нарсалар жуда ҳам оз, кези келганда уларни санаб ўтилади.
Ейдиган нарсанинг ҳалол бўлишига Ислом динида катта аҳамият берилади. Жумладан, ушбу оятда ҳам бу нарса алоҳида таъкидланмоқда.

Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: «Нажот уч нарсада; ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишдадир», деганлар.

Ояти каримада ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб шайтоннинг изидан эргашиш қўйилмоқда. Яъни, шайтоннинг йўлида юрганларгина ҳалол-пок емайдилар, деганидир бу.

Шайтон инсонларга ҳалол едирмаслик билан уларни Аллоҳнинг итоатидан чиқаради. Шайтоннинг етовига тушиб қолган нодон инсон эса ҳалол – ҳаромни фарқламай нақадар улкан гуноҳ қилаётганини ўзи билмайди, ҳатто ҳис этмайдиган даражага тушади. Унга ҳаромни емасликни насиҳат қилсангиз, «Нима бўпти есам?» дейди. Мана шу ҳоли унинг шайтон етовида эканига далилдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қили нади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келурки, унда киши молни нимадан олганига парво ҳам қилмайди: ҳалолданми, ҳаромданми», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шариф ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта мўъжизаларидан биридир. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан пайтда кўпчилик мусулмонлар молни ҳалол – ҳаромига қарамай олиш деган нарсани умуман хаёлларига ҳам келтира олмас эдилар.
Чунки, мусулмонман, деган одам фақат ҳалол нарсани олиши, ҳаромдан ҳазар қилиши уларнинг фикри-зикри, бутун вужудига сингиб кетган эди. Аммо асрлар ўтиб, кишилар Исломдан, иймондан узоқлаша бориб охир-оқибат ҳалол-ҳаромни фарқ қилмайдигон ҳолатга етди.
Кишилар ҳалолни қўйиб ҳаромга ўзини урадиган бўлишди. Молу дунё тўплаш йўлида ҳар қандай ҳаромдан, жирканчликдан, пасткашликдан тап тортмайдиган бўлишди. Ҳаттоки, ҳалол-пок бўлишга уринган кишини девоналикда, ақлсизликда айблайдиган даражага етдилар.
Шундоқ қилиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда айтган гаплари юзага чиқди.
Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқлашдир.

Имоми Шофиъий (раҳматуллоҳи аълайҳ) кунларнинг бирида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи аълайҳ)нинг уйларига меҳмонга, қоладиган бўлиб келадилар. Имоми Шофиъий бир ўзлари ёлғиз келганларига қарамай Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг қизлари уларга уч кишилик таом ва таҳажжуд намозга таҳорат қилиш учун сув тайёрлаб қўяди.

Эрталаб қизлари туриб қараса овқатни ҳаммаси ейилган, аммо сув ҳеч ҳам ишлатилмаган. Қиз ўзича ўйлайдики, отам бу келган меҳмонни жуда тақводор киши дегандиларку, аммо ўта очкўз дангаса эканку, бир ўзи ҳамма таомни еб, кечаси билан ухлаб таҳажжудга ҳам турмай, сувниям ишлатмабди.

Шу онда отаси билан меҳмон бомдод намозини адо қилиб масжиддан келиб қолибди. Қиз бўлган воқеани отасига айтиб турса уни эшитиб турган Имоми Шофиъий: “Мени кечирасизлар, тўғри, ҳақиқатан ҳам мен бу қадар ҳалол таомни ҳеч қачон емаган эдим. Бу таомдан бир луқма еб у ичимга тушиши билан қалбимга бир нур кирди. Қалбимда пайдо бўлган бу нурни янада кўпайтирай деб овқатни ҳаммасини еб қўйдим. Бу таомни еганимдан кейин менинг фикримга бир неча ечилмаган масалалар ижтиҳод бўлди. Ўйлаб қолдим таҳажжуд ўқисаммикин ёки масалаларни ижтиҳод қилсаммикан. Қарасам таҳажжуд ўзимни фойдамга экан, ижтиҳод оммани фойдасига экан. Таҳажжудга кетадиган вақтимниям қўйиб, кечаси билан ухламай бир неча масалани ечдим”, деган эканлар.

Ҳақиқатқан ҳам ҳалол луқманинг фойдаси инсонга ҳам қувват, ҳам қалб нуридир. 

Бир луқма егулик назаримизда арзимаган бўлиб кўринади. Шунинг учун ҳар қаерда ҳар қандай нарсани ейишдан таб тортавермаймиз. Аммо бир луқма ҳаром тановул қилган кишининг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмаслиги, нима учун ишларимиз юришмаётгани биласизми? Умуман қилаётган касбимиз, топаётган молу мулкимиз ҳалолданми?

Иббон ибн Абу Аффош розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени дуоси қабул бўладиганлардан қилиб қўйинг”, дедим. У зот: “Эй Анас, касбингни пок қилгин, дуоинг қабул бўлур. Чунки бир одам оғзига бир луқма ҳаромни солса, қирқ кунгача дуоси ижобат бўлмайди”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Насоий ривоятлари).

Демак, ушбу ҳадисга амал қилиб, касбимиз пок қилсак, бир луқма бўлса-да ҳаромни оғзимизга олмасак дуоси қабул бўлиб, икки дунё саодатига эришамиз.

Барчаларимизга Аллоҳ таоло буюрган ҳалолу-пок нарсаларни тановул қилишни насиб айласин.

Мухаммадкуддус Абдухалимов

Хўжаобод туман

“Етти чинор”

жоме масжиди имом-ноиби