Сахий Аллоҳга яқиндир

874

Сахий Аллоҳга яқиндир

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман” Президент Ш. Мирзиёев

Хайр ва саховат халқимиз одоб-ахлоқининг энг муҳим қирраларидан биридир. Шунинг учун қадим-қадимлардан бошлаб ота-боболаримиз ўз фарзандларини сахий қилиб тарбиялаш, уларда меҳр-оқибат тушунчаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиб келганлар. Халқимиз оғзаки ва ёзма адабиётининг энг қадимдан бугунги кунгача бўлган намуналарида ҳам инсониятнинг бу ахлоқий фазилати алоҳида тилга олинади ва улуғланади. Айниқса, буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бизга қолдирган улкан маънавий меросида хайр ва саховат  тушунчаси жуда кенг тарғиб этилади. Унинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги 5-мақолот хайру саховат васфига бағишланган. Мазкур бобнинг бошида шоир саховатпеша инсонларни улуғлаб ёзади:
Эй тушуб эгнингга карам кисвати,
Қолмайин илгингда дирам қиймати
Панжанг ўлуб сийм фишонлиққа фош,
Машриқу мағрибда нечукким қуёш.
Шоир юқоридаги мисраларда таъкидлашича, хайру саховатни ўзига фазл қилиб олганлар учун мол-дунёнинг қиймати йўқ, уларнинг қўллари сахийликда худди мағрибу машриқни нурлари билан мунаввар қилган қуёшдек бўлади. Албатта, хайр ва саховат ҳамиша инсонни улуғлайди, унга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам улкан мукофотларни ҳозирлаб қўяди. Халқимиз қадимдан эътиқод қиладиган ислом динида ҳам мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири деб талқин этилган жиҳат хайр ва саховатдир.
Муқаддас китобимиз “Қуръон Карим”нинг кўплаб оятлари ҳамда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламмнинг ўнлаб ҳадисларида ҳам мўмин-мусулмонлар хайру саховатли бўлишга тарғиб қилинади. Хайру саховатнинг инсон ахлоқида тутган ўрни, унинг жамиятга ва саховатли кишининг ўзига етадиган нафлари, бу улкан фазилат туфайли нафақат мусулмонлар, балки турли динга эътиқод қилувчи кишилар ҳам ўзаро тинч-тотув, аҳилликда ҳаёт кечиришлари қайта-қайта таъкидланади. Жумладан, Аллоҳ таоло мўминларни улуғлар экан шундай марҳамат қилади:
“…Улар (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) ғойибона имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара сураси, 3 оят). Кўриниб турибдики, Яратганнинг наздида садақа, яъни хайр ва саховат энг улуғ ибодатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу – саховатпешалик, яъни Аллоҳ ўзига ризқ қилиб берган нарсалардан бошқаларга ҳам эҳсон қилишлик мўмин-мусулмонлар одобининг энг юксак намунаси эканлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳам ҳар бир ишда хайр ва саховатли бўлишга интилиш бизнинг кундалик энг муҳим ишларимиздан бирига айланиши лозим.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, динимизда фақат мўмин-мусулмонларгагина эмас, балки умуман бунга муҳтож бўлган ҳар қандай мискинларга, етим-есирларга хайр ва саховат қилиш зарурлиги таъкидлаб ўтилади. Албатта, бу улуғ ишни дастлаб ўз яқинларидан бошлаш, ўзининг қавм-қариндошлари орасидаги муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга яхшилик ва эҳсонлар қилиш зарур бўлади.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир.Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, – дедилар.
Юқоридаги ҳадис мазмунидан кўриниб турибдики, сахийлик инсонни улуғлайди, уни ёмонликлардан асрайди, қалб поклигига, имон-эътиқод мустаҳкамлигига, элу юрт ободлиги, Ватан равнақи ва тинчлигига далолат қилади. Бас, шундай экан биз ҳамиша бу ахлоқий тушунчани ўзимизга чуқур сингдириб олишимиз, фарзандларимизни ҳам хайру саховатли инсонлар сифатида тарбиялашимиз лозим бўлади.
Қайси жамиятда бева-бечоралар, камбағал ва мискинлар, заиф кишилар ҳолидан хабар олинар, уларнинг моддий ва маънавий таъминоти бекаму-кўст қилинар экан, ўша жамиятнинг тинчлиги бардавом бўлади, иқтисоди ва бошқа соҳалари ривож топади.
Рамазон ойида бошқа ойлардагига нисбатан саховатга алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Сабаби бу ойда қилинган амалга жуда кўп мукофот берилади.
Президентимиз ҳам ўзбек халқининг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, бугунги пандемия даври синовли кунларда эзгу ишларга алоҳида эътибор қаратиб, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар.
Аллоҳ бугунги синовли кунларда саховатли инсонларни қилаётган хайру-эхсонларини қабул айласин!. Юртимизни тинч осмонимизни мусаффо айласин! Беморларимизга ўзи шифо берсин!

Шохимардон Орипов
Улуғнор тумани “Овулмат” жоме масжиди имоми