Бузғунчи оқимлар

112

Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Диёримиз мусулмонларининг асрий орзу умидлари рўёбга чикди. Лекин, афсус, бу неъматлардан фойдаланиб, шукр ўрнига ношукр қиладиганлар, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиганлар, бузғунчи ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб, залолатга кетган гумрохлар ҳам борлиги кишини ранжитади.
Диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учуй ёшларни тўғри йўлга солиш ва хушёрликка чорлаш, айниқса, биз уламолар, имом-хатибларнинг асосий бурчимиздир.
Хорижийлар, қадарийлар, муржиийлар, рофийлар, жахммийлар ва муътазила каби фирқа ва оқимлар Исломнинг илк асрларида юзаган келган бўлса, XX ва XXI асрларда хизбут тахрир, нурчилар, салафийлар, жиходчилар, такфирчилар ва хижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли жанжаллар, низолар чиқишига сабаб бўлмокда.
Хижрат масаласида. Хижрат икки хил бўлади.
Биринчиси: дин ва хаёт мухофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий хижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва хадислар ворид бўлган. Аллох таоло бундай дейди:
“Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллох йўлида хижрат қилган зотларни, албатта, бу дунёда хам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!” (Наҳл.41).
Шу мазмундаги оятлар Нисо (100-оят), Анфол (74-оят), Наҳл (110-оят) сураларида бор.
Иккинчидан: гунох-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги хижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Мухаммад (с.а.в.) бир катор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган хадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон хақиқий мусулмондир. Аллох таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон хақиқий мухожирдир”, дейдилар. Имом Байхақий Ибн Умардан (р.а.) ривоят қилинган хадисда: “Хижратнинг энг афзали-Раббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, дейдилар.
Бузғунчи кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик хукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилмокда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ жохил кимсаларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва хайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда хаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб килмокдалар. Вахоланки, она юртини ташлаб, узга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Фарходжон домла Қодиров
Шаҳрихон тумани «Назармаҳрам» жоме масжиди имом-хатиби