Баёнотга риоя қиламиз

763

Мусулмонлар учун муқаддас ой – Рамазон ойи эшик қоқмоқда. Муборак ойнинг бошланишига ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Ҳадемай бизлар интиқиб кутган кунлар ҳам етиб келади. Бу ойки, ойларнинг шоҳидир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалам бу ой ҳақида шундай деганлар:

“Қачонки Рамазон кирса осмонларнинг  (бир ривоятда жаннатнинг) эшиклари очилади, дўзахнинг эшиклари беркитилади, шайтонлар занжирбанд қилинадилар” – деганлар. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари)   

Лекин ҳамманинг кўнглида бир фикр – бу йилги Рамазон ойида хатми Қуръонлар ва таровеҳ намозлари қандай бўлади, деган савол айланар эди, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёноти барчасига ойдинлик киритди.

Унда айтилишча: “Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровиҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эълон қилинди”.

Шуниси ҳам эътиборлидирки, бу ҳақда қўшни Республиклар билан ҳам ҳамфикрлилик инобатга олинди:

“Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради:

  1. Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровиҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар.
  2. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайнтарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин.
  3. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саҳоватпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар.
  4. Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!…” 59-оятига ҳилоф эканини англашлари лозим.

Юқорида таъкидланганидек Аллоҳга, Унинг Расулига ва ўзимиздан бўлган бошиқларга итоат этишимиз бизларга вожиб бўлади. Ақлан олганда ҳам бутун дунё мамлакатларини ташвишга солган коронавирус пандемияси сабабли Республикамизда жорий қилинган карантин давридаги шароит шуни тақозо қилади.

Унутмаслигимиз керакки, уй шароитларида бўлса ҳам, диний идорамиз  томонидан режалаштирилган хатми Қуръонлар ўтказилади, Рамазон рўзалари тутилади, таровеҳ намозлари ҳам ўқилади. Умид қиламизки, шунча йиллардан буён кўпчилик жамоат билан бўлган ҳолатда таровеҳ намозларига маҳкам бел боғлаган халқимиз, уйларида, оила аъзолари билан қолган чоғида ҳам ибодатга дангасалик қилмагайлар.

Яна умид қиламизки, ўз уйимизда, оила бағрида ифторлик пайтларида қиладиган дуоларимиз ижобат бўлажак.

Рўйхатдан ўтган қориларимиз билан масофадан туриб узлуксиз алоқада бўламиз. Уларнинг ўтаётган хатмларини онлайн тарзда халқимизга етказиб борамиз.

Халқимиз баёнотни тўғри қабул қилади деб ишонамиз ва ҳаммани карантин қоидаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда барча ибодатларни уйда адо қилишга чақирамиз. Нафақат ўз жонимизни, балки атрофимиздаги инсонларнинг саломатликлари ҳам бизга боғлиқ эканини унутмайлик.

Тез кунларда бу синовлар ўтиб, ҳаммаси ортда қолишини сўраб Аллоҳ таолога дуолар қиламиз. Унгача барча интизомларга риоя қилиб

УЙДА ҚОЛИНГ!

ШАРОФУДДИНОВ Мухторжон

Марҳамат тумани бош имом-хатиби