Андижонда “Ҳадиси шариф билимдони” танлови ўтказилади

872

“Ҳадиси шариф билимдони” республика танловини ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 19.04.2018 йилдаги 01А/053-сонли буйруғи ҳамда “Ҳадиси шариф билимдони” республика танловини НИЗОМИ асосида Андижон вилоятида жорий йилнинг 1-5 май кунлари давомида “Ҳадиси шариф билимдони” танловининг биринчи яъни вилоят босқичи ўтказилиши белгиланди.

Унда диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган камида 40 та ҳадисни (арабча матни билан) ёддан билган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этишлари мумкин. Ушбу танловнинг биринчи босқичини юқори савияда ўтказишлик бўйича ЎМИнинг Андижон вилоят вакиллигида барча чора-тадбирлар кўрилди. Унга кўра танловнинг саралаш босқичи иштирокчиларини баҳолаш учун вакиллик идорасида “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус Ислом билим юртининг малакали педагог-ўқитувчилари ҳамда тажрибали имом-хатиблардан иборат алоҳида ҳакамлар ҳайъати тузилди.

Ушбу танловнинг биринчи босқичида иштирок этиш истагини билдирган фуқароларни, таълим муассасалари талабаларини ва ёш имом-хатибларни рўйхатга олиш ишлари ЎМИнинг Андижон вилоят вакиллигида жорий йилнинг 25-апрель кунигача ўтказилади.

“Ҳадиси шариф билимдони” танловнинг ўтказишдан асосий мақсад, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб берадиган, инсонларни эзгулик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик йўлида бирлашишга даъват этадиган ғояларни ўзида мужассам этган ҳадисларни ёшларнинг барча қатламларида кенг тарғиб қилишдан иборат.

“Ҳадиси шариф билимдони” танловнинг асосий вазифалари диний таълим муассасалари талабалари, ёш имом-хатиблар ҳамда ҳадис илмига қизиқиши бўлган ёшларнинг ҳадис илми бўйича билимларини ривожлантириш, Имом Бухорий, Имом Термизий каби муҳаддислар етишиб чиқиши учун замин яратиш;

– ёшларни турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, ислом динининг асл моҳиятини англаган ҳолда ёшларда ҳадис илмига бўлган қизиқишини ошириш, юртимизда ҳадис билимдонларини етиштириб чиқариш;

– юртимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий ва бошқа муҳаддис алломалар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, уни халқимиз ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишдан иборатдир.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

ходими Нурилло Қодиров