Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳалол нарса (ёҳуд ғазабни тиймоқ улуғ фазилат)

1324

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи Қуръони каримда мархамат қиладики: “Аллоҳ таоло сизларга ўз жинсингиздан, яъни одамзод наслидан бирга турмуш қуришларингиз учун аёллар ато қилди. Улардан сизларга фарзанду набиралар бунёд айлади ҳамда покиза неъматларидан ризқ берди” (Нахл сураси 72-оят)

Аллох таоло ўз ҳикматига биноан ер юзида ҳаётни инсоният қўли билан, гўзал шаклда давом этиб бориши учун одамзодни жуфти ҳалоллик билан эру- хотин бўлиб яшамоқларини ва шу усул билан зурриёт қолдириб, дунёни обод этиб боришликларини ирода қилди. Ҳар бир хонадонда эр-хотин ҳақлари, бурчлари ва муносабатлари, рўзғор ташвишлари, фарзанд тарбияси ва бошқа амалларни билишлик оила илмининг муҳим жиҳатларидандир. Шунингдек, эр-хотин эҳтиёт бўлишлари зарур бўлган шаръий масалалар ҳам борки, барчаларимиз ҳам уларни ўрганиб, улардан ёшларимизни огоҳ этиб турмоғимиз зарур бўлади.

Мана шулардан бири албатта бу тинч оилаларни, турмушларини барбод қиладиган, ёш гўдакларни ва фарзандларни ота-она қаровисиз ўсишларига сабаб бўладиган, умуман олганда ҳар бир мўмин ва мусулмон ўзини эҳтиёт қилишлиги зарур бўлган, Аллоҳ ёқтирмайдиган ҳалол нарса бу талоқ сўзидир. Ислом дини шундай бир пок диндурки, динимизда вояга етган ўғил қизларни ўз вақтида турмуш қуришларига тарғиб этади. Шариатимиз уйланиш ёки маҳр беришликка қодир бўлмаса рўза тутишликка буюради, акс ҳолда оғир, катта гунохлар келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳадисларда илм олиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир дейилган. Турмуш қуриш арафасида турган ёшлар никоҳ шартлари, фарзанд тарбияси, эр-хотин ҳақлари ва талоқ масалаларидан хабардор бўлишлари ҳам илм талаб қилишга киради. Аллоҳ ўзининг каломида: “Сизларнинг орангиздаги тул эркак ва аёлларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз. Агар улар камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ фазли карами кенг ва доно зотдир” – деб мархамат қилган (Нур сураси 32-оят).

Ислом дини таълимотида уйланиш, оила қуришга тарғиботлар жуда кўп. Одамзоднинг якка ёлғизликда эмас, оила шаклида ҳаёт кечириб бормоғини, бунга инсон табиати мос эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримда тавхид аломатларидан бири деб санайди: “Аллоҳ таолонинг ягоналиги аломатларидан бири шулким, сизларга ўз жинсингиздан, яъни инсон жинсидан хотинлар яратиб қўйди, токи сизлар улар билан хотиржам биргаликда яшангизлар. Ўрталарингизда меҳру мухаббат ҳам пайдо қилди. Албатта, бунда тўғри фикр қилувчилар учун аломат ва далиллар бордир”. (Рум сураси 21-оят)

Эру хотин ўрталаридаги муомала ва оила ишига эҳтимом кўрсатиш нақадар савобли эканлиги тўғрисида ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида кўп таъкидлаганлар, масалан: “Мўминларнинг ичида имони комилроғи-ахлоқ ва одоби чиройли бўлганидир. Сизларнинг ичингизда аҳлу аёлига яхши муомалада бўлганларингиз – энг афзалларингиздир”.

Бир бирини иззат-ҳурмат қилиш билан турмушлари нақадар ширин ва файзли ўтишини ҳар икки томон идрок қилмоқлари лозим. Чунки муомала қоидаларига риоя қилмаслик оқибати кўнгилсизликка олиб келади. Бугунги кунда нафақат ёшлар балки ҳар биримиз учун зарур бўлган мавзу инсонларнинг бахт-саодатини кушандаси бўлувчи ва оилалар пойдеворига дарз солувчи бир иллат яъни талоқ лафзини ўйламай – нетмай тилга олиш ёмонлиги хақида доимий такрор-такрор бир бирларимизга хусусан ёшларимизга бунинг салбий оқибатларини эслатиб турмоғимиз лозим. Талоқ – луғатда бўшатиш, қўйиш, моддий ва маънавий тугунни ечиш маъносини англатади. Шаръий истилоҳда эса эр- хотин ўртасидаги никоҳ ақдини бузиш маъносини англатади.

Тилга эрк бериб айтилган талоқ лафзидан Рахмоннинг ғазаби келади ва яна шайтон хурсанд бўлади. Пайғамбаримиз Мухаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳалол нарсалар ичида Аллоҳ таолога энг нафратлиси Аллоҳни ғазабини келтирадиган нарса талоқдир”- деб мархамат қилганлар. Талоқ сўзи айтилган вақтда Аллоҳ таолонинг Арши ларзага келиши ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса жидийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий : никох, талоқ ва рожъий талоқдан қайтиш қилиш”-дедилар.

Демак ушбу ҳадиси шариф мазмунига кўра талоқ масаласида ҳар бир инсон ҳазил қилишликлари ярашмайди. Айниқса ёш йигитлар шуни билишлари зарурки ҳазиллашиб айтилган талоқ лафзлари ҳам шариаътимизда эътиборга олинади. Юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики сизу бизларни яратган, меҳрибон Аллоҳ таоло ва ҳамда оламларга рахмат бўлиб юборилган зот пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам талоқ лафзининг тилга эрк бериб ишлатилишини, оилаларнинг бузилиб-бўлиниб, гўдак болалар етим бўлиб қолишларини хоҳламаганлар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ ҳар қандай ҳолатда никоҳни сақлаб қолишга, оилаларни бузмасликка буюриб: “Агар уларни ёмон кўрсаларинг, билиб қўйинглар, балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ сизлар учун кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” –деб мархамат қилган (Нисо сураси   19-оят) Демак эркак киши аёл кишига нисбатан оғир босиқ, сабрли, мулоҳазали, бағрикенг, жаҳли чиққанида ўзини тута оладиган қилиб яратилгани ҳаммамизга маълум.

Ҳақиқатни тан олишимиз керакки ҳозирги вақтларда кўп ёш оилаларни бузилиб кетишига баъзи бир ота-оналар ҳам сабабчи бўлишмоқда. Чунки улар ўсиб келаётган ёшларни биринчи даражали зарур, маънавий ўгитлар, таълим тарбиялар бермаганлиги ва ўзлари гўзал бир намуна бўлмаганликлари сабабидан ёшларимиз иккинчи даражали бўлган молу-дунёга мухаббат қўйишиб, ота-оналарини молу давлатларига ишонишиб мана шу ҳаёти дунёда эр-хотин ҳақларини билишмасдан охир оқибат уруш жанжал ёки оилалар бузилиши ёки норасида гўдакларни отасиз, тарбиясиз қолишлари билан ниҳоясига етмоқда. Энг ачинарлиси, ҳозирги вақтда баъзи бир ота- оналар тенги чиқса тезроқ бериш керак бўлмаса ўтириб қолади деган баҳоналар билан ҳали ҳаётга тайёр бўлмаган эр ким, уни ҳақлари нималардан иборат эканлигини билмаган 15-16 ёшли қизларини эрта турмушга беришиб охир оқибат афсус надоматда қолаётганликлари ҳеч кимга сир эмас. Оила деган муқаддас бир қўрғон бузилиб, ўртада айбсиз болалар сарсон саргардон бўлишларини ким хохлайди?! Албатта буни ҳеч ким хохламайди, афсуски фарзандларини бахти камолини ўйламаган, ёшларни яъни келин-куёвларни ширин ҳаётини кўра олмаган, ёшларни бахту саодатини ўткинчи дунё зебу зийнатларига баҳолаган баъзи бир ота-оналар ёшларни бахтсиз бўлиб қолишига сабаб бўлмоқдалар. Ахир оила бузилиб кетса сарсон бўлган болаларнинг уволи ота-онани ва бекордан бекорга оилани бузган қуда-андаларни тутмайдими?!

Ҳар бир мўмина, муслима опа-сингилларимиз ҳам билиб олсалар дуруст бўладики, ҳаёт синовларига, қийинчиликларига бардош қилиб сабр тоқатда бўлмаган баъзи бир аёллар диёнатли, оиласини ўйлайдиган, сабр тоқатли эридан талоқ қилишини яъни жавобини беришни сўрайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир аёл узрли, сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг хиди ҳам харом бўлади”-дедилар.

Яна зарур бир масала шуки, ҳозирги вақтда баъзи бир кимсалар ўзларича ҳамрни яъни ароқни ичадилар ва ўзларича шерга айланадилар ва аёлларига турли хил талоқ сўзларини бемалол айтадилар ва кетидан эса қилғилиқни қилиб қўйиб уч талоққа йўл борми? Деб, йўл ахтарадилар. Дархақиқат ғазаб келганда ақл кетади, бу нарсани ичиш билан ҳам маълум миқдор ақли заъиф бўлиб қолади. Аммо шу ҳолатда осмон билан ерни ёки ўз аёли билан бошқа аёлни ажратиб турибдими демак, аёлига талоқ сўзини айтишлик билан ўз ўзидан айтилган талоқ тушади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни шайтоний васвасалардан асраб, оилаларимиз билан тинчликда, тотувликда, фаровонликда ҳаёт кечиришларимизни насиб этсин. Ҳар бир эркак аёли ва оиласига меҳрибон, мухаббатли ва ҳамда ҳар бир аёл эрига вафодор ёр, фарзандларига меҳрибон она бўлишликларини насиб этсин. Омин.

Андижон шаҳар бош имом-хатиби

Сидиқбоев Валижон