АДАШГАН САЛАФИЙЛАР

488

Бугунги кунда бизларнинг эртамиз бўлмиш ёшларнинг тарбияси, уларнинг соғлом эътиқоди ва дунёқараши ҳақида қайғуришлик ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг масъулиятли вазифаларимиздан бири бўлиб турибди.  Уларни турли бузғунчи ғоя ва оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун далил ва ҳужжатлар билан маърифий тарбия асносида огоҳлантириб туришимиз керак. Чунки биз улар учун келажак авлод олдида ҳам, Яратган Парвардигор олдида ҳам жавобгармиз.

Кейинги йилларда диёримизда пайдо бўлган турли оқимларга мансуб кишилар ўзларича ҳар турли юртлардаги йўлларга интилдилар, аммо инсоф юзасидан ота-боболаримиз эътиқод қилиб келган ҳидоят йўли ҳақида ўйлаб ҳам кўрмадилар.

Улар менинг юртимда Ислом қадимдан келаётган эди. 15 асрдан бери менинг ўтган ота-боболарим нимани ўрганишган эди, нимани қилишган эди? Уларнинг мазҳаби қанақа эди? Хўп, аҳли сунна вал жамоа деяпти, у нима экан ўзи? Ҳанафий мазҳаби деяпти, уни ҳам бир ўрганиб қўяйчи, дегани йўқ улар. Ўз-ўзидан маърифатга интилмасдан ўзларини жаҳолатга уришди.

                Дарҳақиқат, далил ва ҳужжатлар асосида яхшилаб тафаккур қилган инсон ўтмишдаги аждодларимиздан бери давом этиб келаётган аҳли сунна вал жамоа йўли, хусусан ҳанфий мазҳабининг ҳар бир аҳкомлари Қурони карим ва ҳадиси шарифлар билан, ўтган салафи солиҳинларнинг йўллари билан пайваста эканлигига шубҳа қилмайди. Фақатгина бошқа бир оқим вакили ўзича ҳадис ёки Қуръондан далил келтирса шошқалоқлик қилиб ота-боболаримиз залолатда бўлган экан деб хом ўйлаганлар хато қилдилар. Чунки ота-боболаримиз ҳам ўша оқимдагилар келтирган далилни яхши билишган, шу билан бирга улар билмаган бошқа далилларни ҳам синчиклаб ўрганишиб, бизларга тайёр дастурул амални қолдириб кетганлар. Ким шу йўлдан оғишма юрса, иншоаллоҳ ҳидоятда бўлгай.

                “Хизбут-таҳрир”, “Акромий”, “Ваҳҳобий” каби оқимлар ҳақида уламоларимиз кўплаб маълумотлар бериб бормоқдалар. Ана шундай оқимларнинг яна бири “Салафий” оқими ҳақида ҳам ёшларимизни огоҳлантириб қўймоқчимиз.

“Салаф” сўзи арабчада “аввалгилар, олдин ўтганлар” маъноларини билдиради. Араб тилининг изоҳли луғатларида “салафий” сўзи Қуръон ва  Суннатга асл манбалар сифатида таянувчилирни билдиради. Кўпчилик уламоларимиз таърифларига кўра пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейинги уч авлод  “салафи солиҳинлар” (яъни яхшиликда ўтганлар) дейилади. Мусулмон оммаси уларни доимо ҳурмат ва эҳтиром қилганлар.

Аммо кейинги даврларда ўзларини “салафий” номи билан атаб чиққан кимсалар эса мутлақо бошқа гуруҳлар эрур. Улар Қуръон ва суннатда қандай келса тўғридан-тўғри амал қилишни даъво қиладилар. Уламолар уларни “мазҳабсизлар” деб атаганлар. Суриялик машҳур олим шайх Рамазон Бутий  “Мазҳабсизлик дўзах устига кўприк қўйиб ўтиш билан баробар” деганлар. Чунки Қуръон ва суннатда қандай келса тўғридан-тўғри амал қилишлик кўплаб хатолик ва ихтилофларни келтириб чиқаради. Хуусан ваҳҳобийлик оқимининг асосчиси Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳам ўша оқим вакили ҳисобланади. Шунингдек “Ихвонул-муслимин”, “Ал-Қоида” каби диний экстремистик ташкилотлар ҳам, салафийлик оқимининг ғоялар асосида шаклланган. Шахсан Усома бин Ладен ҳам шу бузуқ ғоя таъсирида кўплаб инсонларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўган.

Салафийларга хос бўлган ғояларнинг бири пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ва бошқа буюк зотларнинг қабрларини зиёрат қилишликни ширк деб эътиқод қиладилар. Ваҳолонки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким мени вафотимда зиёрат қилса ҳаётимда зиёрат қилган билан тенг” деганлар. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса:  

“Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у ўлимни эслатади” деганлар. (Муслим ривояти)

Аллоҳим ҳаммаларимизни ҳидоятда барқарор қилсин. Ихтилоф ва залолатдан ҳамиша сақласин. Вассалому алайкум.

 

Сирожиддин домла ҲАКИМОВ

Олтинкўл туманидаги Ҳазрат Умар жомеъ масжиди имом хатиби