Қабрларни зиёрат қилиш ҳақида

2067

Вафоси йўқ дунё деб умринг зое этмагил,

Ота-онанг ётган жой бориб кўргин қабристон.

Пайғамбаримиз с.а.в. қабрлар зиёрати ҳақида бундай деганлар: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Ана энди, (рухсат бўлди) қабрларни зиёрат қилингиз! Зеро, у сизларга охиратни эслатади”.

Дарҳақиқат, қабристон тирикларни ҳушёр торттирадиган, оқил инсонни босиб ўтган ҳаёт йўлига фикран назар ташлашга, билиб-билмай йўл қўйган хатоларига тавба қилишга ундайдиган ва ҳидоят йўлига чорлайдиган маскандир.

Пайғамбаримиз.с.а.в айтдилар: “Кимики жума куни ёки ҳайит куни ота-онасини қабрини зиёрат қилса ота-онасининг ва зиёрат қилгувчининг Аллоҳ таоло гуноҳларини мағфират қилгай”. Ва яна айтибдурларки, “Кимики ота-онасининг қабристонига бориб “Ёсин” сурасини ўқиса, ҳар бир ҳарфларики бор  ададича савобни ота-онасининг номаи-аъмолига битиб шунча гуноҳини афу қилур”.

“Кимики Оятал-курсини ўқиб савобини мўминларнинг рухига бағишласа, Аллоҳ таоло ҳар мўминнинг қабрини машриқдан мағрибгача кенг қилгай, ўқигувчига олтмиш пайғамбарнинг савобини берур, ҳар бир харфидан бир фаришта яратур, ул фаришта қиёматгача тасбеҳ айтиб, ул кишининг гуноҳини тилар”. Қабрни зиёрат қилишнинг бир неча одоблари бор: 1.Аввало, ниятни тўғри қилмоқ. Яъни зиёратдан мақсад фақат Аллоҳ таолонинг ризоси, дунёнинг ўткинчи эканлигидан ибрат олиш бўлиши лозим. 2.Қабристонда ғоят сокин ва оғир вазмин юриш лозим. 3.Қабрга қўл суртиш  ёки  қабрни  ўпиш  ва  тавоф  қилишдан  сақланиш  керак. 4.У ерда “Ёсин” сурасини ёки ўзи ёд билган сураларни, оятларни тиловат қилинганидан сўнг, ҳосил бўлган савобни қабрдаги кишининг рухига бағишланур.  Бир киши қабристонга зиёратга  келганда, у ерда дафн бўлганларининг рухларига 11 марта “Ихлос” сурасини ўқиса, Аллоҳ таоло у бандага ўша қабристонда ётганларнинг саноғича савоб беради. Зеро, бир муборак хадисда бундай дейилган: “Кимки бир қабристонга келиб ўн бир марта “Қул ҳуваллоҳу ахад…” сурасини ўқиса ва савобини ўлганларни (ўша қабристондагиларнинг) рухларига бағишласа, у одамга шу қабристонда қанча киши дафн қилинган бўлса, ўшанча саноқда савоб, ажр берилади”. 5.Қабристонга борганда барча қабр аҳлига салом берилади. 6.Қабрни босмаслик керак. Чунки қабрни босиш, оёқ ости қилиш ўлганнинг қорнини босиш кабидир. Хадис шарифда: “Оловни босишим бир қабрни босиб, оёқ ости қилишимдан кўра яхшироқдир”– дейилган. Қабристон ичидан ўтиш зарур бўлиб, бундан бошқа йўл бўлмаса, унда тасбеҳ, тахлил, дуо ва истиғфор айтиб ўтиб кетиш лозим.   Хадис шарифда келибдурки “Ҳар ўтки тупроқда кўкариб чиқса, ул гиёҳ қуригунча тасбеҳ айтгай, унинг савоби ўликка етгай” деганлар. Айрим қабристонларда чорва молларининг боқилиши, қабрларнинг оёқ ости қилиниши кузатилмоқда. Бу ўта лоқайдлик ва бепарволик эмасми?! .   Ўтмишда яшаб ўтган донишмандлар: “Ҳар қандай халқнинг олийжаноблигини  одамларининг саломлашиш одобидан, касб-ҳунарларидан ва қабристонларни қандай аҳволда тутишларидан билиш мумкин”-деганлар.

Ўлим ҳақ бўлганидек, тириклик-умр ҳам ғаниматдир. Бу ғанимат фурсатни ҳар ҳил ножўя  ишлар  билан қўлдан бой бермай, яхшилик қилиб қолишга, дунё ва охиратига фойдалик бўлган эзгу амалларни кўпайтиришга уринса, инсон ютади. Зеро, Саъдий Шерозий таъбири билан айтганда:  “Ҳар киши кетар экан, экканин  олар, Ундан яхши ёки ёмон ном қолар”. Бир маротаба бериладиган умримизда Аллоҳ таоло яхши ном қолдиришимизни насиб қилгин.

Миркомил домла Ботиров,

Булоқбоши тумани бош имом-хатиби