Ўтган асрнинг ғала-ғовур даврларида иймон-эътиқодига содиқ бўлиб, дину эл хизматида фидокорлик кўрсатган улуғ олимларимиздан бири халқ орасида Ҳабибуллоҳ ҳожи дада номи билан машҳур бўлган Ҳабибуллоҳ қори ибн Исо Муҳаммаддир. У зот улуғ дин ходими ва ҳимоячиси, Ҳофизи Қуръон, шариат-тариқат илмларининг олими ва омили, валоят ва каромат соҳиби, мухлисларнинг пешвоси, гўзал ахлоқ соҳибларининг муқтадоси, пайғамбарлар меросхўри ва салафи солиҳларнинг давомчиси бўлганлар. У зот истибдод ҳукм сурган даврда динимизни кейинги авлодга соф ҳолда етказишда хизмат қилган олтин халқалардан бири эдилар.
Насаб ва таваллуди
Ҳабибуллоҳ қори домланинг оталари Муҳаммад Холиқ ўғли Исо Муҳаммад асли тошкентлик бўлиб, айрим сабабларга кўра Андижонга келиб қолади ва у ердан уй-жой қилади. Кейин Андижоннинг етук олимларидан бири Муҳаммад Қосим домланинг қизига уйланади.
Муҳаммад Қосим домланинг беш ўғли ва бир қизи бор бўлиб, ўғилларининг барчаси аҳли илм ва аҳли Қуръон бўлганлар. Қизлари ҳам илмли, зуҳду тақволи, иффатли, зийрак ва ўта покиза аёл бўлиб, унинг исми Биби Розия эди. Ундаги бу фазилатлар то ҳаётининг охиригача ривожланиб боради.
Исо Муҳаммад ҳам олим, мухлис, Аллоҳни кўп зикр қилувчи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у Зотнинг сийратларига ошиқ инсон эди. Диёримизда «Мавлид китоби» номи билан машҳур бўлган Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг «Иқд ал-жавҳар фи мавлид Ан-Набийй ал-азҳар» номли сийрат асарини ҳар куни ўқир эди. Шунингдек, Юсуф Ҳамадонийнинг «Ал-аврод ал-фатҳийя» номли кундалик зикрлар тўпламини ва «Далоил ал-хойрот» номли саловат ва зикрлар китобини ҳам ҳар тонгда мутолаа қилар, яна қўшимча дуолар қилиб, йиғидан соқоллари ҳўл бўлиб кетарди.
Исо Муҳаммад оиласи билан Андижон шаҳрининг Бештегирмон маҳалласидаги хонадонларнинг бирида (ҳозирги Байналминал кўчаси 55‑хонадонда) умргузаронлик қилар ва муқовачилик билан шуғулланиб, рўзғор тебратар эди.
Аллоҳ таоло бу муборак оилага 1908 (1326) йили фазилатли бир ўғил ато қилади. Боланинг исмини яхши ният билан Ҳабибуллоҳ қўядилар. Улар Ҳабибуллоҳдан кейин яна икки ўғил ҳам кўрадилар, аммо уларнинг бири кўча бўйидаги анҳорда чўкиб, яна бири эса томоғига нарса тиқилиб, гўдаклик чоғларидаёқ вафот этадилар.
Дину эл хизматида
Ҳабибуллоҳ қори дада ўз касбининг устаси эдилар. Бозорда бир дўкон очиб, у ерда муқовачилик қилар, баҳонада ўзлари ҳам турли китоблар билан танишардилар. У киши бир нечта колхозларда иш қоғозларини муқовалаш бўлимида ҳам ишлайдилар. Ниҳоят, 1952 йили Андижон шаҳридаги «Девонабой» марказий Жомеъ масжидининг ўша вақтдаги имом-хатиби Нуъмон ҳожи домла ва шаҳардаги бошқа олимларнинг таклифлари билан шу масжиднинг тафтиш комиссияси аъзоси бўлиб фаолият бошлайдилар. Ўзларининг чуқур илм ва билимлари билан яхши суратда иш олиб борганликлари учун бир йилдан сўнг имом ноиби бўлиб сайланадилар.
1954 йили ўша даврларда шаҳарда фаолият кўрсатаётган иккинчи масжид «Бобо Саъдуддин» номли уйғур масжидига имом-хатиб этиб тайинланадилар.
Орадан бир йил ўтиб, 1955 йили Андижон вилоятига қарашли «Қўрғонтепа» Жомеъ масжидига имом-хатиб вазифасида ишлашга юбориладилар. У жойда дину эл учун ажойиб хизматлар қиладилар, масжид гуллаб-яшнайди, халқнинг диний билими ошади. Ҳабибуллоҳ қори даданинг ушбу хизматларини тақдирлаш маъносида «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси» томонидан 1960 йилда илк бор Ҳаж сафарига жўнатиладилар. У киши бир ойдан зиёд сафарда бўлиб, ватанга қайтдилар. Шундан сўнг халқ орасида «Ҳабибуллоҳ ҳожи» ёки «Ҳожи дада» номи билан тилга олинадиган бўладилар.
1961 йили Наманган шаҳридаги «Эшон Шайх» масжидига имом-хатиб этиб сайланадилар. У ердаги уламоларнинг ҳурмат-эъзозларини топиб, уларнинг бир умрлик қадрдонларига айланадилар.
Ниҳоят, 1962 йили Андижондаги «Девонабой» масжидига имом-хатиб бўлиб қайтиб келадилар ва то ҳаётларининг охириги йилларигача ушбу хизматда бўладилар.
Ҳабибуллоҳ қори дада қаерда бўлмасинлар, холис Аллоҳ таоло учун дину диёнат йўлида ҳормай-толмай ҳаракат қилар, борганки жойини обод этар, ўша жойдаги уламолар, қорилар, толиблар, аҳли фазл кишиларнинг иззат-икромини жойига қўяр, умуман, барча каттаю-кичикнинг кўнглини олар, бечораҳолларни қўллаб-қувватлар эдилар.
У киши доимо халқни тақво-ибодатга, ихлосу амалга, гўзал ахлоқ‑одобга даъват қилардилар. Сўзлари ниҳоятда самимий, мустаҳкам ҳужжатлар асосида бўлар, юракларининг туб-тубидан ихлос ва шижоат билан отилиб чиқарди. Суҳбатлари кўпроқ кўз ёши аралаш бўларди ва шунинг учун бўлса керак, улар одамларда яхши таассурот қолдирардилар. Ақийда масалаларида аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабида сўз юритар, фиқҳий масалаларга Ҳанафий уламолари фатволари асосида жавоб берардилар. У кишининг даъватларидаги яна бир ўзига хослик шунда эдики, қайси мавзуда сўзласалар, шу мавзуда аввал оят, ҳадис ва уламоларнинг асарларидан келтириб, сўнг шу маънодаги бирор форсий ёки туркий байт келтириш билан фикрларини ёритиб берар эдилар. Форсий шеърлар асосан Ҳофизу Бедилдан, туркийлари Навоий, Фузулий ва Сўфи Оллоҳёр ижодларидан бўлар эди.
Ҳабибуллоҳ қори дада қаерда имом бўлсалар, ўша жойдаги одамлар у кишига муҳаббат қилиб, мухлис бўлиб қолар эди. Ҳар сафар бир жойдан иккинчи жойга хизматга ўтсалар, аввалги масжид аҳли у кишининг яна ўз жойларига қайтиб боришларини илтимос қилиб, у ёқ-бу ёққа югуриб қолишарди. Ҳатто Наманган, Қўрғонтепалик мухлис кишилар у кишидан то ҳаётларининг охиригача хабар олиб, зиёратга келиб турардилар.
Ҳабибуллоҳ ҳожи дада 1965 йил «Девонабой» масжидидан иккинчи бор ҳаж сафарига мушарраф бўладилар. Бу гал бир умр Ҳажга бориш орзусида яшаб, унга ета олмаган волидалари Биби Розияхон номидан эҳром боғлайдилар ва меҳрибон оналари учун шахсан ўзлари ҳажжи бадал қиладилар.
У киши масжиднинг ободонлиги, жамоатнинг бирлиги, халқнинг соф эътиқоди, тўғри ибодати, гўзал ахлоқи учун қўлларидан келган барча ишни қиладилар. Ҳар куни беш маҳал намозда масжидда бўлар, Рамазонда таровеҳ намозида хатм қилиб берар, бу ишларга шаҳардаги устоз қори акаларни ҳам жалб қилар эдилар. Бундан ташқари, Ҳофизи Қуръон бўлганликлари қўл келиб, бир йили Бамдод намозида бир неча ой ичида Қуръони Каримни хатм қилиб берган эдилар. Ҳатто ҳаётларининг охирги йилларида, аниқроғи 1993-1994 йилларда ҳам масжидда Рамазон хатмини бошлаб бериб, унда кучлари етганича иштирок этган эдилар. Ўшанда у киши 85 ёшлар атрофида эдилар.
1985 йили масжидга ўт кетиб, унинг ҳамма бинолари деярли ёниб битади. Бу ҳодиса барча намозхонлар учун, хусусан, уларнинг имоми учун катта мусибат ва синов бўлган эди. Айрим мутасадди кишилар масжидни бошқа жойга кўчириш фикрини ҳам ўртага ташлайдилар, аммо бунинг оқибати яхши бўлмаслиги кўриниб турарди. Ҳожи дада бу вазиятни сабру матонат билан қарши оладилар. Ўзларини йўқотмайдилар, балки Аллоҳга дуою тазарруъ билан илтижо қиладилар. Ҳатто ўз аҳли оилаларига ҳам масжид ободлиги учун дуо қилишларини сўраб, кўз ёш тўкар, шу билан бирга, бу йўлда бор имкониятларини ишга солар эдилар. У кишининг меҳнат ва ташаббусларининг гувоҳи бўлиб турган масжид катталари «Унинг номини ўзгартириб, «Ҳабибуллоҳ ҳожи дада» масжиди деб атасак», деган фикрни ҳам билдирадилар. Лекин Ҳожи дада бунга рози бўлмайдилар. Шундай қилиб, масжид деярли янгидан қайта тикланади.
Кейинроқ Ҳожи дада масжиднинг шарқий томонига ўз маблағларидан бир қорихона қурдирадилар. У ерда кўплаб мусулмонларнинг фарзандлари тарбия топадилар, Ҳофизи Қуръон бўлиб етишадилар. У киши ушбу масжидда роппа-роса 40 йил, яъни 1992 йилгача имом-хатиб вазифасида хизмат қиладилар. Шу йили Аллоҳнинг инояти ила учинчи бор муборак ҳаж сафарида бўлдилар. Бу сафар у киши аёллари, қизлари ва кенжа ўғиллари билан бирга ҳаж қиладилар ва эсон-омон ўз юртларига қайтиб келадилар.
Ҳожи дада ўз маҳаллаларида, фарзандлари кўчиб борган жойларда аҳоли учун кўприк қуриш, газ, сув келтириш, кўчаларга асфальт ётқизиш каби кўплаб хайрли ишларни амалга оширганлар, баъзи ночор оилаларга уй қуриб берганлар.
Ҳаётларининг сўнгги йилларида очилган маҳалладиги «Ғиштли масжид»нинг моддий таъминотининг катта қисмини ҳам ўз зиммаларига олганлар.
Ҳабибуллоҳ ҳожи дада қаерда бўлмасинлар, одамларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарар, уларга Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларнинг маъноларини етказар ва ўзлари уларга амал қилиш билан гўзал намуна кўрсатар эдилар.
У киши шаҳардаги аҳли илм, аҳли Қуръон ва аҳли фазл кишиларни масжидга жалб қилар, уларнинг ораларида муҳаббат ва дўстликнинг зиёда бўлиши учун ҳаракат қилар, бу билан халқнинг иттифоқлигини таъминлар эдилар.
Мушфиқ фарзанд
Ҳабибуллоҳ ҳожи дада онага хизмат қилиш борасида халқ ичида зарбулмасалга айланган эдилар. Оналари Биби Розияхон ҳаддан зиёд покиза, нозик табиатли аёл эди. У икки ўғлининг нобуд бўлгани ва турмуш ўртоғи Исо Муҳаммаддан сўнг бошқа рўзғор қилмай, ёлғиз ўғлининг тарбиясида, унинг ҳаётга қадам қўйишида тул боши билан барча ҳаёт қийинчиликларини бир ўзи елкада кўтаргани сабабли анча инжиқ ҳам бўлиб қолган эди. Аммо ўша ёлғиз ўғил онанинг ҳар қандай инжиқлиги, нозиклигини ҳеч бир қийинчиликсиз кўтарар, унинг олдида ўзини худди хожа ҳузуридаги қул каби тутарди. Ҳеч тортинмасдан, онанинг кўйлак, рўмолларини ювар, барча уй юмушларини ўзи бажарарди. Ҳатто уйлангандан кейин ҳам онанинг хизматини ўзи қилишга ошиқар, кўп юмушларини ҳеч кимга билдирмай қилиб қўяр, то онаси «Болам, уйингга чиқиб, дамингни олгин», демагунича, унинг хонасини тарк этмас эди. Қачон кўчага чиқмоқчи бўлса, онадан ижозат сўрар, рухсат бўлсагина бормоқчи бўлган жойга отланар, қайтиб келиб ҳам тўғри унинг олдига кирар эди. Бу ҳолат то онасининг ҳаёти сўнггигача бехато давом этди.
Бир куни Абдулмажид қози домла бир йиғинга Ҳабибуллоҳ қорини ҳам олиб кетиш мақсадида машинада эшик олдига келади. Хонадон соҳиби бу пайтда оналарининг хизматида эдилар. У киши Қози домланинг келганини эшитиб, енглари шимарилган, қўллари ҳўл ҳолда шоша-пиша кўчага чиқадилар. Қози домла укишига: «Фалон жойга сиз ҳам мукаллаф экансиз», – дейди. Шунда Ҳабибуллоҳ қори дада уйга қайтиб кириб, оналаридан ижозат сўрайдилар. Сўнг чиқиб, оналари ишни битириб, кейин кетишларини амр этганини, хизматни адо этиб, сўнг мазкур жойга ўзлари етиб боришларини айтиб, Қози домлага узр-маъзур изҳор қиладилар. Қози домла у кишининг ахлоқларидан мамнун бўлиб, ҳақларига хайрли дуолар қиладилар.
Ҳабибуллоҳ қори дада илм таҳсилида маълум даража касб этиб, уйига қайтганида ҳаво совиб, қиш ўз соясини солган вақт эди. Заковатли аёл Биби Розия фарзандининг илми ва амалини синамоқчи бўлади ва унга бозордан қишлаш учун янги сандал олиб келишини айтади. Чунки у даврларда совуқдан сақловчи энг яхши восита ҳам шу эди. Ҳабибуллоҳ онаси учун бозордаги сандалларнинг энг яхшисини олиб келади. Она «Бунинг ёқмади, ундоқ-бундоқ экан», дея норозилигини билдиради. Итоатли ўғил ҳеч иккиланмасдан, сандални олиб бозорга қайтади. Бу ҳолат бир неча марта такрорланади. Ҳар сафар она «Ёқмади», дер, фарзанд эса «Хўп бўлади», деб, сандални елкасига ортиб, бозор томон йўлга равона бўларди. «Бозорда бори шу!», «Ўзи энг яхшисини олиб келганман, энди қаёққа ҳам бораман?!» каби эътирозлар унинг хаёлига ҳам келмасди. Ниҳоят, олти ёки еттинчисида она беихтиёр кўзларига ёш олиб: «Болам, ўзи менга биринчи келтирган сандалинг маъқул келганди. Сени бир имтиҳон қилиб кўрай, деган эдим, холос», – дейди ва фарзандининг ҳаққига йиғлаб, дуо қилади.
Ҳожи дада масжид хизматида юрган кезлари, Рамазон ойи эди. Волидаси билан бирга ифторлик қилиб ўтиришган эди. Оналари у кишидан оҳисталик билан: «Ўғлим, ҳозир ҳам алаки атласлар бормикан?» − дея сўраб қолди. Меҳрибон ўғил: «Ҳа, бор бўлса керак», − дедилар-у, вақт тиғиз эди, ижозат олиб, масжидга хатми Қуръонга кетдилар. Намозни адо этиб бўлгач, бир ҳайдовчи билан Марғилондаги атласфуруш Олимжон аканикига йўл олдилар. Ҳаво совуқ, йўллар музлама эди. Кўзланган манзилга тунги соат 2.00да етиб боришди. Дарвоза олдида ҳам бироз туриб қолишди, кейин хонадон соҳибининг таклифи билан ичкарига киришди. Ҳожи дада мақсадга ўтиб: «Бизга ҳозир алаки атлас зарур бўлиб қолди, топишнинг иложиси борми?», − деди. Олимжон ака: «Улар ҳозир савдога чиқмай қўйган», −деди-да, ўрнидан туриб, сақлаб қўйган икки кийимлик алаки атласни олиб чиқиб, меҳмонга узатди. Улар хурсанд бўлиб, ортга қайтишди. Она не кўз билан кўрсинки, кеча ифторликда бир оғиз эслаб ўтган нарсаси бугун саҳарликда олдида муҳайё бўлиб турибди. Фарзандининг бу каби хизматларидан мамнун бўлган она унинг ҳаққига дуо қилар экан: «Болам, қаерда бўлсанг, ошу нон орқангдан эргашиб юрсин (яъни ризқинг мўл бўлсин), қаёққа қўл чўзсанг, Аллоҳим уни сенга муҳайё қилсин», −деб кўз ёш тўкади.
Ҳожи дада волидасининг бу каби хайрли дуоларига, чин кўнгилдан айтилган рози-ризоликларига сон-саноқсиз муваффақ бўлдилар ва уларнинг ижобатини ҳаётлари давомида кўриб бордилар. Аллоҳ бир умр у кишининг ризқларини кенг қилди, хоҳ дин хизматида бўлсин, хоҳ дунё ишларида бўлсин, нимани қасд қилсалар, Аллоҳ уни муҳайё этди.
Шунингдек, у киши оналарининг вафотидан сўнг ҳам унга хайру эҳсон, яхшиликлар қилишда чиройли намуна кўрсатдилар. Ҳар йили оналарининг номидан қурбонлик қилар, доимо жамоатдан унинг ҳаққига дуо сўрар, ҳар Жумъа куни қабрини зиёрат қилар эдилар.
Шогирдлари
Ҳожи дада замоннинг зайли билан, қолаверса, халқ хизматида камарбасталиги сабабли кўп шогирд чиқара олмаганлар. Аммо у киши омма мусулмонларни, хусусан, масжид қавмини тарбиялашда шундай катта хизматлар қилдиларки, агар мазкур кишиларни Ҳожи дадага шогирд деб айтсак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Оилада фарзанд ва набираларга таълим берганликлари эса табиийдир. Шу билан бирга, ҳаётларининг кейинги йилларида Аҳмаджон ҳожи ака, Абдулғофир ҳожи ака, Яҳёхон қори ака (куёвлари), Сайфиддин ҳожи ака ва бошқалар у кишида озми-кўпми таълим олганлар.
Вафотлари
Қариган чоғларида Ҳожи даданинг бошларига кетма-кет мусибат тушади. 1993 йилнинг бошида пешоб йўлида касаллик пайдо бўлиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Шу йил апрель ойининг охирида аёллари Муҳтарамхон ҳожи она тўсатдан бетоб бўлиб ётиб қолади ва орадан бир неча кун ўтиб, июнь ойининг 19-куни оламдан ўтади.
Орадан бир йил ўтиб, 1994 йил 12 август куни кенжа фарзандлари Иноятуллоҳ ҳожи Жумъа намозини ўқиб келиб, тўсатдан вафот этади. Бу албатта, Ҳожи дада учун оғир мусибат эди. У киши бу воқеадан сўнг 10 кун ҳаёт кечирадилар, холос.
Ҳабибуллоҳ Ҳожи дада 1994 йил 22 август (1415 йил 15 рабиъул аввал), душанба куни шомдан кейин фоний ҳаётни тарк этиб, боқий дунёга сафар қиладилар.
У кишининг вафоти аҳли Ислом учун оғир мусибат бўлди, барча вилоятларга ва айрим қўшни жумҳуриятларга хабар етказилди. Мутасадди кишиларнинг маслаҳатлари билан жаноза намози эртаси куни кундузги соат 4.00да маҳалладаги «Ғиштли масжид»да ўқиладиган бўлди. Жанозага келганларни санаб, саноғига етиб бўлмасди. Водийдаги барча кўзга кўринган уламолар, қорилар шу ерда эди. Намоздан олдин олимлар у кишининг фазилатлари, қилган хизматлари тўғрисида кўп гапирдилар. Жаноза намозига ким имом бўлиши ҳақида бир фикрга кела олмай турганларида марҳумнинг Намангандаги қадрдонлари, тақво ва дин хизматида танилган, Ҳофизи Қуръон, етук олим Шамсиддин қори почча келиб қолдилар ва жанозани у киши ўқиб бердилар.
Намоздан сўнг одамлар тўлқини анбарни кўтариб, «Қўчқорлиқ ота» қабристони томон оқа бошлади. Одамлар уни қалбларида алам, кўзларида ёш билан то қабристонгача қўлма-қўл қилиб олиб бордилар.
Ҳожи дада ҳаётларининг охирги йиллари оналарининг оёқ томонидан ўзларига қабр ковлатиб қўйган эдилар. Марҳумнинг васиятига кўра, у кишини ўша жойга дафн қилдилар.
Аллоҳ таоло у зотнинг сафарларини бехатар қилган бўлсин, ётган жойларини жаннат боғчаларидан қилсин. Ўзлари бир умр кўксиларида сақлаб юрган Қуръони Каримни у киши учун қабрларида ҳамроҳ, охиратда шафоатчи этсин. Омин!
Манба: quran.uz