Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Утба ибн Рабиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Аббос ибн Абдулмутталибларнинг имон келтиришларига жуда ҳам ҳарис эканликларидан улар билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Жанобнинг ҳузурларига Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли кўзи ожиз киши баланд овоз билан:
- Эй Муҳаммад! Аллоҳ Сизга ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг! – дея хитоб қилиб келиб қолди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу сўзларини кариҳ кўриб юзларини буриб, қовоқларини солиб олдилар ва наригиларга юзландилар. Сўнг суҳбатларини тамомлаб, энди аҳлига қайтмоқчи бўлиб турган эдилар Аллоҳ таоло жаноб саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларини тўсдилар ва бошлари хам бўлиб қолди. Шу ҳолатда ушбу оятлар нозил бўлди:
عَبَسَ وَتَوَلَّى * أَن جَاءهُ الْأَعْمَى * وَمَا يُدْرِيكَ لَعَلَّهُ يَزَّكَّى * أَوْ يَذَّكَّرُ فَتَنفَعَهُ الذِّكْرَى *
Яъни: “Кўзи кўр киши ҳузурига келганда афтини буриштирди ва юз ўгирди. Қаердан биласан, эҳтимол, у покланар. Ёки насиҳат олар ва мавъиза унга манфаат берар”.
Шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қачон ибн Умму Мактумни кўрсалар ридоларини ёзиб: “Хуш келибсиз, Раббим мени итоб қилишига сабабчи бўлган зот!” деб кутиб олардилар.
Абдуллоҳ ибн Умми Мактум асли қурайшийлардан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан қариндошлиги бор, Хадича онамизнинг тоғаваччаси эди. Отаси Қайс ибн Зоид ва онаси Отика бинти маккаликларнинг ҳурматли кишиларидан ҳисобланарди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқсалар Абдуллоҳ ибн Умми Мактумни Мадинага ноиб қилиб кетар эдилар. Макка фатҳида ҳам айнан шу киши Мадина волийи бўлиб қолди. Бу ҳол Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳга ҳурматлари жуда ҳам юқори эканлигининг далилидир.
Шаҳобиддин домла ПАРПИЕВ
Асака тумани бош имом-хатиби