АҚИДАДА АДАШМАЙЛИК!

981

Яратган биз бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, албатта, У зот ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо қилиб боришимизни буюради. Раббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, улар шукрини бажо келтиришлик зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта, Аллоҳ таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншааллоҳ. Қуръони каримда бу ҳақда марҳамат қилиниб, жумладан:

яъни: “…Агар шукр қилсангиз (ва имон келтирсангиз) У сизлар учун рози бўлур…”  (Зумар сураси 7-оят), дейилган.

Ушбу оятдан маълум бўладики, Аллоҳнинг розилигини топишни истаган ҳар бир банда доимо Унга ҳамд айтиб, неъматларига шукрона келтириши, ҳар қандай мусулмон киши ҳам ана шу икки калимани такрорлаб юришга одатланиши зарурдир. Саид ибн Жубайрдан р.а.дан ривоят қилинишича, у киши: “Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган киши фаровонлик ва танглик кунларида ҳам Аллоҳга ҳамд айтиб юрадиган кимсадир”, деганлар.

Истиқлолдан аввал улкан масжидларни тўлдириб, мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилишлари қаёқда эди. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, ҳалқимиз фаровонлиги ошиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю-кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматларини шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб:

“Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун  “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар.

Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизни тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер куррасининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни самовий ва арозий балолардан сақлаб тургани учун Аллоҳга ҳамд ва шукроналар қилмоғимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбар (с.а.в.) таъкидлаганлардек:

“Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон саргардонликда кун кечирмоқда. Маълумотларга қараганда араб ўлкаларида бўлаётган урушлар сабабли 800млрд доллар миқдорида давлатлар зарар кўрган 8,5 миллион аҳоли қочоқлик ва сарсонгарчиликда кун кечиришга мажбур бўлмоқда. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, тинчлик ва осойишталик неъмати соясида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда. Ушбу неъматдан оқилона фойдаланган ҳолда диёримизда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.

       Ҳар бир ота-она ўз фарзандини яхши, баркамол инсон бўлиб етишишини орзу қилади. Катта бўлиб жамиятдан ўзига муносиб ўринни топиб эгаллагач, ватанига содиқ, элу халқининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишлигини, албатта, ҳар бир фарзанд ўстирган ота-она ният қилади.

       Лекин ҳар бир ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига меҳр-оқибати ва тарбиявий муносабати бир хил бўлавермас экан. Айрим ота-оналар бола тарбияси хусусида жуда бепарволик қиладилар. Улар учун бу дунёда фақат ўз шахсий юмушлари, кўча-кўйдаги улфатлари, моддий маблағ тўплаш йўлидаги борди-келдилари биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий ва маърифий тарбиялари билан шуғулланиш иккинчи даражали иш кўринади.

       Эътиқод соғломлиги – халқ бойлиги, ақида тўғрилиги эса – халқ тинчлигидир. Ақида масаласида ёшлар тафаккурини шакллантириш – ёшлар, қолаверса, бутун жамиятнинг маънавиятини сохта ақидалардан асраш, ахлоқий ва маънавий камол топтириш бугунги кунда барчамизнинг долзарб вазифамиз саналади. Албатта, биринчи навбатда ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясида бунга катта аҳамият беришлари лозим.

      Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт –ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат –ё фалокат масаласидир”.

     Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди.

      Ана шу фирқа ва оқимларнинг айримлари Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХI асрда ҳизбут-таҳрир, салафийлар, жиҳодчилар каби адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчиликларни қилишяпти. Турли жанжаллар, низо ва қонли тўқнашувлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар.

      Афсуски, сўнгги вақтларда  ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз.

      Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз дейишмоқда. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асрашлигимиз ва ёшларимизга уларнинг асл мақсадларини тўғри етказишимиз зарур. Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом дини таълимотига зид иш ҳисобланади. У газандаларнинг мақсади ислом динини ривожлантириш эмас балки, муқаддас динимизни номини булғаб ёмонотлиқ қилиш. Тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган давлатларда нотинчликларни келтириб чиқариб, янги-янги уруш ўчоқларини ташкил қилиш ва ўша давлатларни фуқароларини қул қилиб, бойликларини талон-тарож қилиб олиб чиқиб кетишликдир.

       Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак, “Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васалам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага боришига қиёсан қўлланилиб, диний экстремистик оқим етакчилари айниқса, ўзларига турли исломий ном қўйиб олган бир тўда ғаламислар тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни Суриядаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта иддаолар билан турли йўллар билан яъни интернетда ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ёшларни алдамоқда.

       Жумладан, ақидапарастлар ушбу масалада Қуръон каримнинг “Нисо” сураси, 97-оятини далил қилади:

       яъни “Албатта, ўзларига (ҳижратдан бош тортиб) зулм қилувчиларнинг жонини олган фаришталар (уларга): «Қайси ҳолда бўлдингиз?» – десалар, улар: «Ер юзида бечораҳол эдик», – деб айтадилар. (Фаришталар): «Аллоҳнинг ери унда ҳижрат қилишларинг учун (етарлича) кенг эмасмиди?» – дейдилар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар нохуш жой у!”.

       Уламоларнинг тафсирига кўра, ушбу оят қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл ҳукмларга қайтилади. Яъни, мусулмонлар ҳеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди. Абу Усмон Мужошиъ ибн Маъсуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам):

       яъни: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, дедилар ”.

      “Ҳижрат” ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, дейилади.

       Ибн Умар (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса айтилади: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) ҳузурларига бир киши келиб:

        яъни “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот (саллаллоҳу алайҳи васалам) эса, “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар.

        Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васалам) ва ундан кейин мусулмон давлатларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашини рад этмаганлар.

         Юқоридаги далиллардан Ўзбекистондек мусулмонобод мамлакатдан “ҳижрат” қилинмаслиги ҳақидаги қатъий хулоса чиқади.

       “Жиҳод” Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида “қитол” сўзи ишлатилади.

          Ислом тарихини чуқур ўрганган мутахассис олимлар, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилганини таъкидлайдилар. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар”.

        Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳадиси муборакларида:

        яъни:“Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейилган.

        Уламоларни ушбу ҳадисларни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, Умму Анас (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”. дейилган.

        Бугунги кунда диёримизда нафақат, мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам эмин-эркинликда ҳаёт кечирмоқдалар. Мусулмонлар ислом арконларини бажариш имконига эга бўлса, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни, деб белгилаб қўйилган бўлса, ҳар йили ўн мингдан ортиқ ватандошларимиз муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширишда давлат ўзи бош қош бўлиб турган бўлса, бундай мусулмонобод диёрдан, ўзи туғилиб ўсган Ватанидан қандай қилиб ҳижрат қилиш мумкин?!

        Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга ҳиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.

        Ислом дини таълимотининг истилоҳи бўйича эса, жиҳод асосан уч хилдир. Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик. Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва таъқиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш. Учинчиси – яшаб турган ватанига бостириб кирган босқинчилар билан курашишдир.

        Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам) ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.

         Нотўғри талқин қилинаётган тушунчаларнинг учинчиси “Шаҳидлик”дир. Пайғамбаримиз с.а.в. айтадилар: “Ким молининг ҳимояси йўлида қатл этилса, шаҳиддир, Ким жонини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир, Ким динини ҳимоя қилаётиб қатл этилса, шаҳиддир, Ким аҳлини ҳимояси йўлида қатл этилса, шаҳиддир,”(Имом Термизий). Пайғамбаримиз с.а.в. очиқ-ойдин кимлар шаҳидлик мақомига эга бўлишини ушбу ҳадисда зикр

қилмоқда. Тинч аҳолини ичига яъни масжид, мактаб, бозорларга кириб ўзини портлатиш шаҳидлик эмас балки, бу ҳам қотиллик ва фосиқлик яъни у ўзини портлатиб ўзи ўлса майли, лекин қанча-қанча бегуноҳ инсонлар ҳаётдан кўз юммоқда. У ўзини портлатишлиги ўз жонига қасд қилиш бўлади бу эса, исломда қатъий ман қилинган ҳаром ишдир. Бу хусусда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

        яъни “…Ўзларингизни ўз қўлларингиз билан ўлдирмангиз, ер юзида яхши ишларни қилинг зеро Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади”. (Бақара сураси 195-оят)

        Юқоридаги фикрлардан маълум бўладики, биз имомларни олдимизда жуда катта масъулиятли вазифа ҳалқимизни айниқса, ёшларимизни эҳтиёт қилишимиз кўр-кўрона ақидаси бузуқларни йўлига юриб кетишини олдини олишда ўз хизматларимизни аямасдан жойларда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришлигимиз зарур бўлади.

        Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизни эътиқодимизни мустаҳкам, ақидамизни тўғри қилсин. Барчаларимизга азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонийлик сифатига муносиб амал қилиб боришлигимизни ва ҳамиша берган неъматларига шукр қилиб яшашлигимизни насибу рўзий айласин!

М.Рахимов

Хонобод шаҳар бош имоми