Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

1139

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сиз, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни шукроналик, саховат ва меҳр-оқибат айёми – муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклаб, эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Қурбон ҳайитининг маънавий ҳаётимизда олижаноб фазилатларни, бағрикенглик, мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу қадриятларни мустаҳкамлаш борасидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Бу қутлуғ айёмда ҳаммамиз, аввало, мана шундай файзли ва баракотли кунларга етказгани, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо эканлиги учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.

Бугунги кунда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимизнинг фаровон ҳаёти, жондан азиз фарзандларимизнинг бахту иқболини таъминлаш йўлида амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз, жумладан, диний-маърифий соҳадаги  ишларни тубдан такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларимиз дунё ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Яқинда Америка Қўшма Штатларининг Вашингтон шаҳрида ўтказилган диний эркинликлар масалалари бўйича нуфузли халқаро форумда Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юқори баҳолангани бу борада бошлаган  ишларимизнинг халқаро миқёсда юксак эътироф этилганига яққол далилдир.

Биз ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, ёшларимизни юксак инсоний қадриятлар асосида тарбиялашга алоҳида эътибор бермоқдамиз.

Дунёда муқаддас динимиз номидан турли ёвуз ҳаракатлар содир этишга уринишлар кучайиб бораётган бир пайтда, униб-ўсиб, ҳаётга ёруғ юз билан кириб келаётган ўғил-қизларимизга муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириб бериш, уларни теран фикрлайдиган, шиддатли замон мезонлари асосида яшайдиган маърифатли, дунёқараши кенг, баркамол инсонлар этиб вояга етказиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу йўлда бошлаган ислоҳотларимиз кутилган самарани бериши учун барчамиз, бутун халқимиз билан биргаликда ҳамжиҳат бўлиб иш олиб боришимиз кундалик заруратга айланмоқда.

Мана шундай саодатли дамларда ҲАЖ амалларини адо этаётган юртдошларимиз бугунги дориламон кунлар учун шукроналар айтиб, Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб хайрли дуолар қилмоқдалар. Ишончим комил, бундай улуғ ибодатни адо этиш шарафига муяссар бўлган мўмин-мусулмонларимиз она

Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатадилар, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялаш, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларга муносиб ҳисса қўшадилар.

Ушбу улуғ айём кунларида узоқ ва яқин мусулмон мамлакатларнинг халқларини, барча дўстларимизни самимий қутлаб, уларга тинчлик ва хотиржамлик, тараққиёт ҳамда  фаровонлик тилаймиз.

Муҳтарам юртдошлар!

Қурбон ҳайити муносабати билан юртимизда уч кунлик дам олиш эълон қилингани халқимизнинг кайфиятини кўтариб, байрамга алоҳида файз ва шукуҳ бахш этмоқда. Бундай фазилатли кунларда юртдошларимиз қадимий ва табаррук масканларни, буюк аждодларимизнинг мўътабар қадамжоларини зиёрат қилиб, қариндош-уруғлари, яқинлари ҳолидан хабар олиб, руҳий таскин, маънавий озиқ олмоқдалар.

Барчангизни муборак Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Дуогўй кексаларимизнинг мана шундай фазилатли дамларда элу юртимиз ҳақига қилган эзгу ният ва тилаклари ижобат бўлсин!

Хонадонларимизда файзу барака ва осойишталик зиёда бўлсин!

Юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги янада мустаҳкам ва барқарор бўлсин!

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти