Аллоҳ таолога ҳамд, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпдан-кўп дуруду саломлар бўлсин. Юртимиз мустақилликка эришгач юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Диёримиз мусулмонларининг асрий орзу умидлари рўёбга чиқа бошлади. Асосий қонунимизда виждон эркинлиги кафолатланди. Диний адабиётлар, нашри йўлга қўйилди. Масжид ва мадрасалар очилди. Натижада маънавиятимиз  юксалиб бормоқда. Бизнинг мана шундай бетакрор она юртимизда, неъматлардан фойдалана туриб, ношукурлик қиладиган инсонлар ҳам афсуски, учраб туради. Бундай ғанимлар ноғорасига ўйнайдиган, ўз она юртига тош отадиган, манқурт кимсаларнинг ёлғон-яшиқ гапларига ишониб, ўз оиласини ва фарзандларини, юртдошларини ҳам сотиб юборадиган нобакор, билимсизлиги туфайли ўз юртининг душманига айланиб қолаётган юртдошларимиз ҳам бор. Мана шундай оқимларга қўшилиб, пул топаман деб, тинчгина яшаб турган она юртини ташлаб, ношукурлик қилиб ўзга юртларга кетаётган кимсалар ҳам учраб турибди. Диний билими ўта саёз, бўлар-бўлмас ғояларни содда халк онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун фарзандларимизни  тўғри йўлга солиш, хушёрликка чорлаш бизнинг асосий мақсадимиздир. Муқаддас Ислом динини пок сақлаш, уни турли хил ғаразли кимсалардан, тухмат ва бўхтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодларимизга тўғри тушинтиришимиз, тарғиб қилишимиз лозимдир.

Мана шундай алдовларга ишонмай, ўз юртида шукур қилиб юрса эди нур устига аъло нур бўлар эди. Зеро, ҳикмат аҳли айтгандек:

Ким етарли ризққа қаноат қилса, нажот топади,

Кимки нафсга эргашиб кўпроғини истаса ҳалок бўлади.

Ёт ғояларга алданиб қолмаслиги учун биз ота-оналар, устозларимиз, қолаверса, маҳалла-кўй сергак бўлиб, фарзандларимизни илм олиш, касб эгаллашларида ёрдам бериб эътиборли бўлишимиз керак. Фарзандларимизни маданий савиясини юксалтириш, маънавий онгини бойитиш, жисмоний ва ақлий жиҳатдан камол топтириш бизнинг бурчимиздир. Айниқса диний илм олишни истаган фарзандларимизни ёт ғояларларга эргашиб қолмасликлари учун Ҳанафий мазҳабидаги адабиётлар, аждодларимизнинг бебаҳо асарларини ўргатмоғимиз лозим. “Ўтмишни билмаганни келажаги йўқ деганидек” фарзандларимизни, ўтган аждодларимиз, олимларимиз, адибларимиз ўтган ҳаётларини ўргатмоғимиз лозим. Яқин  ўтмишга назар солсак баъзи ёвуз кучлар ғаразли мақсадида дин ниқоби остида сиёсий ҳокимиятни эгаллашга интилдилар “Аллоҳ”,  “Ислом” каби сўзлар билан номланган  эшитилиши жарангдор ташкилотлар “Ислом уйғониш”,  “Ҳизбуллоҳ”, “Ҳизбут-тахрир” каби партияларни тузиб конституциявий тузумни ағдариб ислом давлати қуриш, халифаликни қайта ўрнатишга ҳаракат қилдилар. Улар билимсизликларидан ўзлари билмаган ҳолда “жиҳод”, “ҳижрат қиламиз”, “шаҳид бўламиз”, – деб гуноҳкорга айландилар. Биз хунрезликни мақсад қилган ақидапараст кучлардан юртимиз сарҳадларини, фарзандларимизни, келажакларизни асрашимиз, ҳимоя қилишимиз керак. Бу иллатларга қарши барчамизда ҳимоя қобиғи бўлиши керак. Бизни ҳимоя қўрғонимиз аҳли сунна вал жамоа асосида шакилланган эътиқодимиздир. Миллий-маданий меросимиз, асл қадриятларимизни фарзандларимиз онгига сингдирайлик. Муҳтарам Юртбошимизни “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат”, деган гапларини дастурул амал қилиб олайлик. Ватан улуғ, бурч муқаддас ёшларимизни ота-онасини, ойласини, ватанини ардоқлайдигон маъсулиятли рухда тарбиялашимиз зарур.

Илм икки динё саодатидур. Илмсизни ҳамма ҳар ёққа етаклайди. Илмни инсон тўғри – ҳақ йўлни ўзи танлайди.

Бу хусусида Аллоҳ таоло: “Биладиганлар билан билмайдигонлар тенг бўлурмиди”, (Зумар  сураси, 9-оят) деб марҳамат қилади. Фарзандларимизни ақидапараст оқимлардан ҳимоя қилиб, уларни соф исломий маърифат билан тўлдирайлик. Аллоҳ юртимизни, Фарзандларимизни турлик оқим ва ғоялардан  Ўзи асрасин.

Комилжон домла Умирзоқов,

Хонобод  шаҳар “Абдулҳамид қори”

жоме масжид имом-хатиби