9 МАЙ – ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИНИНГ МАЗМУН ВА МОҲИЯТИ

2036

Эсимда мактабда ўқиб юрган ёшлик пайтларимизда собиқ тузум мафкурасидан келиб чиқиб “9 май- ғалаба куни” дейилар эди. Шу куни СССР деб аталмиш катта бир ҳудуднинг барча марказий шаҳарларида “ҳарбий парад” бўлар эди. Гўёки бу билан собиқ тузум дунёга ўз куч-қудрати ва зўравон муштумзўрлигини кўз-кўз қилар ва уқтирар эди. Шукурлар бўлсинки, бугун мустақил бўлдик, миллий ва диний қадриятларимиз тикланди, ўзлигимизга қайтдик. Ҳар бир ишимиз ўзлигимиз, менталитетимиздан келиб чиқиб миллатимизга хос ва мос ҳамда улуғ бобокалонларимиз ўгитлари, таълимоти асосида олиб борилмоқда. Мустабид тузум мафкурасидан воз кечилди ва миллий мафкурамиз шакллантирилди. Ижтимоий соҳанинг барча йўналишларида ислоҳотлар ўтказилди. Муҳтарам Биринчи Президентимиз ташаббуслари билан ҳар йили мамлакатимизда ғалаба куни дейилган 9 май аввалгидек  куч қудратни намойиш этиш куни эмас, балки 9 май – Хотира ва қадрлаш  куни сифатидаги анъанамизга айланди. Шу нарсага аниқлик киритиб ўтиш лозимки, бу 9 май – Хотира ва қадрлаш куни эски май – ғалаба кунини номи ўзгарган ўша кун эмас, балки бу шу куни нишонланаётган буткул бошқа бир кун бўлиб бу  «9 май – Хотира ва қадрлаш  куни” дан кўзда тутилган нийят ва пировард мақсадлар тамомила ўзгачадир. Ҳўш Хотира ва қадрлаш деганда биз нимани тушунишимиз керак? Аввало, Хотира – бу тарихда яшаб ўтган инсонлар ва улар томонидан амалга оширилган эзгу ишларни ёдга олиб бу ишларни бошқалар хусусан келгуси ёш авлод учун ибрат қилиб кўрсатиш, тарихий ютуқлардан фахрланиш ҳамда ўтмиш буюк аждодларимизни доимо ёдда тутиш ва уларга муносиб авлод бўлиб уларнинг ишларини давом эттиришлик. Қадрлаш эса Биз билан бирга яшаётган ҳар бир ватандошимизнинг бугунги кунда амалга ошираётган ишларини қадрига етиш ва уларнинг бу хизматларини муносиб тақдирлашдир. Хотира ва қадрлаш  куни – бу ўтмишда бизнинг манфаатларимиз учун курашиб ҳаётдан кўз юмган ватандошларимизни хотирлаб, ҳозирдагиларни қадрига етишликдир. Хотира ва қадрлаш  кунининг мазмун моҳияти кенг қамровли бўлиб, юртбошимизнинг бу кунни нишонлаш арафасидаги нутқларида қуйидаги 9 жиҳатга   тўхталганлар:

1) Бу кунда фашизм устидан қозонилган ғалабада халқимизнинг ҳам мардонавор ва салмоқли ҳиссаси бор, бу унутиб булмайдиган, шу билан бирга инкор ҳам этилмайдиган ҳақиқатдир.

2) Урушларнинг аянчли оқибатларини унутмаслик, урушлар такрорланмаслигига интилиш, тинчлик ва осуда ҳаётни қадрига етишлик, юртимизнинг ёшу қарисида урушга нафратни шакллантириш.

3)  Ҳозирги бир мураккаб вазиятда ер юзида содир этилаётган ҳар бир воқеа ва ҳодисаларга беэътибор  бўлмаслик, балки бу воқеаларга даҳлдорлик ҳисси билан яшаш, шунингдек, доимо огоҳ  ва ҳушёр бўлишлик.

4)  Тарихий  хотира  тушунчаси.

5)  Турли  ҳудудлардаги  фашизм, миллатчилик  яна куртак отаётгани ва уларни сезмай қолмаслик ёҳуд бу нохуш ҳолатларни эътибордан четда қолдирмаслик, бундай инсоният тотувлигига раҳна солувчи салбий таҳдидларни оқламаслик.

6)  Мустақиллик йилларида фикр ва ёндашувлари тубдан ўзгарганлиги,

7)  Ҳаётда инсон омилининг тарихда тутган ўрни.

8)  Мамлакатимизда “Мустаҳкам оила”, “Соғлом авлод”, “Кексалаларни қадрлаш” каби давлат дастурларини амалга оширилиши.

9)  Кундан кун долзарблиги ошиб бораётган ёшлар тарбияси, соғлом ва ҳар тарафлама етук, баркамол авлодни вояга етказиш.

“Хотира  ва қадрлаш” да  биз  бу азиз  ҳаётнинг асоси ва мазмунни бўлган инсонга ўз хурматимизни изҳор этамиз, зеро яратган Роббимиз ўз каломида: “Дарҳақиқат, (биз) Одам  фарзандларини (азиз) мукаррам қилдик….. деб марҳамат этган.

Дарҳақиқат, Хотира ва қадрлаш, бу ҳазрати инсон аталмиш башариятнинг ёди, хотираси ва у томонидан амалга  оширилган  эзгу  ишларга  бўлган  эътироф  ва  эҳтиром  рамзидир.

 

                                          Андижон шаҳар

“Жиддаи Муборак” жомеъ масжиди

имом-хатиби Мўминов Мухаммадисоқ