Аллоҳдан ҳаё қилишлик

528

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар ким Аллоҳ таолодан ростлик ва сидқидиллик билан уялса, ундай киши боши ҳамда ундаги аъзолари, қорни ва меъдасини ҳаром ва шубҳадан еҳтиёт қилсин, доимо ўлимни ва Аллоҳ таолонинг бало-қазосини ёдига олиб юрсин. Ким охиратни ирода этса, дунё ҳаёти зийнатларини тарк қилади, охират амаллари ва андишасини дунё андишасидан афзал билади. Бас, ушбу тариқа иш тутган киши Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади”. Имом Термизий ривояти.

Иймонли киши ҳаёли бўлади, иймон ҳаёда кўринади, кишининг иймони қанча зиёда бўлса ҳаёси ҳам шунча зиёда бўлади. Бизларга чексиз неъматларни берган Аллоҳ таолога гуноҳ қилишдан ҳаё қилишимиз керак. Кўзимизни ва қулоғимизни Аллоҳ таъқиқлаган нарсалардан сақлашимиз, айниқса тилимизга жуда ҳам эҳтиёт бўлишимиз керак, айтаётган ва ижтимоий тармоқларда ёзаётган сўзларимиз бизларни Аллоҳдан узоқлаштириб қўйиши мумкин. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда динимиз,шариатимиз аҳкомлари ва уламоларимиз ҳақида  турли ноўрин фикрларни билдириб, ислом маданиятига ҳам, дунё маданиятига ҳам мутлақо тўғри келмайдиган, ҳаё ва шариат  чегарасидан ташқаридаги сўзларни сўзлаётганлар кўпайиб бормоқда. Агар улар Аллоҳдан ҳаё қилишганда еди, қаерлардадир беркиниб олиб фақатгина интернетда омма мусулмонларининг қалбига шубҳа солиш, ихтилофлар чиқариш ва дин уламоларини обрўсизлантириш эвазига топаётган маблағлари билан қорин ва меъдаларини ҳаром ва шубҳали нарсалар билан тўйдиришдан сақланишар эди.

Инсон ўз гуноҳларининг сабабидан Аллоҳнинг бало-қазолари келишидан ва  қиёмат кунида дунёдаги барча қилмишлари учун  ҳисоб-китоб қилинишидан қўрқмас экан унинг дўсти ва ҳамроҳи фақат шайтон бўлади. Охиратни ва ўлимни эслаб юриш инсоннинг иймони зиёда бўлишига, амали гўзал бўлишига сабаб бўлади. Ким охиратда Аллоҳнинг раҳматидан ва жаннатдаги мукофотлардан умидвор бўлса дунё зийнатларига алданмайди, охират ишини дунё матоҳларига сотмайди, Аллоҳдан ҳаё қилади.

ОТАБЕК ХУСАНОВ

ОЛТИНКЎЛ ТУМАН

“ЖАЛАБЕК ОТА”

ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ-ХАТИБИ