Ҳалол луқма

1047

Инсон Аллоҳ таоло тарафидан мукаррам ва азиз қилиб яратилган зотдир. Одамзотдан бошқа маҳлуқотлар кўплаб яратилган бўлсада, аммо ақлдек жавҳарга фақат инсон мушарраф бўлган. Ҳар бир иш ва юмушни ақл ишлатиб, фикр қилиб кўриш инсоннинг бурчидир. Одам учун фойда ва савобли ишларнинг бири бу луқмани ҳалол қилишдир. Инсоннинг танасини дўзах ўтидан сақловчи бир сабаб – айнан ҳалол луқмадир. Шариъатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ-рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишига чақиради. Бизнинг динимизда ҳалол луқма талаб қилиш ҳатто фарз даражасига кўтарилган.
Қуръони карим ва суннати набавия ҳукми ила ҳалол ва ҳаром ўртасидаги фарқ очиқ ойдин баён қилинган. Ким ўзини уларга таслим санаса, ҳаромдан ҳазар қилсин, ўзганинг ҳаққига тажовуздан тийилсин.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 168-оят).
Ушбу ояти каримада шайтоннинг изларидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмоқда. Бундан мурод – “Шайтоннинг йўлида юрганларни ҳалоллик йўлидан юришга қўймайди”, деганидир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.
Ҳалол луқманинг аҳамияти ва ҳаромдан топилган мол-мулкнинг зарари борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
“Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, банда қорнига битта ҳаром луқмани ташлаши билан қирқ кунлик амали қабул бўлмайди. Қайси банданинг эти ҳаром ва рибо орқасидан ўсган бўлса, у дўзахга лойиқдир” (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимики қаердан мол топаётганига эътибор қилмаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига парво қилмайди”, дея, инсонларни ҳалол ризқни талаб қилишга, бировнинг ҳаққидан огоҳ бўлишга қаттиқ ундаганлар.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг доимо ҳалолликка эътибор беришлиги, шубҳали луқмадан ҳам эҳтиёт бўлиши хақида шундай дейди: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча ўша қул таом олиб келди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ундан бир луқма еган вақтида қул у кишига сизга нима бўлди? Ҳар кеча мендан олиб келган нарсаларимни қайси йўл билан топиб келганим ҳақида сўрар эдингиз, бу кеча эса сўрамадингиз, – деди.
–Буни ейишга мени очлик мажбур қилди. Буни қайси йўл билан топиб келдинг? – деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу.
–Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтаётиб уларга афсун қилган эдим. Бу хизматимга улар менга ҳақ беришни ваъда қилишган эди. Бугун
уларнинг олдидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди, – деди қул.
–Мени ҳалок қилай дебсан-ку, – деди Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва қўлини оғзига тиқиб қусишга харакат қила бошлади. Еган нарсаси эса чиқмади. У кишига бу нарса фақат сув билан чиқади, дейилди. У киши бир идишда сув олиб келишларини буюрди. Сув келтирилгач, ундан ичиб
қусишга уринди. Охири еган нарсасини чиқариб ташлади. Шунда у кишига “Аллоҳ раҳмингизни есин, бир луқмани деб шунчалик қиласизми?” –
дейилди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Агар еган нарсам жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг “Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга дўзах вожибдир”, деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин деб қўрқдим”, – деди.
Фарзандлар тарбиясида ҳам луқмани ҳалол бўлиши аҳамиятлидир.
Ҳаром таомдан улғайган бола, албатта, бузуқ ва зулмкор бўлади, унга ҳеч қандай панд-насиҳат, таълим кор қилмайди, чунки ҳаромда шайтон бор, ҳаром луқма билан бирга шайтоний табиат ҳам боланинг танасига сингиб боради. Аксинча, ҳалол луқма эса қалбга нур, дилга сурур бахш этади. Ривоят қилинишича, улуғ аждодимиз,
Имом Бухорийнинг оталари Абул Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ўлим тўшагида ётган пайтларида олдиларига яқинлари зиёрат учун киришган экан. Шунда у зот: “Молимдан бирор бир дирҳам на ҳаромдан ва на шубҳадан топилганини билм

айман”, деган эканлар. Ушбу ривоятни Имом Аҳмад эшитганларида “Оталарнинг солиҳ бўлиши фарзандларга ҳам наф келтиради”, деган эканлар.
Биз бугун мана шундай буюк аждодларимизга ҳавас қилсак, етук шахсиятларни тарбия қилиб, етиштирмоқчи бўлсак, аввало бировнинг ҳаққидан ҳазар қилайлик. Ўзимизнинг ва оила аъзоларимизнинг ризқини ҳалолдан бўлишига, унга бирор шубҳали луқма аралашмаслигига жиддий эътибор берайлик.

Б.Сайдалиев

Улуғнор тумани
бош имом хатиби