Ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатмиз ғамхўрлигидан четда қолмайди!

31

Баҳор фасли фасллар ичида энг гўзал, энг нозик фасл бўлиб, ер юзидаги барча мавжудотларнинг, умуман бутун борлиқнинг уйғониш, янгиланиш фасл ҳисобланади.
Бу йилги бахор фасли халқимиз учун ўзгача синовли бўлди.
Аввалига Коронавирус пандемияси…
Сўнгра, Бухоро вилоятида бўрон…
Афсуски, бошимизга келган синовлар шу билан тугагани йўқ.
Халқ катта сувни бежиз бало, деб бежиз айтмаган.
Сирдарё вилоятида рўй берган офат,
Сардоба сув омборидан тўғоннинг бир қисмини ўпириб чиққан катта сув қанча оиланинг ҳаловатини бузди, қанча экин майдонларини пайҳон қилди.
Бу каби бало-қазоларга халқимиз илгари ҳам кўп рўбарў келган ва ҳаммасини мардонавор енгиб, ҳар қандай кутилган ва кутилмаган имтиҳонлардан янада тобланиб, чархланиб, куч-қудратга тўлиб ўтган. Айниқса, табиат имтиҳонлари эл-юрт ҳаётида чуқур из қолдирган: “тарихда мисоллар жуда кўп бунга”.
Шундай оғир дамларнинг биринчи кунлариданоқ оддий одамлар дардига шерик булиш, муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев фавқулотда вазиятлар содир бўлган жойларга етиб бориб, халқимизга далда бўлди.
Бухороликлар хам, Сирдарёликлар ҳам давлатимиз раҳбари етакчилигида бутун халқимиз уларнинг дардига шерик эканини қалбан ҳис этмоқдалар.
Шу кунларда Сирдарёга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан “Мурувват карвонлари” мунтазам бориб турибди. Мушкул вазиятда қолган одамларга улкан ҳажмда инсонпарварлик ёрдами – зарур озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва ҳатто болалар учун турли ўйинчоқлар етказиб берилмоқда. Ёндош туманлар ва қўшни вилоятларда юртдошларимиз сув тошқинидан зарар кўрган одамларга ўз уйидан жой берди. Хусусан, дунёнинг катта қисмида, жумладан, юртимизда ҳам карантин тартиби сақланиб турган бугунги шароитда, энг аввало, оддий инсоний меҳр-мурувватга, кўмакка муҳтож одамларга кўрсатилаётган олижаноб амалий ёрдамнинг аҳамиятини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Бўлган воқеа-ҳодисалар халқимизнинг саховат, меҳр-шафқат фазилатлари нақадар чуқур ҳаётий илдизларга эга эканини яна бир бор амалда исботлади.
Буларнинг барчаси халқимиз иродасини синовдан ўтказмоқда.
Бу дунё ҳар хил синов ва имтиҳонлардан иборат. Аллоҳ таоло инсониятни гоҳида хавф-хатар, очарчилик, табиий офат, инсонларнинг мол-мулки, жонига зарар етказиш билан синаб турар экан.
Ҳақиқий мўмин банда бу мусибатларга сабр, тоқат қилиб, уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг измида эканлигини англайди. Шунда оламларнинг Роббиси уларга ўз раҳматини нозил айлайди. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай зикр қилинган:
“Албатта, Биз сизларни бироз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер.
Улар мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, дерлар…
(Бақара сураси, 155-156-оятлар).
Хозирда аҳолининг турмуш шароитларини тиклаш, зарарланган уйларни таъмирлаш ҳамда янги турар жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади.
Сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон Республикаси Президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.
Юртимизда хеч бир инсон, хеч бир оила давлатмиз ғамхўрлигидан четда қолмайди!

Бахтиёржон домла Қодиров.
Бўстон туман бош имом-хатиби