Қўшничилик ҳақлари ва одоблари

979

Ислом шариатида қўни – қўшничилик муносабатларига жиддий аҳамият берилгани ва жамият тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги йўлида муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланади. Қуръони карим оятларида ва ҳадиси шарифларда чиройли қўшничилик одоблари улар ўртасидаги инсоний муомалалар ҳақида батафсил айтилган. Жумладан, Аллоҳ таоло Нисо сурасида бундай амр қилиб айтади:

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яxшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.

Ушбу оят тафсирида айтиладики: “Агар қўшни мусулмон ҳамда қариндош бўлса, унинг мусулмон қўшнисида 3 та ҳаққи бордир: 1) ислом ҳаққи; 2) қариндошлик ҳаққи; 3) қўшничилик ҳаққи. Агар бегона бўлса 2 та ҳаққи бўлади: қўшничилик ҳаққи ва ислом ҳаққи. Бордию ғайри дин бўлса, битта ҳаққи бўлади, яъни қўшничилик ҳаққи”.

Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилган ҳадисда, жаноб Расулуллоҳ (САВ) шундай деган эканлар:

яъни: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! – деганларида, саҳобалар томонидан: “Ким у, эй Аллоҳнинг расули?” – деб сўралди. Шунда Расулуллоҳ (сав): “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир”, – дедилар”.

Ушбу оятлар ҳозирги сиз билан бизга келган синовли кунларга айтилгандек. Ҳозирги Карантин кунларда Юртбошимиз бошчилигида қўшни давлатларга инсонпарварлик ёрдамлари жўнатилмоқда. Биз ҳам ўз ён қўшниларимизни ҳолидан хабар олиб қўлимиздан келганича ёрдам қўлини чўзайлик. Биз берган арзимаган ҳадялар ўзимизга  қиёмат куни ҳам асқотиб қолишини. Қолаверса ушбу синовли кунлар ортида яна осойишта кунлар келишини яратгандан дуолар қилиб сўраб қолайлик. Азиз ватандошлар! Дарҳақиқат, қўшничилик ҳаққи қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки ундан азиятни кўтариш, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлашлик ҳамдир. Қўшнига биринчи бўлиб салом бериш, бетоблигида холидан хабар олишлик, мусибатда ҳамдардлик билдириб, далда бўлишлик, хурсандчиликда табриклаш, хатоси бўлса уни кечириш, ҳовлисига мўраламаслик, унинг деворига ёғоч қўйиб уни ранжитмаслик, тарновига ўз томи сувини йўлламаслик, ҳовлидан ҳовлига ариқ ўтган бўлса сувни ифлос қилмаслик, қўшнининг деворига мағзава оқизмаслик, ҳовлиси саҳнига тупроқ туширмаслик, ҳовлисига олиб кириб кетаётган нарсаларига назар ташламаслик, унинг сўзлашувига қулоқ солмаслик, унинг ҳовли-ҳарам – аёл-қизларига қарамаслик, агар қўшни йўқ бўлса, унинг оиласи  юмушларида ёрдам бериш – буларнинг бариси қўшнининг ҳаққи бўлиб ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибн Умар (рз.) ривоят қилган бошқа ҳадисда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) марҳамат қилган эканлар:

яъни: “Аллоҳ ҳузуридаги дўстларнинг яхшиси дўсти учун хайрли бўлганидир. Аллоҳ ҳузуридаги қўшниларнинг яхшиси қўшниси учун хайрли бўлганидир”,

Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда яна шундай дейилади: “Агар қўшни бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим” – каби ўгитларни айтган эканлар.

Қўшниларнинг бир-бирлардаги ҳақларини баён қилишдан Ислом динининг мақсади ва ғояси шуки, мусулмонлар, балки ер юзидаги барча халқлар ўзаро тинч-тотув, осойишта, бир-бирларини иззат ҳурмат қилган ҳолда яшаб боришга ундашдир.

Расулуллоҳ (САВ) қариндош – уруғлар, қўни – қўшнилар билан саломла –шиб, ҳол – аҳвол сўраб бўлса ҳам, доимо меҳр – оқибат кўрсатиб туришни тавсия қилганлар.

Азиз юртдошлар! Қўшни деганда фақат маҳаллада, ёнма – ён  хонадонларда яшовчи инсонларни тушунмаслик лозим. Қўшни деганда чор – атрофимиздаги қўшни давлатларни ҳам, албатта, назарда тутишимиз зарур. “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган халқ мақоли уларга ҳам тааллуқлидир. Айниқса, асрлар оша қон – қариндошлик ришталари мустаҳкам бўлиб келган, дини бир, мазҳаби бир, мусулмон халқ деб аталмиш табаррук унвонга эга бўлган бу қўшни қардошларимиз билан бизнинг ўртамизга арзимас сабаблар туфайли раҳна тушиши мутлақо мумкин эмас. Аллоҳ таоло доно раҳбарларимизнинг тинчлик ва осойишталикни барқарорлаштириш, халқларимиз ва давлатларимиз ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган барча хайрли ишларида каттадан катта муваффақиятлар ато айласин!

Аллоҳ таоло дунёдаги барча халқлар ўртасидаги дўстлик – биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни – қўшнилар билан самимона алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Яратганнинг Ўзи барчаларимизга насибу рўзий айласин!

Нуруллоҳ Бойматов

Андижон тумани

“Файзибой ҳожи”

жоме масжиди имом – хатиби