—Иброҳим а.с.ни ўғлини қурбонлик қилдириш билан синаган ва Исмоил а.с.нинг ўрнига жаннатдан қўчқор туширган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Иброҳим а.с.дан Исмоил а.с.га ўтган нури илоҳий Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо с.а.в.га чексиз дуруду саловотлар бўлсин. Ва У нури илоҳий билан дўстлашиб, ундан нур олишган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфирати бўлсин.

—Муҳтарам азизлар, мана муборак ой, муборак кунларга ҳам етиб келдик. Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз. Бу ой Зулҳижжа; ҳаж ва қурбонлик ойидир, ҳаммамизни унинг баракоти ва фазилатидан баҳараманд қилсин.

—Ҳозирда мана барчаларимиз Говид-19 пандемия даврида УзМининг тавсиялари билан карантинга амал қилган ҳолда уйда оила даврасида ўтказмоқдамиз. Аллоҳ таоло барча ибодатларимизни қабул айласин.

—Албатта Аллоҳ Таоло бир йилдан учта ўн кунликни бошқа кунларга қараганда фазилатлироқ этди:

1) Рамазон ойининг охирги ўн куни, чунки унда қадр кечаси бор, унда эътикофга ўтирилади .
2) Муҳаррамнинг аввалги ўн куни, чунки унда Ашуро куни бор.
3) Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни, чунки бунда тарвия, арафа, қурбонлик, талбия, ҳаж кунлари бор.

—Пайғамбаримиз с.а.в. Зулҳижжа ойининг фазилати ҳақида шундай марҳамат қилганлар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم ما من ايام العمل الصالح فيها أحب إلى الله من هذه الأيام
“Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ учун ушбу 10 кунчалик маҳбуб эмас”.

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه وسلم : قال ما من أيام أحب إلى الله أن يتعبد له فيها من عشر ذي الحجة يعدل صيام كل يوم منها بصيام سنة وقيام كل ليلة منها بقيام ليلة القدر

—“Аллоҳ таоло учун Зулҳижжа ойининг 10 куничалик Унга ибодат қилишдай маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса, Қадр кечасини бедор ўтказишга тенгдир”.

أزواج النبي صلى الله عليه وسلم قالت: كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصوم تسع ذي الحجة ويوم عاشوراء وثلاثة أيام من كل شهر أول اثنين من الشهر والخميس

—Пайғамбаримиз с.а.в.нинг жуфти ҳалоллари дейдилар: “Набий с.а.в. Зулҳижжанинг 9 кунида ва Ашуро кунида ва ҳар ойнинг 3 кунида рўза тутар эдилар”.

—Худои таборак ва таоло бойлик берган бандаларига мурожаат қилиб шундай дейди:

(Ҳаж сураси 34 – оят)
وَلِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنسَكًا لِيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَى مَا رَزَقَهُم مِّن بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ

—“Биз (ўтган) барча умматга қурбонлик қилишни буюрганмиз Аллоҳ таоло берган чорва ҳайвонларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз”.

—Демак, биздан олдинги умматлар, Иброҳим а.с.дан бошлаб то Ийсо а.с.гача бўлган умматларга Аллоҳ таоло қурбонлик қилишни буюрган. Албатта, қурбонлик қиссаси, яъни Иброҳим а.с. бошларидан ўтказган воқеа бизларга маълум ва машҳурдир. Бу билан Худои таоло бизларга ўзининг меҳрибонлигини кўрсатиб, ҳамда бизларни имтиҳон қилаяпти. Имтиҳони шундаки, худди закот каби бизлар ўзимизнинг меҳнату машаққатимиз билан топган бойлигимиздан ҳозирда Пандемия даврида қўни қўшниларга, етим-есирларга, бева-бечораларга хурсандчилик улашишдир. Имтиҳонлиги ҳам мана шунда, яъни тўплаган бойлигимизни Худодан эмас, балки ўзимизнинг кучимиздан деб биламиз. Агар бир тижоратчидан сўрасак, “Ака, шунча бойлигингиз бор экан-да” десангиз бўлди. Ундан кейин дейдиёни эшитинг. “Ҳа биродар, биз ҳеч ким, булар ҳаммаси Аллоҳнинг берган бойлиги, кўп бўлса имтиҳонидир”, дейишликнинг ўрнига “Ука сен биласанми, мен бу бойликка етишаман деб, кечани кеча демай, совуқни совуқ демай йўлларда юриб, қанча-қанча заҳмату машаққатлар билан топганман…” шукр қилиш йўқ, Парвардигорни эслаш йўқ. Тўғри бирортамиз “Олма пиш оғзимга туш” дейишлик билан бойликка етишолмаймиз.

—Аммо, Худойи таоло шу куч-қувватни бермаса, шу ризқни бермаса, баракасини ҳам бермаса, ўзинигизни минг букинг, дунёни бу четидан у четигача бориб келинг фойдаси бўлмайди.

—Ҳа азиз биродарлар, имтиҳонлиги ҳам мана шунда, Парвардигори олам ҳар бандани бу дунёда ҳар-хил синайди.

—Қурбон ҳайити муборак бўлсин!

 

Ботирхон домла Фахриддинов,

Андижон шаҳри “Мирпўстин ота”

жоме масжиди имом-хатиби