Маълумки, Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ва фазлу карами билан айрим кунлар ва ойларни бошқаларидан кўра фазилатли қилиб қўйган. Ушбу афзаллик мўминлар хайрли ишларга қаттиқроқ берилмоқлари, Аллоҳ таолога яна ҳам яқинроқ бўлиб, кўплаб ажру-савобларни қўлга киритмоқликлари учундир. Аммо атрофга назар ташласангиз, кўпчилик мусулмонларнинг фазилатли вақтлардан мутлақо ғофил эканларини кўрасиз. Улар улуғ ажру-савоблардан маҳрум қолиб, ушбу фурсатларни ғанимат билмайдилар.
Масалан, Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни дунё кунларининг энг афзали ва уларда қилинган амаллар, бошқа кунда қилинган амалларга қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:
“Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкликроқ эмас”.
Савол: Нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунда қилинадиган солиҳ амалларни бошқа кунларда қилинадиган солиҳ амаллардан кўра Аллоҳга суюкликроқ деганлар?
Жавоб: Чунки Аллоҳ таоло ушбу Зулҳижжа ойини бошқа ойлардан бир неча сабабларга кўра фазилатли қилиб қўйган:
- Зулҳижжа ойи тўрт Муҳаррам (ҳурматли) ойлардан биридир. Муҳаррам ойлари Аллоҳнинг наздида бошқа ойлардан кўра фазилатлироқдир.
Аллоҳ таоло “Тавба” сурасининг 36-оятида шундай дейди:
“Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони, Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (қилинган) ойлардир”.
Ушбу тўрт ойлар: Зулқаьда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир.
- Зулҳижжа ойи ислом динининг беш арконидан бири бўлмиш Ҳаж ибодати бажариладиган ойлардан.
Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 197-оятида шундай дейди:
“Ҳаж маьлум ойлардир”.
Ўша маьлум ойлар, Шаввол, Зулқаьда ва Зулҳижжа ойларидир.
- Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида Ҳаж амалларининг энг кўпи адо қилинади. Зулҳижжанинг саккинччи куни Тарвия куни, тўққизинчи куни Арафа куни, ўнинчи куни Ҳажнинг фарзи бўлган тавофи ифоза бажариладиган кун, ҳайит байрами куни, қурбонлик қилинадиган кунлардир. Шу ва бошқа сабабларга кўра Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни бошқа кунлардан кўра фазилатлироқдир. Шундай экан бу кунларни ғанимат билиб, қўлдан келганича тоат-ибодатлар, нафл рўзалар, хайр-эҳсонлар, зикр, тасбеҳ, такбир, таҳлил, истиғфор, тавба ва шунга ўхшаш солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳ таоло томонидан биз бандаларига ато қилинган улуғ фурсатдан фойдаланиб қолайлик.
Нодирбек домла Кенжаев,
Андижон шаҳри “Бобо Таваккул”
жоме масжид имом-хатиби