Имоми Аъзам (р.а.) ҳузурига бир аёл келди. “Акам вафот этди, ундан олти юз дирҳам мерос қолди. Шундан менга бир дирҳамгина тегди”, деб тақсимот адолатсиз бўлганини билдирди. Имоми Аъзам меросни ким бўлиб берганини сўради. Аёл: “Довуд Тойи”, деб жавоб берди. Шунда ҳазрат: “Меросни тўғри тақсим қилибди”, деди ва аёл билан ораларида бундай суҳбат бошланди:
– Вафот этган акангизда иккита қиз қолганми?
– Ҳа.
– Онаси ҳам ҳаётми?
– Ҳа, ҳаёт.
– Битта аёли ҳам борми?
– Ҳа, бор.
– Яна ўн иккита ака-укаси бор, тўғрими?
– Тўғри.
– Бундан ташқари биргина сиз қолдингиз, – деди Имом Аъзам ва ана шу олти юз дирҳам мероснинг қандай тақсим қилинганини айтиб берди. Ваҳоланки, аёл бу ҳақида ҳеч нима демаган, Имоми Аъзам илми, тафаккури ва чуқур ақл-идроки билан фаҳмлаган эди. Ҳазрат масала ечимини бундай баён қилди:
– Марҳумнинг иккита қизига мероснинг учдан икки қисми, яъни, тўрт юз дирҳам тегади. Онасига мероснинг олтидан бири, яъни, юз дирҳам берилади. Марҳумнинг хотинига эса саккиздан бир улуш, яъни, етмиш беш дирҳам тегади. Қолган ўн иккита ака-укасига икки дирҳамдан, жами йигирма тўрт дирҳам берилади. Буларнинг ҳаммаси беш юз тўқсон тўққиз дирҳамни ташкил қилади. Ана шунда меросдан қолган бир дирҳам сизнинг улушингиз бўлади.
“Еттичинор” масжиди имом хатиби
Мақсудали Қосимов тайёрлади.
Мақола ушбу сайтдан олинди:
http://irfon.uz/2016-yil-1-son/1634-zukkolik.html