Занглаган қалблар шифоси

1829

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради. Савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият қилганда эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади», дедилар. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?» деб сўралди. У зот: «Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш», дея марҳамат қилдилар». Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб – йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради. Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Вақти соати келганида дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади. Одам ўлимни эсдан чиқариб, дунёга кўнгил қўйгани учун қинғир йўлларга кириб кетади. Чунки ўлимни унутган кимса, «Бу дунёда абадий қоламан», деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Ҳар бир тирик жон бошида ўлим қисмати бор. Бундан қочиб қутилиб бўлмайди. Ақлли инсон умр дафтари ёпилмасидан олдин ўлимга тайёргарлик кўради, охират озуқасини шай қилиб, фоний дунёдан охиратга хотиржам риҳлат қилади.

Бир нарсани унутмайлик: ўлимни эслаган билан одам ўлиб қолмайди. Ғафлат босиб, ўлимни эсдан чиқаришдан ёмони йўқ.

Ўлимни эслаган одам камтарин, дийдаси юмшоқ, меҳрли бўлади. Баъзилар худди ўлмайдигандек, дунёга устун бўладигандек қадам босади. Кибр билан унча-мунчасини назар-писанд қилмайди, одамларни оёқ учида кўрсатади.

Беш кунлик бу дунёда мансаб-мартабага, бойликка ишониб, азиз инсонлар дилини оғритади, ўзгаларга паст назар билан қарайди. Доно халқимиз «Тўқ бўлсанг, мозорга бор, оч бўлсанг, бозорга бор», деб бежизга айтмаган. Қабристонни зиёрат қилсак, қабрлар ичида не-не инсонлар: шоҳу гадолар, фақиру-бойлар ётганини кўриб, кўзимизнинг ёғи эрийди, шикаста қалб бўлиб қоламиз. Аслида ҳар бир инсон ҳафтада ёки ўн беш кунда бир мозорларни зиёрат қилиб турса, дийдаси юмшайди, қалби мумдек эрийди. Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатдан ҳам Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўъмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Унутмайлик: қалб зангини, кўз ширасини зеб-зийнатлар, бойлик, обрў-эътибор билан кетказиб бўлмайди. Қалби зилол сувдек мусаффо, икки дунёси обод бўлишини истаган инсон охиратни унутмайди.

Манбалар асосида Муҳаммад Қуддус Абдулманнон тайёрлади.
Хўжаобод туман «Етти чинор» жоме масжиди имом ноиби