Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Маълумки, Президентимиз ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари суриб, ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари давлат сиёсати даражасида эътиборга олинди. Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати эса қадимдан ота-боболаримиз томонидан шаклланиб келган асл миллий ва диний қадриятларимизни аҳамияти нечоғлик муҳим эканини кўрсатиб бермоқда. Зеро, эртанги фаровон ҳаёт жамиятни мукаммал ахлоқ тамойиллари асосида барпо қилиш, оилада баркамол фарзанд тарбияси, унинг жисмонан бақувват, руҳан тетик, маънан етук, ақлан ва ахлоқан гўзал бўлиб етиши билан белгиланади.
Буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ”Одоб дурдоналари” (Ал-Адаб ал-муфрад) китобида келтирилган муборак ҳадиси шарифда “Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди”, дейилади.
Мамлакатимиз аҳолисининг 31 фоизи, ёки 10 миллион нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади.
Нима учун давлатимиз раҳбари айнан ёшлар масаласига алоҳида урғу бермоқда? Давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро ташкилотлар минбарларидан туриб, жаҳон ҳамжамиятини ёш авлод турли бузғунчи ғоялар ва радикал гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олишга чақирмоқда. Асосий эътиборни маърифатга, ёшларнинг маънавий ва ахлоқий тарбиясига қаратиш, лозимлигини жонкуярлик билан таъкидламоқда. Бу бежиз эмас, албатта.
«Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди», дейди донишмандлар. Ёшлар тарбияси мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўймаслик лозим.
Ҳозирги кунда дунё миқёсида бешафқат рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кескин тус олмоқда. Глобал муаммолар – халқаро терроризм, экстремизм, муросасизлик, саводсизлик, жаҳолат, қашшоқлик, зўравонлик ғояси “вируси”, “оммавий маданият”, одам савдоси, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандаси, ноқонуний миграция каби хавф-хатарлар кучайиб, одамзод асрлар давомида амал қилиб келган эътиқодлар, қадриятларга путур етказмоқда.
Ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб вояга етказишга кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ёшлар тарбиясига барчамиз масъулликни ҳис қилиб, жамиятимизга хос бўлмаган иллатларга қарши биргаликда курашишимиз лозим. Ёшлар – ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Уларнинг онги учун вайронкор ҳамда маърифатпарвар ғоялар ўртасида кураш давом этаверади. Ушбу ғоявий курашда эса ўзининг эзгу амалий ҳаракатлари билан ёшларнинг ишончини оқлай олган томон ғолиб бўлади. Зеро, баркамол авлод ва юксак ахлоқли ватанпарвар ёшлар бугунимиз ва эртамизнинг ҳақиқий давомчиларидир.
Олтинкўл туман бош имом-хатиби М. Тўрақулов