ЁШЛАРНИ ВАТАНПАРВАРЛИК РУХИДА ТАРБИЯЛАШ

922

Sabot.uz, [10.01.20 19:57]
[Переслано от OTABEK DOMLA JALABEK OTA]
ЁШЛАРНИ ВАТАНПАРВАРЛИК РУХИДА ТАРБИЯЛАШ.

Ҳар қандай эзгу ният, орзу ва мақсаднинг амалга ошириш, аввало, жамиятдаги мустаҳкам тинчлик ва хотиржамликка боғлиқ. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳақиқатдир. Сир эмаски, ҳозир дунёнинг айрим мамлакатларида сиёсий беқарорлик ҳукм сураётган бўлса, бошқа бир юртда террорчилик, наркобизнес каби миллат танламас иллатлар халқаро хавфсизликка таҳдид солмоқда. Бу каби ҳолатлар эса бизнинг тинч ва фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам асоси бўлган истиқлолимизга шукрона қилиш ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.

Ўтган чорак аср йилларида юртимизда тараққиёт асосида барқарор тинчликни сақлаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва халқимиз турмуш даражасини юксалтириш борасида улкан натижаларга эришилди. Ана шу ютуқларимизда бугунги замон талаблари асосида шаклланган қуролли кучларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатидир. Бу Давлатимизнинг Асосий қонунида ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, унда қайд этилишича, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади”. Шу мақсадда 1991 йилда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январь куни эса мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим тадбирга қўл урилди. Республикамиз ҳудудидаги барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларни Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Ислом дини таълимотида Аллоҳ таоло Одам наслидан дунёга келган зурриётларни ер юзида турли миллат ва элатларга бўлиб қўйди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб бундай дейди:

“Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак(Одам) ва бир аёл(Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни(турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.

Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг учун она Ватанга айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб туриб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим” деганлари сийрат китобларида баён этилган.

Демак ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиятида мавжуд бўлган нозик ҳис туйғудир.

Тарихдан маълумки, бирор-бир миллат бошқа бир миллатни хорламоқчи бўлса, аввало унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро, ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Буюк аллома Алихон тўра Соғуний (Аллоҳ ундан рози бўлсин)нинг қуйидаги сўзидаги она-Ватанни севган ва унинг йўлида жон фидо қилишга тайёр бўлган ҳар бир киши қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади: “Ҳар бир инсонга маълумдурки, дунё ҳаётида инсоннинг энг севган, қадрли, қимматли тўрт нарсаси бордир. Бу тўрт нарсага эга бўлмаган кишилар инсонлик шарафидан маҳрум бўладилар. Улар: озодлик ва эркинлик, меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиши, туғилиб ўсган она- Ватани ҳамда асрлар бўйи эътиқод қилиб келаётган муқаддас динидир”

Донишмандлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она-Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаравон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади, албатта.

Аллоҳ таоло азиз Ватанимиз ҳимоячиларини – Қуролли кучлар сафида хизмат қилаётган барча ҳарбийларни ҳифзу ҳимоясида сақласин.

Отабек Хусанов

Олтинкул тумани

“Жалабек ота” жоме масжиди имом-хатиби