Фарзандингиз сизга яхшилик қилиши учун унга қандай ёрдам беряпсиз?
Биринчидан, фарзанд ҳали дунёга келмасидан аввал унга муносиб она танлаш зарур. Чунки аёллар ўзига, ака-ука ва опа-сингилларига ўхшаш фарзандларни дунёга келтирадилар. Шунга кўра, ўз аҳлига яхшилик қилувчи аёл келажакда оиласига яхшилик қиладиган фарзанднинг, солиҳа аёл эса солиҳ фарзандларнинг дунёга келишига сабаб бўлади. Умуман олганда, фарзандларнинг солиҳ ва баркамол бўлиши учун улар туғилишидан олдин муносиб она танлаш энг муҳим иш бўлиб, бу нарса эркак кишидан жиддий диққат ва эътиборни талаб қилади.
Ахир боғу бўстонга ўхшаш оилада тарбия топиб, улғаяётган қиз бамисоли қуп-қуруқ биёбон бўлган оилада ўсаётган қиздан бутунлай фарқ қилади-да! Қусур ва нуқсонларга тўла аёл эмизиб, вояга етказадиган фарзанднинг келажакда комил инсон бўлиб етишишини қандай тасаввур қилишимиз мумкин?!
Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига фарзандининг ўзига оқ бўлганини айтиб, шикоят қилиб келди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унга ўша фарзандини ҳам олиб келишни буюрдилар. Фарзанд келгач, у зот ундан бу ҳақда сўрагандилар, у шундай савол билан жавоб қилди:
– Эй мўминларнинг амири! Менинг отам зиммасидаги ҳаққим нималардан иборат?
Ҳазрати Умар унга:
– Онангни ва исмингни танлашда гўзал йўл тутмоғи ҳамда сенга Қуръондан ўргатмоғи, – деб жавоб бердилар. У эса:
– Отам мен учун буларнинг биронтасини қилмаган, – деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу отага қараб: «Боравер! Ўғлинг сенга эмас, сен ўғлингга оқ бўлибсан», дедилар.
Юқоридаги воқеадан ҳам очиқ-ойдин билиниб турибдики, фарзандингиз учун муносиб она танлаш ғоятда муҳим ва масъулиятли вазифа ҳисобланар экан. Шунингдек, турмушга чиқаётган қизлар ҳам бўлажак фарзандларининг отаси қандай инсон бўлишига алоҳида эътибор қаратишлари талаб этилади.
Бахтиёжон домла Қодиров
Бўстон туман бош имом хатиби