Чархпалак дунё айланаверади. Инсон зурриётлари келиб кетаверади. Яқиндагина туғилган болалар бир пастда катта бўлиб уйланиш ёшига етади.
Қанча узоқ яшаганимиз сари йўлнинг поёнига яқинлашиб бораверамиз. Буни аниқ билсак-да, ўзимизни ҳеч нарсани сезмаганга олаверамиз. Фақат бир нарсани унутмаслигимиз керакки, биз ҳозирги ёшлардан нималарни умид қилаётган бўлсак, бир пайтлар бизнинг ота-онамиз шундай умидвор бўлган.
Биз уларнинг ишончини нечоғлик оқлай олдик. Ҳаётда қандай ютуқларга эришиб, ўтганлар руҳи олдида виждонимиз хотиржам бўлдию, қандай хатоларимиздан хижолатдамиз, аждождлар олдида шармандамиз…
Биз-ку, ғанимат даврни қўлдан бергандирмиз. Уни қайтаришнинг иложи йўқдир. Лекин биздаги имконият – биз қилган хатоларни ёшлар содир қилишига йўл қўмаслигимиз ва биз эришган ютуқлар сирини уларга ўргатишимиздир. Зеро, ёшлар бизнинг келажагимиздир.
Ёшлик даври ҳаётнинг энг ғанимат даври ҳисобланиб, унда тана аъзолари куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар жўшқин бўлиб, киши кўп ютуқларни қўлга киритиши мумкин бўлади. Ёшлик даври ғаниматлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар:
” …اِغْتَنِمْ شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ…” (رواه الإمام الترمذى).
яъни: “Ёшлик даврингни кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билгин ва бўш вақтингни машғул бўлиб қолишингдан олдин ғанимат бил!” (Имом Термизий ривояти).
Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил оқимлардан қаттиқ ҳазар қилиш ва ҳоказо зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади.
Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.
Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин. У муҳтожлигингда ёрдамчинг, қийин кунларингда қўлловчинг, маъюслигингда қувончинг, хотиржамлигингда зийнатинг бўлади”.
Айтибдиларки, “Отанинг насиҳат, таълиму тарбияси фарзандга таъсир қилмоқ учун, аввало, ўзи ҳам солиҳ бўлмоғи лозим. Киши бировнинг фарзандига зиён етказмаслиги, ёмонлик қилмаслиги керак, чунки унинг зарари замонлар ўтиб, ўз фарзандларига қайтиши мумкин. Масалан, ҳазрати Юсуф алайҳиссаломга акалари ёмонликни раво кўрди, қудуққа ташлаб кетди. Оқибатда неча замонлар ўтиб, ўзларининг фарзандлари Фиръавн қўлига асир тушди.
Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди. Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандлардан ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Замахшарий, Имом Марғилоний, Имом Косонийлар каби буюк олиму алломалар чиқади. Иншааллоҳ. Манбалар асосида
Ҳусанбой домла Сотволдиев,
Асака тумани “Икром ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби