Ислом дини динларнинг ичида мукаммаллиги – унинг бошқа динларда етарли бўлмаган гўзал хулқ-одоблар билан безанганлигидадир.
Яхшилик қилган инсонга яхшилик қайтариш одамийлик хусусиятини унутмаган инсоннинг қўлидан келиши табиий. Бироқ, ёмонлик қилаверадиган кимсага яхшилик қилиб, ҳожатини чиқариш солиҳ зотларнинг энг юксак ахлоқларидандир. Қуръони каримда ҳам Аллоҳ таоло таълим бериб, “Ёмонликни яхшилик билан даф қилгин шунда сен ва унинг орсида адовати бор кимса ҳам қайноқ дўст каби бўлиб қолур” дея марҳамат қилган. Ҳикояда келишича, бир деҳқонни ит қопиб оёғини узиб олибди, оғрикдан вой-войлаб ухлаёлмай ўтираркан бир кичик қизи отасига таъна тошини ташлади. Отажон итни тиши бўлса сизда тиш йўқми? Додлаб турган деҳкон кулиб юборди ва қизига ўгирилиб шундай дебди:
Қувватим етарли олсам интиқом,
Аммо нечук қилай оғзимни ҳаром.
Агарда бошига қилич келса ҳам,
Ит пойига бошин урмайди одам.
Ёмонга ёмонлик қилмоқлик осон,
Аммо ит бўлолмас ҳақиқий инсон.
Бундай олийжанобликда бутун инсониятга намуна бўлган Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ислом дини ва иймон эътиқодини барчага етказиш йўлида жуда кўп мушриклар тарафидан зулм ва дашномлар остида сабр қилдилар. Энг яқинларидан айрилдилар. Вақтики келиб ўша мушриклар асир олингач, интиқом олишга қодир бўла туриб, олийжаноблик жиҳатидан барчасини кечириб юборганлари барчамизга маълумдир. Шундай экан биз мусулмонлар бир биримизга кечиримли бўлиб, ёмонлик қилаётганларга ҳам яхшилик қилаверсак хотимаси яхши бўлади экан. Аллоҳ ҳаммамизга Исломнинг кечиримлилик ва назокат ҳамда хуш феъллигини насиб этсин. Омин!
Искандар домла Ортиқов,
Олтинкўл тумани “Далварзин”
жоме масжиди имом-хатиби