Маълумки, Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унга бир неча гўзал фазилатларни ато айлаган. Бу фазилатлар инсоннинг зийнати ҳисобланади. Қадимги битикларда шундай маълумотларни учратиш мумкин.
Бобомиз Амир Темур муҳрининг устида учта ҳалқанинг шакли бор. Бундаги ёзув эса “рости ва рости” сўзидан иборатдир. Маъноси тўғри бўлсанг нажот кўрурсан. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ростгўйлик мазмунли умр ва барча эзгуликларнинг таянчидир. Гўзал фазилатлар ила инсон жамиятда, инсонлар орасида ўзига яраша обрў-эътиборга эга бўлади. Мана шундай фазилатлардан бири – бу ростгўйлик фазилатидир. Ростгўйлик инсоннинг маънавий бойлиги бўлиб, инсонни ҳамиша олий бахт сари етаклайди. Ростгўй инсонга ҳамма ишонади. Ростгўйлик инсоннинг фазилатли хулқларидан бири сифатида ҳаётдаги ҳамма ишларнинг тартибда бўлишини таъминлайди. Мусулмон киши ихлосманд ва тақводор бўлиши билан бир қаторда ростгўй бўлиши ҳам лозим. Қуръони каримда ҳақ таоло бундай деди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (имонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!”. Аллоҳ таолонинг бу амрида икки нарсани рўёбга чиқариш талаб қилинади:
Биринчиси – инсон ўз сўзида рост сўзловчи, иккинчиси – инсон ростгўйлар билан бир сафда бўлишлигидир. Демак, ростгўйлик – сўзда, гапда, амал қилишда, тоат-ибодатда, ҳар қандай вазифани адо этишда бўлиши лозим экан. Ростгўйлик халқимизда тўғрилик тушунчаси билан чамбарчас боғлангандир. Тўғрилик бўлмаса ҳар қандай иш хароб бўлади. Сўзи тўғри инсоннинг амали ҳам, юриш туриши ҳам тўғри бўлади. Тўғри бўлмаганлар эса ҳеч қачон узоққа боролмайдилар. Кўпинча ёлғон гапирган одам ўзини бир балодан қутилгандек ҳис қилади, маълум вақт бундан қониқиш ҳам олиб юради. Бугунги кунда баъзи инсонларга оддий ҳолга айланиб бораётган ёлғончилик, ваъдага вафосизлик, товламачилик, бировни алдаб пул ва нарсасини олиш, қарз, омонатга нарса олиб, бермасдан юриш, оддий ҳолатларда ҳам ёлғон гапириш, ўз манфаатини ўзганинг манфаатидан, ҳаққидан устун қўйиш каби разил иллатлар, оғир гуноҳлар борки, улар инсоннинг умри, ризқи, моли, оиласидан барака кетказади. Масалан: шофёрларимиз қаерда келётганликларини телефон орқали сўралса, кетаётган жойидан 5-6 км фарқи бор манзилда кетаётганлигини, 10 минутда етиб боришлигини ҳеч иккиланмай ёлғондан айтадилар. Кутаётган мижозни ёнига ваъда берган вақтидан анча кеч қолиб келадилар. Мижоз кейинчалик ўша ёлғони туфайли унга ишонмай қўяди. Ваъдага вафо қилмаслик эса мўмин мусулмонга ёт бўлган хислатдир. Пул олди берди муомиласида ҳам ачинарли холатлар жуда кўп учрайди. Қарз сўраётган инсон шу олаётган қарзини қанча мухлатда қайтара олишлик имконияти тўғрисида ўйлаб ҳам ўтирмасдан қўрқмасдан ваъда бериб қарзни олади. Кейин вақтида қайтара олмагандан сўнг янги ёлғонлар тўқишга мажбур бўлади. Натижада ёлғончи, фирибгар деган ном олганини билмай ҳам қолади. Афсуски, дўконлардаги савдо-сотиқда, хайвон бозорларидаги савдо-сотиқларда хам шу каби салбий холатларни жуда кўп кузатишимиз мумкин. Ёлғончилик ҳамма ёмонликларнинг манбаидир, соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, у барча иллатларнинг доясидир. Рост гапирмаслик ўзимизга ва жамиятга жуда катта зиёнлар келтиргани боис, у Ислом динида ҳаром қилинган. Негаки, ислом динининг муқаддас манбаи ҳисобланган Қуръони каримнинг аксарият оятлари ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуда кўплаб ҳадиси шарифларида ростгўйликка тарғиб қилинади, ёлғондан қайтарилади. Ҳақиқий мўминлар ростгўйликни маҳкам тутадилар ва Аллоҳ таоло Қуръони каримда ишора қилган улуғ савобларга эришадилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилди: “Бу кун содиқ (мўмин)ларга тўғри сўзлиги фойда берадиган кундир”. Улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннат боғлари бордир. (Улар) у ерда абадий бўлурлар”. Улардан Аллоҳ рози ва улар Аллоҳдан рози бўлурлар. Бу буюк бахтдир”.
Маълумки, Ислом дини инсонларни доимо бир- бирлари билан яхши муомалада бўлиб, гўзал хулқ ва одобда бўлишга амр этган. Шунингдек, уларни доимо ҳақ сўз ва рост сўзлашга, аҳдга вафо қилишга буюрган. Чунки ёлғон, хиёнат, туҳмат, бўҳтон, вафосизлик каби қабиҳ ишлар инсоннинг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келмасидан ҳам илгари шу даражада ростгўй эдиларки, қабиладошлари У зотга “амин (ишончли)” деб ном берган эдилар. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки, барибир ёлғоннинг охири вой”.
Ростгўйликнинг энг олий даражаларидан бири “сиддиқлик” ҳисобланади. Ростгўйлик Қуръони каримда “сидқ”, “сиддиқ”, “содиқ” тушунчалари билан қўлланилиб, 140 га яқин оятларда тилга олинади. Бу эса ҳар бир мусулмон эътибор бериши керак бўлган асосий масалалардан бири эканини кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғончилик мўмин кишига номуносиб хулқ эканлигини таъкидлаганлар: “Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик эмас”, – деганлар. Демак, ҳақиқий мўмин Аллоҳдан қўрққан, унга бўйсунган, жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган кишида хиёнат ёлғончилик бўлмаслиги лозим. Инсонлар учун энг ёмон сифатлардан бири – бу ёлғончиликдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни Қуръони каримда қаттиқ огоҳлантирган. Ислом таълимоти ёлғон гувоҳлик беришни улкан, яъни катта гуноҳ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, – деб сўрадилар. Биз, “Ҳа айтинг, эй Аллоҳнинг расули!”, – дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмоқ, ота-онага оқ бўлмоқ”, – деб суяниб тургандилар, ўтириб олдилар: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ деб такрорлайвердилар, биз, ҳатто қанийди сукут қилсалар”, – деб айтдик. Аллоҳ таолони яхши кўрган бандалари ёлғон гувоҳлик бермаслиги ҳақида шундай марҳамат қилади: “Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ё иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар”. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдибдиларки: “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса уни беҳиштга етаклайди. Албатта, киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Албатта, ёлғон (ўз соҳибини) ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доимо ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади”. Бошқа бир ҳадисда эса: “Бу дунёда беъмани гапларни кўп гапирадиган одамнинг гуноҳи қиёмат куни кўп бўлур”. Тўғрилик ва эзгулик адолат таянчидир. Тўғри юрган етар муродга, эгри юрган қолар уятга. Тўғри одамга манманлик, худбинлик, порахўрлик, ёлғон сўзлаш, мақтанчоқлик ёт нарса бўлиб, улар худди ёниб турган шамга ўхшайди. Чунки шам қисмати ёниб тугагунча нур таратади, ёруғлик беради. Ростгўй ва тўғри кўнгилли кишилар ҳам ҳаёти давомида меҳр- садоқат хислатларидан элни баҳраманд этадилар.
Муҳаммадазиз домла Қодиров
Булоқбоши тумани “Мехри Кулол Азиз”
жомеъ масжиди имом-хатиби