Йиллик сарҳисоб – келажак самараси

1018

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Ортимизда қолаётган 2016 милодий йил мустақил она – Ватанимизнинг узоқ ва яқин ҳудудларда тинч-омон, фаровон яшаётган барча халқлар, шу жумладан мўмин-мусулмонлар ҳаётида ҳам эсда қоларлик оламшумул жараён ва воқеаларга бой бўлди.

Аллоҳ таолонингмарҳамати билан меҳнаткаш халқимиз ижтимоий-иқтисодий жабҳаларида катта муваффақиятларга эришдилар. Биргина Фарғона водийси билан боғловчи темир йўлнинг ишга туширилиши халқимизга қанчалик қувонч бағишлади. Айниқса “2016 йил Соғлом она ва бола” йилида хотин қизлар, хусусан оналар ва фарзандлар соғлиғига катта этибор қаратилди. Шаҳар, қишлоқларда ҳатто чекка ҳудудларда ҳам сиҳҳатгоҳлар, шифохоналар, болаларни даволаш муассасалари бунёд этилди ва замонавий тиббий жиҳозлар билан тўла таъминланди. Бунинг барчаси ҳазрати инсон омилига мустақил ва азиз давлатимиз, ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг бир кўриниши десак, асло хато қилган бўлмаймиз. Хусусан, Дастур ижроси учун барча манбалар ҳисобидан 7 триллион 480 миллиард сўм ва 190 миллион доллардан зиёд маблағ сарфланди. Биргина тиббиёт муассасаларини замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш учун 80 миллион доллар, қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш, туман ва шаҳарлардаги сув тармоқларини модернизация қилиш мақсадида 100 миллион доллар маблағ жалб этилди. 9 миллионга яқин фарзанд кўриш ёшидаги аёллар ва 10 миллионга яқин болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғломлаштирилди.

Афсуски, ушбу йилда биз оғир йўқотишга учрадик. Муҳтарам биринчи Президентимиз, мустақиллигимизнинг асосчиси Ислом ота Каримовдан жудо бўлдик. Аллоҳ у инсонни жойларини жаннатда қилсин.

Шу билан бирга мамлакатимиз халқимиз бу синов олдида жипсланиб мамлакатнинг янги раҳбари – Президентини сайлаш жараёнида фаол иштирок этиб, сиёсий жараён жабҳасида ўзларининг Кониституцион ҳуқуқларидан тўла истифода этганларини яна бир бор намойиш этдилир. Сайлов жараёнини кузатгани келган 5 та халқаро ташкилот ҳамда 46 та давлатнинг 600 нафарга яқин кузатувчилари сайлов адолатли ва юқори савияда ташкил этилганини эътироф этдилар.

Бошқа соҳалардаги каби муқаддас динимизни ривожлантириш борасида салмоқли ишлар қилинди. Юртимизнинг шаҳар ва қишлоқларида,инчунун Тошкент шаҳрида замоновий ва айни вақтда миллий меъморчилик асосида “Ислом ота” ҳамда Сурхондарё вилоятида“Оқ масжид” каби янги жоме масжидлар бунёд этилди, кўплаб қадимий масжидлар эса қайтадан таъмир этилди. Имом-хатибларимиз масжидлар ва хомийларни жалб этган ҳолда “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, ижтимоий кўмакка мухтож оилалар, ёлғиз кексаларга 3 миллирад 3 миллион сўмдан ортиқ хайрия ёрдами кўрсатдилар.

Мўмин-мусулмонларимиз тинчлик-хотиржамликда тоат-ибодатларини адо этиб, халқимизнинг икки дунё саодати, барчанинг тинчлиги ва фаровонлиги йўлида самимий ва холис дуолар қилиб, Яратгандан имон-эътиқодини янада мустаҳкам этишини чин дилдан сўрамоқдалар. Иншоаллоҳ, уларнинг холис дуои-илтижолари Ҳақ таоло ҳузурида қабулу мустажоб бўлади. Зеро, Қуръони каримда марҳамат қилиб шундай дейди:

فَاسْتَجَابَ لَهُمْ رَبُّهُمْ أَنِّي لَا أُضِيعُ عَمَلَ عَامِلٍ مِنْكُمْ مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى بَعْضُكُمْ مِنْ بَعْضٍ…

яъни:“Бас, Парвардигорлари уларни (дуоларини) ижобат этиб, (деди): «Албатта, Мен сизлардан амал қилувчининг – хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин – амалини зое қилмасман…” (Оли Имрон, 195).

Муҳтарам намозхонлар! Олдинги йиллар каби кириб келаётган янги 2017-йилимизда олдимизга қўйилган улуғвор мақсадлар ва юксак марралар турибди. Уларга муваффақиятли эришиш йўлида, албатта биринчи навбатда халқ манфаатлари ҳамма нарсадан уствор бўлмоғи лозим. Шунда биз, “2017 йил-халқ билан мулоқат ва инсон манфаатлари йили”да амалий равишда бунинг эътирофи ва исботини рўёбга чиқарган бўламиз. Шунда мустақил мамлакатимизнинграҳбариўз маърузаларида:“Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган сўзлари амалда ўз ифодасини топганини кўрамиз.

Дарҳақиқат, она-юртимизда амалга оширилаётган барча хайрли ва савобли ишлар сизубизларнинг, барчаларимизнинг кеча-кундуз муттасил қилаёган саъю-ҳаракатларимиз, самимий дуоларимиз, кун ва вақтларни ғанимат билиб, улардан унумли фойдаланишимиз ва баракотли бўлиши натижасида амалга ошмоқда. Чиндан ҳам ўтган ҳар бир соат, кун, ой ва йилимизни сарҳисоб қилиш, келажак самарасидир, олий ниятлар билан келажак йил режаларини тузиш орқали ҳаётимизни янада мазмунли бўлиши, ҳар куни кўпроқ яхши ва савобли амаллар қилишимиз билан ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, инсон ҳаётида вақтнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда каттадир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг бебаҳо неъматларидан бири бўлган вақтни қадрлашга, унинг аҳамиятини қалбдан ҳис этишга, инсон фаолиятининг ажралмас қисми бўлган қимматли вақтни бефойда ишларга сарфламасликка чақиради.

Қуръони каримда инсонларнинг вақт ўлчовларини билиб олишлари учун қуёш ва ой уларга бўйсундириб қўйилгани, бу Парвардигорнинг улуғ неъматларидан экани ҳақида шундай марҳамат қилинади:

وَسَخَّرَ لَكُمُ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ وَالشَّمْسَ وَالْقَمَرَ وَالنُّجُومُ مُسَخَّرَاتٌ بِأَمْرِهِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ

яъни: “У сизлар учун кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни бўйин сундириб қўйди. Юлдузлар ҳам Унинг амрига бўйин сундирилгандир. Албатта, бунда англайдиган кишилар учун (Унинг қудратига далолат қилувчи) аломатлар бордир” (Наҳл сураси, 12 оят).

Яна Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики:

قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِنْ جَعَلَ اللَّهُ عَلَيْكُمُ اللَّيْلَ سَرْمَدًا إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ مَنْ إِلَهٌ غَيْرُ اللَّهِ يَأْتِيكُمْ بِضِيَاءٍ أَفَلَا تَسْمَعُونَ

яъни:«(Эй, Муҳаммад! Уларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани Қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси «илоҳ» сизларга бирор ёруғлик келтира олур?! Ахир, эшитмайсизми?!»(Қасас сураси, 73 оят).

Яъни, Аллоҳ таоло кеча ортидан кундузнинг, кундуз ортидан эса кечани келадиган қилиб қўйди. Демак, ким улардан бирини беҳуда амаллар билан ўтказса, иккинчисида ўша қилган хатоларини тўғрилашга имкон берган.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам йил вақтнинг қиммати ва аҳамияти алоҳида таъкидланади. Қиёмат куни Аллоҳ таоло ҳузурида вақт, кун, ой ва йил ҳар бир инсоннинг зиммасидаги улуғ бир масъулият ва қарз экани зикр этилади. Ҳатто ҳисоб-китоб кунида бандага бериладиган асосий тўрт саволдан иккитаси ана шу вақт ҳақида бўлиши ҳадисларда таъкидлаб ўтилган.Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

“لاَ تزول قَدَمَا عبدٍ يوم القيامة حتى يُسْأَلُ عن أرْبَعٍ: عن عُمُرِه فيما أفناه وعن جسده فيما أبلاه وعن عِلمِه ماذا عَمِلَ فيه وعن ماله من أين اكْتَسَبَهُ وفيما انفقه”

(رواه الامام الترمذي وابن حبان).

яъни: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.

Айниқса, ёшларимизни ва фарзандларимизни бўш вақтларидан унумли фойдаланишга ўргатишимиз биз ота-оналарнинг, ёши улуғлар кексаларнинг бурчимиздир.

Бугунги доруломон пайтда уларнинг бўш вақтларини тўлдириш, илм билан шуғулланишлари учун барча шароит ва қулайликлар муҳайё. Ўсиб келаётган ёш авлод бу қулайликларга шукр қилиб, турли касб-ҳунарларни эгаллашлари, илм-фанда етук мутахассис бўлиб етишишлари даркор. Шунингдек, уларнинг дину диёнатли бўлиб ўсишларига алоҳида аҳамият беришимиз ва кўмаклашишимиз лозим. Бунда аждодларимиз ҳаёти биз учун ибрат бўлиши керак.

Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар… Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”.

Муҳтарам намозхонлар! Шу ўринда ҳижрий ва милодий йиллар тарихи ҳақидаги қисқача маълумотларни билиб қўйсак, яхши бўлади.

Ҳижрий-қамарий тақвим Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилишлари (кўчишлари)дан ҳисоблана бошлаган ва 622 йилнинг 16 июлидан амалга киритилган сана (йил) номи. У ҳижрий 17 (милодий 638) йилда халифа Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу томонидан жорий этилган. Ҳижрий йил ой ва қуёш кунлари асосида олиб борилишига қараб ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий деб юритилади. Ҳижрий-қамарий йил 354 кеча-кундуз бўлгани учун йилига 11 кундан орқада қолиб, ҳар 33 йилда ҳижрий-шамсий санадан бир йил кам бўлади.

Милодий йил деганда қуёшнинг чиқиб-ботиши билан ҳисобланадиган шамсий санани англамоғимиз керак. Мана шу қуёш нури йил давомида қачон кучаяди, қачон камаяди, шунга қараб, деҳқонлар баҳор, ёз, куз, қиш фаслларига эътибор бериб, ўз деҳқончиликларини қачон бошлаб, қачон йиғиштириб олиш лозимлигини белгилаб келадилар. Шамсий-милодий сана ҳисобидаги 12 ойни ҳар бир халқ ўз тилида номлаган. Масалан, биз кўпроқ арабча, ўзбекча, русча номларини қўллаймиз: Ҳамал, Савр, Жавзо, Саратон, Асад, Сунбула, Мезон, Ақраб, Қавс, Жадий, Далв, Ҳут каби номлар халқимизга азалдан таниш. Январь, февраль, март, апрель, май, июнь, июль, август, сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь ойлари кенг истемолда экани ҳам барчага маълум. Мазкур ойлар номининг христиан дини билан боғлиқ жойи йўқ.

Лекин халқимиз ичида “Янги йилни, яъни 1-январь кунини кутиб олиш, байрам қилиш, бир-бирини табрик қилиш мусулмончиликка тўғри келмайди, у христианларнинг байрами каби гапларни гапириб юрувчилар ҳам бор. Биз шу каби кимсаларга яна бир бор эслатиб қўймоқчимизки, 1-январь христианларнинг байрами эмас, балки шамсий-милодий сана билан йил ҳисобини юритувчи халқларнинг ҳаммаси учун йил боши сифатида қарши олинадиган кун. 1-январни барча дунё халқлари қатори биз ҳам йилнинг янгиланиши сифатида кутиб оламиз ва бир йил давомида қўлга киритган ютуқ ва камчиликларимизни бирма-бир сарҳисоб қилиб оламиз. Биз янги йилни мусулмонча эътиқод билан кутиб оламиз. Баъзилардек ношаръий ҳолатларда кутиб олмаймиз. Ҳатто динимиз таълимоти бўйича ҳар бир кунни қарши олишда “Мана шу ёруғ кунга саломат еткизганингга шукр” – деб Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтишимиз лозим.

“Баёнун линнос” номли китобда бу хусусда мусулмонлар учун анча кенглик борлиги қайд этилган. Далил сифатида “Рум” сурасининг 1-5 оятлари ва ҳадиси шарифлардан келтирилиб, икки ҳайитдан бошқа муҳим воқеа юз берган саналарни байрам қилиш ва байрамлар диний ҳамда дунёвий сабаблар муносабати билан нишонлаш дурустлиги зикр этилган.

Бинобарин, янги милодий-шамсий йилни диний байрам сифатида эмас, йилнинг янгиланиши, умримизга умр қўшилиши, эски йилда қилиб улгурмаган хайрли ишларимизни янги йилда қилиш учун яхши ниятлар билан кутиб олишимиз ҳам ақлан, ҳам шаръан жоиз экан.

Азизлар! “2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида” инсон манфаатларининг ўзвий қисми бўлган ҳозирги авлодларимизнинг интилиш ва қизиқишларини ҳам ҳисобга олишимиз зарур. Ёшлар-келажагимиз ворислари, эртамиз тянчи ва ишончидир. Шуниг учун ҳам азиз фарзандларимиз билан кўпроқ мулоқотда бўлиш, уларнинг қалбларига қулоқ солиш муаммоларини ечишда ёрдам бериш, ёш келин-кўёвларнинг илк ҳаётларида уларга панду-насиҳат қилиш ва амалий кўмак беришимиз зарур бўлади. Шунда улар ҳам буюк аждодларнинг муносиб ворислари бўлиб етишади. Дунё ва охиратда саодат аҳлидан бўлишади, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло барчаларимизга қимматбаҳо вақтларимизнинг қадрига етиб, дунё ҳаётида берилган умрнинг тансиқ йилларини солиҳ амаллар, эзгу, фойдали ишларга сарфлашни муяссар айласин. Аллоҳ таоло ҳаммамизга Ўзи ато этган улуғ ва бебаҳо неъмат бўлмиш вақтни қадрлайдиган, исроф қилмайдиган, унинг аҳамияти ва манфаатини чуқур англайдиган бандалари қаторидан жой берсин, Янги 2017 йилни ҳам барча соҳаларда катта муваффақиятлар билан ўтказишимизга муяссар айласин.

.pdf форматда юклаб олиш

Манба: muslim.uz