Яхшилик ва тақво ишларида кўмаклашиш

1341

Мусулмонлар доимо очиқ юз ва тоза қалб билан яхши ишларда бир-бирларига ёрдамчи бўлиб, ўзаро меҳр-муҳаббат ва дўстона лутф билан муомала қиладилар.

Аллоҳ таоло мусулмонларни дин йўлида оға-инилардек ўзаро ҳамжиҳат бўлишга буюрди:

Эй, имон келтирганлар! Аллоҳнинг (ҳажга доир) шиорларини, “Ҳаром ой” (ҳаж ойлари)ни, қурбонликларни, (уларга тақиб қўйилган) тақинчоқларни, Парвардигорларининг фазли ва розилигини топиш нияти билан Байтул-Ҳаром (Каъба)га борувчиларни (уларга қаршилик қилишни) ҳалол деб ҳисобламангиз! Ҳалол (қилинган ҳолат)га чиққанларингизда эса, ов қилаверингиз. Сизларни Масжиди Ҳаромдан тўсувчи қавмнинг адовати тажовуз қилишингизга ундамасин! Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Биродарига салом бериш, акса уриб  “алҳамдулиллаҳ” деганида “ярҳамукаллоҳ” деб жавоб айтиш, касал бўлса бориб кўриш, чақирганда бориш, насиҳат сўраганда йўл кўрсатиш, вафот этса жанозасига қатнашиш каби  мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳақларига риоя этиш орқали мўминларни бирдамлиги янада ошади. Бир-бирларига ҳадялар бериб, қўл сиқишиб кўришадиган мусулмонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ошади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам дедилар: “Бир-бирингизга ҳадялар қилиб туринглар, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўласизлар”.

Мусулмон киши ораларида меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкам бўлишига сабаб бўладиган хайрли ишларда кўмаклашиб, ўрталарига совуқлик туширадиган ишлардан йироқ юриш керак. Хусусан, қуйидаги тўртта нарсада: зулм, ночор ташлаб қўйиш, алдаш ҳамда менсимасликдан эҳтиёт бўлиш керак. Ҳар биримиз ўзимизга яхши кўрган неъматни ўзгаларга ҳам раво кўрмасак, имони ва исломи комил зотлар сафига қўшила олмаймиз. Яхшиликлар ва тақвони зидди бўлган қуйидаги тўрт нарсага тўхтаб ўтамиз:

Зулм қилиш;

Шариат изнисиз бир инсонни моли, жони, дини ёки ор-номусига зарар етказиш мумкин эмас. Чунки айни зулм сабабли ўртадаги дўстликка путур етади.

Аллоҳ таоло айтади: “Эй, бандаларим. Мен зулмни ўзимга ҳаром қилдим. Ва уни сизларнинг ўртангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм етказмангиз”. (Ҳадиси қудсий).

Ёрдамсиз ташлаб қўйиш;

Ёрдамга муҳтож мусулмонни четга суриб қўйиш, қодир бўлатуриб унга ёрдам қўлини чўзмаслик динимизда қатъий қайтарилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг ҳақ-ҳурмати топталаётган, ор-номуси тўкилаётган пайтда биродарига ёрдам бермаса, Аллоҳ таоло уни ёрдамга муҳтож пайтида ёрдамсиз қолдиради”. (Абу Довуд ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳадисларида: “Қаршисида бир мўминнинг хорланаётганини кўриб, унга ёрдам беришга қодир бўла туриб, ёрдам қўлини чўзмаган кимсани Аллоҳ таоло қиёмат куни бутун халойиқ кўз ўнгида хор қилади” – дедилар. “Аҳмад ривояти”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Биродари йўқлигида унга ёрдам қилган кишига Аллоҳ таоло дунё ва охиратда ёрдам қилади”. (Баззор ривояти).

Мусулмонни алдаш ёки уни алдоқчига чиқариш;

Мусулмон киши дўстининг хаққини адо этиб, унга рост сўзлаши ва дўсти гапирганда тасдиқлашлиги керак. Уни алдаш исломий омонатга ҳалал етказади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сенга ишониб турган биродаринга ёлғон сўзлашинг улкан хиёнатдир”. (Аҳмад ривиояти).

Ҳеч қандай шаръий узрсиз ёлғон гапириш алдов ва хиёнатдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар банда бир оғиз ёлғон сўзласа, у қилган ишини бадбўйлигидан фаришта қочиб, бир мил узоқлашади”. (Термизий ривояти).

Мусулмонга менсимай қараш;

Мусулмон одам ҳеч қачон дўстини пастга уриб, унга юқоридан туриб муомала қилмайди. Чунки Аллоҳ инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратди. Мусулмон қадр қийматини тушуриб, унга кибр билан муносабатда бўлиш, Аллоҳ таолонинг рубубийяти чегарасига тажовуз саналади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг мусулмон биродарини пастга уриши, унинг ёмонлигига кифоядир”. Кибр сифатига эга бўлган киши жаннатга кира олмайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қалбида зарра мисқолида кибр бўлган банда жаннатга кирмайди”. (Муслим ривояти).

 Бошқа ҳадисда, У зот дедилар: “Сизларга жаннат аҳлининг хабарини берайми? Улар заиф камсуқум инсонлардир. Агар Аллоҳ номига қасам ичсалар, Аллоҳ уни оқлайди. Сизларга дўзах аҳлининг хабарини берайми? Улар қўпол, баднафс ва гердайган кимсалардир”. (Муттафақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда-ким қиёматдаги ғам-ташвишлардан Аллоҳ унга нажот беришини истаса, ночорга ёрдам берсин, ёки уни қарзини ўтаб берсин” (Муслим ривояти).

“Дуоси ижобат бўлишини ва ғам-ташвиши аришини истаган банда қийналиб қолган кишига ёрдам берсин”.  (Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Ким мухтож одамга ёрдам берса, Аллоҳ таоло унга етмиш учта мағфират ёзади. Улардан биттаси дунёдаги барча ишларини ислох қилишга бўлса, етмиш иккитаси, қиёматдаги даражасини кўтариш учун бўлади. (Муслим ривояти).

 Аллоҳ таоло барчаларимизни доимо яхшилик ишларда бир-бирларимизга кўмаклашадиган бандаларидан айласин.

 

Андижон шаҳар “Чинор” жоме масжиди

имом-хатиби Мўминов  Авазбек