Ўзбекистон Мустақил давлат мақомини не-не машаққатлар билан қўлга киритди. Бу ўша давр нуқтаи назаридан олиб қараганда оламшумул воқеа бўлди десак, муболаға бўлмайди. Миллий давлатчилигимизга тарихан ёндашиб, ўтмишимизга назар ташлайдиган бўлсак, Буюк Темурийлар империяси давридан сўнг хонликларнинг қисқа давр мобайнида тинчлик ўрнатганини эътиборга олмаса, халқимизнинг ҳаёти тинчлик-осойишталик нималагини билмай, бутун умр қарамликда ва тинчлик ва адолат учун жанг-у жадалларда ўтди. Дунёни босиб олиш, бошқа миллат бойликларини ўзиники қилиб, халқларни қулликка маҳкум қилган Жаҳон урушлари ер юзида даҳшатли инқирозларга олиб келди. Бу урушлар оқибатида очлик, қашшоқлик, инсон тасаввурига сиғмайдиган ноҳақликлар бўлди. Миллатимиз Совет иттифоқига сал кам юз йил қарамликда, қулликда умр кечирди. Совет иттифоқи ўз манфаати учун бир миллатнинг ўзлигидан, маънавиятидан, қадриятларидан юз ўгиришига, ўша давр идеологияси бўлган шахсга сиғинишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилган. Мустақил Ватан қуриш орзусида элпарвар, халқпарвар, миллатпарвар инсонлар якдил ғоя, ягона фикр негизида миллатимизнинг ўша давр зиёлилари бўлган Жадидлар ҳаракати намояндаларининг орзу-умидлари бугун рўёбга чиқди. Халқ озодлиги учун курашган, ягона Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо қилиш йўлида маърифатпарвар ота-боболаримизнинг босиб ўтган қонли тақдирини бугунги авлод унутмаслиги лозим.

      Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизнинг мард ва олийжаноб халқимиз билан бирга қурамиз” номли асарида “Биз ҳаётда ўзини тўла оқлаган “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” тамойилдан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш йўлини давом эттирамиз. Яъни тараққиётнинг “ўзбек модели” таркибидаги машҳур беш тамойилдан бири бўлган кучли ижтимоий сиёсат юритиш принципига қатъий амал қиламиз”[1] [21] – дея таъкидлаб ўтган сўзлари кунма-кун, ойма-ой, йилма-йил ўз тасдиғини топмоқда. Мамлакатимизда бугун барча соҳаларда, жумладан, диний сохадаги ислохотлар, иқтисодиётда ривожланиш, фуқароларнинг яшаш шарт-шароитлари ва халқимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида туб ўзгаришлар кўзга ташланмоқда.

   Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма олти йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқидаги «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак» ˗ тамойили асосида давлатимиз бугунги кунда ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаёти аҳолининг ҳар бир қатламида мамлакатимиз равнақи учун хизмат қилишига туртки бўлмоқда, «Миллий тикланишдан ˗ миллий юксалиш сари» ғоясини ҳаётимизга татбиқ қилиш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритилмоқда. Келажагимиз бўлган ёшларни “оммавий маданият”, интернетда ин қурган динни ниқоб қилиб олган ғаламис кимсаларнинг ахборот хуружлари, шунингдек, турли маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида бугунги кунда Узбекистон мусулмонлари идораси, Ёшлар ишлари агентлиги, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда мутасадди ташкилотларнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмоқда.

         Хулоса ўрнида шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Янги Ўзбекистонни барпо қилиш ва бу азиз ватанда инсон қадр-қимматини улуғлаш, энг олий мақсад қилиб олинди. Бугунги кунда юртимизда жадал ривожланиб бораётган ислоҳотларнинг амалга ошиши собитқадамлик билан келажакни, юртимиз равнақини ўйлаб амалга оширилаётган ўзгаришлар тўғрисида халқаро ҳамжамият баралла эътироф этмоқда. Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида умумэътироф этилган меъёрларга ҳамоҳанг равишда Янги Ўзбекистон барпо этишга қаратилмоқда.

   Андижон шахар “Эски Гумбаз” жомеь  масжиди имом хатиби Баходиржон домла Рузибоев