( فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ ) الزلزلة (7) Az-Zalzala
Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир.
( وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ ) الزلزلة (8) Az-Zalzala
Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир. (Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак. Ҳар доим яхшиликни қилиб, агар у кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак.)
Қадимда беҳисоб бойлиги бўлган бир подшоҳ яшаган экан.Лекин, у ўз бойлигини сарфлашдан бахиллик қилиб ёрдамга муҳтож кишиларга хайри-эҳсон қилмас, балки яккаю-ягона фарзанди шаҳзодага: “Салтанатимдаги бойликларимни мен вафот этганимдан кейин садақа қиласан”, деб таъкидлар экан.
Кунлардан бир кун подшоҳ ўғли билан кечки сайр қилишни ихтиёр қилибди ва ўғлига шундай дебди: “Эй кўзимнинг оқу қораси, мен сен билан сайр қилишни ихтиёр этдим. Тайёргарлигингни кўр”.
Шаҳзода йўлни ёритиб турувчи чироқни ўзи кўтариб юришга отасидан изн сўради. Отаси изн бергач, йўлга равона бўлишди. Шаҳзода чироқни отасининг олдида эмас балки ортида кўтариб борарди. Бир қанча йўл босиб ўтишгандан кейин отаси қоронғуликдан қийнала бошлади ва шаҳзодага: “Эй ўғлим чироқни нима учун ортимдан ёқасан”, деди. Шунда зийрак шаҳзода: “отажон, сиз салтанатингиздаги бойликларингизни вафотимдан кейин эҳсон қиласан, деб таъкидлайсиз. Инсон ортидан қилинган эҳсон хам худди ортидан ёқилган чироққа ўхшайди”,деб жавоб берди.
Бу гапни эшитган подшоҳ ўғлининг зийраклигига тасанно айтиб, бойлигининг бир қисмини хайр-садақа қилиб, салтанатини ўғлига топширади.
Қиссадан ҳисса шуки, инсон ҳаёти давомида яхши ишларни ортга сурмасдан, ўз вақтида амалга оширса, орттирган бойлигини бева-бечораларга сарфласа, унинг бу дунёда ҳам охиратда ҳам фойдаси ва ажри катта бўлади.
Ҳадиси шариф: “Қиёматда банданинг авратини беркитгудек кийими, қувватини сақлагудек таоми ва иссиқ-совуқдан асрагудек бошпанасидан ташқари барча нарсаларидан сўралур”.
Анваржон домла Ибайдуллаев,
Олтикўл тумани “Уйшин”
жоме масжиди имом-хатиби