Қайси бир инсон инсонларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ таоло ўша инсоннинг оғирини енгил қилади.

Яхши ишларни қилиш, одамларнинг ҳожатларини чиқариш балоларни қайтаради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қийналган одамга енгиллик қилса, Аллоҳ таоло унга дунёда ҳам охиратда ҳам енгиллик қилади”.деб мархамат қилдилар.

Бундан ташқари, бу хулқ жаннатга энг биринчи киривчи кишиларнинг хулқидир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дунёда яхшилик аҳли бўлганлар охиратда ҳам яхшиллик аҳлидирлар. Жаннатга энг аввал кирувчила яхшилик аҳлларидир”, –  деб марҳамат қиладилар. (Табароний ривояти).

Ҳар куни бомдод намозидан кейин  Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳунинг Мадинанинг чекка хонадонларидан бирига бориб, у ерда бир муддат бўлиб, сўнгра уйига қайтишлари Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг эътиборларини тортди.

Ҳазрати Умар билдиларки, Абу Бакр Сиддиқнинг у уйда нима билан машғул бўлишлари фақат ана шу уйдаги кишиларгагина маълум.

Кунлар ўтиб борар, аммо Мўминларнинг Халифасининг ушбу уйга сирли зиёрати давом этар эди. Умар эса, ҳалигача сирли зиёратнинг сабабини билолмас эдилар. Кунлардан бир кун Умар разияллоҳу анҳу Абу Бакр чиққанларидан кейин ўша уйга кириб, ҳолатни билишга қарор қилдилар.

Умар уйга кирар эканлар, уйда қимирлашга ҳам ҳоли йўқ, икки кўзи кўр бўлган ёлғиз кекса аёлни кўрдилар. Бу ҳолатни кўриб Умар ҳайратга тушдилар. Ҳолатга ойдинлик киритиш учун аёлдан: ҳозир чиқиб кетган киши бу ерда нима қилади?-деб сўрадилар. Қария: Аллоҳга қасамки, мен у кишини танимайман. Ҳар куни тонгда  келиб уйимни тозалайди, менга қарайди, овқат тайёрлаб едириб-ичиради ва ҳеч нарса демай чиқиб кетади, деди.

Абу Бакр Сиддиқ вафот этганларидан сўнг, кўзи ожиз қарияни парвариш қилиш ишини Умар разияллоҳу анҳу давом эттирмоқчи бўлдилар. Шунда қария: биродаринг вафот эттими?-деди. Ҳазрати Умар ҳайрон бўлиб: қаердан билдингиз?-деб сўрадилар. Шунда аёл: сен менга хурмони ичидан данагини чиқармай бераяпсан, биродаринг данагини олиб ташлаб, кейин едирар эди, деб жавоб берди. Бу гапни эшитган Умар разияллоҳу анҳу икки тиззасини қучоқлаганча ўтириб қолдилар ва: ўзингиздан кейинги халифаларни доғда қолдирдингиз эй Абу Бакр, деб  йиғладилар.

 Аллоҳ бизларни инсонларга кўп яхшилик қилувчилардан қилсин.

Сирожиддин домла Хакимов

Олтинкўл тумани Хазрати Умар жоме масжиди имом хатиби