Яхшилигингиз тўла-тўкис қайтарилур

1281

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: «Набий алайҳиссалом дедилар: «Бир одам вафот этди ва жаннатга кирди. Ундан: «Нима амал қилардинг?» – деб сўралди. У: «Мен одамлар билан олди-сотди қилар эдим. Қийналган одамни кўрсам, пулини кечиб юборардим», – деди. Шу сабабли у мағфират қилинди» (Имом Муслим ривояти).
Демак, мазкур ҳадисда зикр қилинган одамни фазилатли амали учун, Аллоҳ таоло азоблашдан ҳаё қилди ва бошқа гуноҳларини ҳам кечиб юборди
Ҳар бир инсон бу дунёда яшар экан, доим инсонларга каттами-кичикми яхшиликлар қилишга ўзини одатлантириши лозим. Аслида, ҳар бир кунимиз бу йўлдаги катта бир имкониятдир. Уни беҳуда ишларга сарфлаб, вақтни бой берсак, бизни жаннат сари элтадиган сармоядан маҳрум бўламиз. Шундай экан, бирорта ибодат ёки амални кичик деб билмаслик керак. Чунки Аллоҳ таоло Ўз розилигини ибодатлар ичига яширган. Қаердан биламиз, балки Аллоҳнинг розилиги биз арзимас деб ҳисоблаётган мана шу ибодат билан белгиланар. У бир яхши ният ёки яхши сўз ёки бугунги синовли кунларда қийналаётган инсонларга қилаётган саховатимиз ёки кичик бир амал бўлиши ҳам мумкин.
Юқоридаги ҳадисдаги фазилат аҳли бўлган кишига эътибор беринг. Бундай фазилат соҳиби бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ислом тарихида бундай фазилатли инсонларнинг яна бир қатор сифатлари ҳақида кўплаб ривоятлар бизгача етиб келган. Ҳикоя қилинишича, бир хотин Лайс ибн Саъд(р.а)дан озроқ асал сўради. Лайс (р.а) муҳаддис олим бўлгани ва аёлнинг аҳволини фаҳмлагани учун, унга бир меш асал беришларини буюрди. Шунда одамлар: «Озроқ берсангиз ҳам бўларди-ку», дейишганида, бу зот: «Аёл эҳтиёжига яраша сўради, биз эса ҳолимизга яраша бердик», деган экан.

Энди бу ҳикоядан хулоса чиқарадиган бўлсак, саховатпешаликнинг чек-чегараси йўқ экан. Хикояда тилга олинган фазилат аҳлларини бугунги кунимизда ҳам кўплаб учратиш мумкин. Ҳожатманд, оилавий шароитига кўра ўта танг аҳволда бўлган инсонларнинг туриш-турмушини кўриб, уларнинг аҳволини ҳис қила оладиган ва уларга қўлларидан келган ёрдамларини аямайдиган инсонлар шулар жумласидандир. Ҳатто, «Ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасин» ҳикматига амал қилиб, ёрдамга муҳтож одамларга ҳеч кимга овоза қилмай ёрдам бериб келаётган саховатли инсонлар ҳам талайгина.
Аллоҳ таоло Ўзининг карами кенглиги туфайли бандаларининг ҳар бир яхши амали учун марҳамат кўрсатиши қуйидаги оятда ўз аксини топган:
(… Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади» («Бақара» сураси, 272-оят).
Орамизда шундай саховатли инсонлар борки, улар арзимас миқдорда ёрдам сўраб келган кишининг аҳволини дархол фаҳимлайдилар. Шу арзимас пулга муҳтож бўлган қўшниси ёки яқинининг тирикчилиги қандай ўтаётганлиги ҳақида ўйлаб, ўз имкониятидан келиб чиқиб, у сўраганидан ҳам кўпроқ ёрдам бериб саховат кўрсатади.
Саховатпеша инсонлар ўз солиҳ амаллари билан нафақат бир инсоннинг кўнглини обод қилади, балки ўзи ҳам икки дунё саодатига эришади.
Аллоҳ таоло саховатли инсонларни бугунги синовли кунларда қилаётган эхсонларини ўрнини зиёдаси билан тўлғазиб қўйсин, деб дуо қилиб қоламиз.

Шохимардон домла Орипов
Улуғнор тумани
“Овулмат” жоме масжиди
(в.б) имом хатиби