Бутун дунё халқлари азалдан она юрт тушунчасини бениҳоя азиз ва муқаддас деб билишади. Айниқса, шарқ халқлари учун ватан мўътабар макондир. Ватанга содиқлик – шу тупроқнинг муқаддас сарҳадларини турли таҳдидлардан ҳимоя қилмоқ – унда яшовчи халқнинг тилини, эътиқодини, урф-одатларини севмоқдир. Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга келса, ана шу ер унинг она ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида туғилиб ўсган ватанлари Маккаи мукаррамага юзланиб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлур эдим”, – деганлари сийрат китобларида баён этилган. Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Буюк аллома Алишер Навоий ҳазратларининг қуйидаги сўзида она-Ватанини севадиган садоқатли ҳар бир кишининг қалбида ғайрат ва шижоат уйғотади:

Ватан таркини бир нафас айлама,

Ани ранжи – ғурбат, ҳавас айлама.

Донолар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги ва садоқати унинг ўз Ватани учун қайғуришидан, дўстларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ачиниб, ўкиниб яшашидан билинади”. Инсоннинг ўз халқига бўлган садоқати ва фидоийлиги она Ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имкон даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

“Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, – деган экан мутафаккирлардан бири.

Юртимиз довруғи дунёгани таратган буюк аждодларимиздан Кубравия таълимоти асосчиси Нажмиддин Кубро хақиқий ватанга садоқат қандай бўлишини ёрқин мисоли бўла олади. Биз ҳам фарзандларимизни она ватанга садоқатли бўлиши йўлида бор куч ғайратимиз, билимларимиз, меҳнатимиз билан азиз ватанимизга қай даражада содиқлигимизни исбот қилайлик!

Олтинкул тумани Жалабек ота жоме масжиди имом хатиби
Отабек Хусанов