Инсон қаерда туғилиб ўсиб-улғайса ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли макондир.
Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, амият аъзоларининг ҳар бири юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мўминларга хитоб қилиб бундай дейди: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг” (Моида сураси 2-оят).
Бугунги кунда қўшни давлатлар ҳамда дунёнинг бир қанча минтақаларида нотинчлик ҳукм сураётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Уруш ҳаракатлари, қон тўкилишлар давом этмоқда. Нотинч масканларда одамларнинг жони хавфда, қочқинлар кўпайган, тинчлик истаб борган жойларида ҳам оғир шароитларда яшамоқдалар. Биз мусулмонлар дунёда тинчлик хотиржамлик бўлиши тарафдоримиз ва шуни чин дилдан хоҳлаймиз. Бу хоҳишни рўёбга чиқаришнинг аввалги чораси – ўз юртимизда тинчликни асраб-авайлашдир. Ибодатларда эмин-эркинликда диний урф-одатларини тўкис адо этиб келаётган, шариат шиорлари амалда турганда, ношукрлик қилмасликдан турли бузғунчи тарғиботларга учмасдан билим ва кучимизни Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида сарфлаш бурчимиздир. Шу кунларда ҳам Ватанни, ота-онасини ташлаб, жангари тўдалар йиғилган жойларга чиқиб кетаётганлар учраб турибди. Уларнинг деярли ҳаммаси қилган ишига пушаймон бўлади. Лекин сўнгги пушаймон ўзингга душман, деганларидек, изига қайтишга имкон тополмай, хору зор бўлмоқда.
Ватанимиз фарзандлари сифатида ҳеч ҳам ношукрликка йўл қўймай, кўпдан-кўп шукрона қилиш – бурчимиздир. Чунки ношукрлик неъматларни қўлдан кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилиш ваъдасини берган: “…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброҳим сураси 7-оят).
Аллоҳ таоло барчамизни Ватанимиз равнақи ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин!
Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби
Отабек Хусанов