Ватанни ҳимоя қилиш шарафли бурч

1613

Маълумки, инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва салламдан Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилиб: «Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир», – деганлар (Абу Довуд ривояти). Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади. Шариат манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган. Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири бу, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини», – деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти). Тарихдан маълумки, бирор бир миллат бошқа миллатни тахқирламоқчи ёки оёқ ости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ ҳўрлик ва азоб йўқ. Зеро, ватан, миллат тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилишини юқоридаги ҳадисдан билиб олдик. Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежис эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди. Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алиштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.
Ватанни севган халқини севади, халқини севган инсон ўз халқини урф-одатлари, миллий қадриятларини ардоқлайди.
Имом-Бухорийнинг “Ал-Жомеъ-ас-Сахих” тўпламида Ватанни қўмсаш, уни севиш ҳақида бир хадис шарифда шундай дейилади: Оиша р.а. ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинаи-Мунавварага келганларида Абу бакр р.а. ва Билол р.а. лар истималаб қолишди. Мен уларнинг хузурига кириб: “Эй падари бузриквор
(яъни Абу Бакр), эй Билол ўзингизни нечук ҳис этмоқдасизлар?, деб сўрадим. Хазрати Абу Бакр иситма зўриққанда: “Уйимда бўлсайдим жон чиқар маҳал, Пояфзал ипидан яқиндир ажал”-дер.

Хазрати Билол иситма бироз пасайганда, йиғлаб: “Тақдирим не эрур билмасман э воҳ, Бошимга ажалдан келурми сипоҳ? Бир кеча бўлса ҳам она водийим, қўйнида ётсайдим, меҳрибон Аллоҳ! қониб ичсам эрдим, шаффоф сувларин, Қанийди, ташласам унга бир нигоҳ!”-дер эдилар. Кўриниб турибдики, бу икки сахоба Пайғамбаримиз Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшаш бахтига муяссар бўлсаларда, ўз Ватанларини соғиниб яшаганлар.

Ватан муҳаббатини Ҳазрати Низомиддин Алишер Навоий жуда чиройли ифодалаганлар:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

Ҳалқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “ўзга юртда шоҳ бўлгандан ўз юртингда гадо бўл”, деган хикматли сўз ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унитган киши ҳеч қачон она ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди. Буюк аждодимиз Нажмиддин Кубро Ватан ҳимояси қандай бўлишининг ёрқин мисоли бўла олади. У зот юртига мўғуллар бостириб кирганидан хабар топгач, биринчилардан бўлиб Ватан ҳимоясига отланади. Мўғул хукмдорлар Нажмиддин Кубронинг халқ орасидаги обрў-эътиборини кўриб, унга шаҳарни ташлаб, ўзи ихтиёр қилган тарафга кетишини таклиф қилади. Ватанни ўз жонидан устун қилган Нажмиддин Кубро босқинчиларга қарши жанга киради ва туғ кўтариб, лашкарни олға чорлаб бораётганда шаҳид бўлади. У зот туғни шунчалар жон-жаҳди билан ушлаган эдики, байроқни бармоқларини кесибгина олишга муваффақ бўлишади. Хакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”.
Аллоҳга шукр, жаннатмакон юртимиз дунё хавас қиладиган ўлкалардан. Осмони ғуборсиз, сувлари мазали, тупроғи калтак суқсанг кўкарадиган унумдор. Энг асосийси, бу юрт дунёга донги кетган улуғ олим ва фозилларга бешик, илму маърифатга эшик бўлган. Шундай Ватанни севмай, улуғламай, шаънини ҳимоя қилмай бўладими? Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз, Аллох таоло буни бардавом қилсин. Юртбошимиз ва барча раҳбарларни қилаётган диний ва дунёвий ишларига Аллоҳ Ўзи доимо ёрдамчи бўлсин.

Мухаммадкуддус Абдулманнон

Хўжаобод туман

“Етти чинор” жоме масжиди имом- ноиби