ВАТАН ТИНЧЛИГИ

871

Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Ислом дини таълимотида инсон ўзи яшаб турган ватанини, динини, оила аҳлини ҳимоя қилиши энг улуғ амаллардан эканлиги таъкидланган.
Аллоҳ таолога шукрки, бизлар инсон учун ҳамма ҳаёт шароитлари тўлиқ муҳайё қилинган тинч, гўзал Ватанда яшамоқдамиз. Биров-бировнинг ҳақ-ҳуқуқини камсита олмайди. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир.
Аммо бугунги кунда турли ғаразли мақсадларни кўзлаб, муқаддас динимизга янги тушунчаларни киритиш орқали одамларни тўғри йўлдан адаштиришга уринаётган жамоаларнинг фаолияти ҳам афсуски кузатилмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлик вақтларида воқеъ бўлмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этиб: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”,-деганлар.
Атроф мамлакатларда амалга оширилаётган террорчилик ҳаракатлари мамлакатларнинг тинч ҳаётини ва барқарор ривожланишини кўра олмайдиган ғараз кучларнинг ўз разил мақсадлари йўлида бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишдан ҳам тап тортмасликларини кўрсатади. Бу ишлар муқаддас динимизнинг инсонпарварлик, меҳр-оқибатга йўғрилган таълимотига мутлақо мос келмайди, албатта. Бу инсониятга қаратилган мудҳиш жиноят ҳисобланиб, ислом таълимоти уни қатъи қоралаб, рад қилади.
Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур. Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи барча халқлар билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, оила, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-ахлоққа риоя этишимиз керак.
Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида Аъроф сурасининг 179 -оятида шундай марҳамат қилади: “… Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.
Тафсир китобларида ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмаганлари, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмаганлари, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмаганлари қораланмоқда.
Бугун ёшларимизга, фарзандларимизга таълим-тарбия берганда, насиҳат қилиб ўргатганда инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланиши, киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳ эканини уқтиришимиз керак.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна-фасод ва ихтилофлардан сақласин. Ватанимизни ва динимизни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан сақласин!

Шаҳрихон тумани
“Гул-тепа” масжиди имоми
Шохимардон Орипов