Ватан – инсон учун энг муқаддас жой

762

Ота-онани севгани каби Ватанни ҳам чин юракдан севиш, ардоқлаш керак. Ватаннинг зарра тупроғини олтин тоғларга алмаштириб бўлмайди. Ватан муҳаббати буюк туйғу. Шу боис эл оғзида “Ватанни севиш имондандир” деган ҳикмат юради.

Тарихдан маълумки, бирор бир миллат бошқа миллатни тахқирламоқчи ёки оёқости қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган ёки уларни ватанидан қувиб чиқарган. Ўз ватанини душманлар қўлида қолганини кўрган миллатга бундан ортиқ ҳўрлик ва азоб йўқ. Зеро, ватан, миллат тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Молини жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, — деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти)

Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежис эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди. Табиийки, инсон қаерда дунёга келса ана шу ер унинг учун қадрли Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алиштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли даргоҳдир.

Ватанни севган халқини севади, халқини севган инсон ўз халқининг урф-одатлари, миллий қадриятларини ардоқлайди.

Ватан муҳаббатини Ҳазрати Алишер Навоий ҳазратлари жуда чиройли ифодалаганлар:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтун қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.

Ҳалқнинг бошига оғир кун келганда жонини сақлаш учун ватанни ташлаб қочиш инсонийликка тўғри келмайди. Халқимизда “Ўзга юртда шоҳ бўлганидан ўз юртингда гадо бўл” деган хикмат ҳам бор. Ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, ўзгаларни унитган киши ҳеч қачон она ватанига, халқига нисбатан садоқатли бўлолмайди.

Ҳакимлар айтадилар: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, биродарларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”.  Инсоннинг ўз халқига  бўлган садоқати ва фидойилиги ватанни ҳимоя қилиши, тараққий топиб, ҳар томонлама мустаҳкам ва қудратли бўлиши ҳамда халқининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришига имконият даражада ҳисса қўшиши билан ўлчанади.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом : “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи нафл рўза тутиб, кечаси нафл ибодат қилганлик савоби ёзилади” — деганлар.(Имом Насаи ривояти)

 Яна бошқа бир ҳадисда: “Икки кўз борки улар дўзахда куймайди. Бири Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси Аллоҳни йўлида мижжа қоқмай чиққан кўз”.

Аллоҳга шукр, жаннатмакон юртимиз дунё ҳавас қиладиган ўлкадир. Осмони ғуборсиз, сувлари мазали, тупроғи чўп суқсанг кўкарадиган унумдор. Энг асосийси, бу юрт дунёга донғи кетган улуғ олим ва фозилларга бешик, илму маърифатга эшик бўлган. Шундай Ватанни севмай, улуғламай, шаънини ҳимоя қилмай бўладими? Ҳақиқий ватанпарвар Ватанини қуруқ севибгина қолмай, унинг ривожи, ободлиги, шарафи, дахлсизлиги учун тинимсиз курашади ҳам.

Ватанни дарди билан куйсагина жон, ўша жон эгаси ҳақиқий инсон.

 

Олтинкўл туман

бош имом-хатиби

Муҳаммадюсуф Тўрақулов