Яратганнинг сизу бизга берган энг олий неъмати тинчликдир. Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деб марҳамат қилганлар: “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.
Бугунги кунда мустақил Она-Ватанимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган мард йигитларимизнинг йилдан-йилга тажриба ва маҳоратлари ошиб бораётганлиги барчамизни хурсанд қилади. Халқимиз шаҳдам қадам ташлаб бораётган имон-эътиқодли, ўз касбига ихлосли аскарларимизга боқиб фахрга тўлади, самимий дуо қилади. Келинг биз ҳам уларнинг байрамлари “Ватан ҳимоячилари куни” билан муборакбод этайлик. Уларга куч-қувват, соғлиқ-саломатлик тилайлик. Ёш аскар қалбида Аллоҳга бўлган ишончи, Ватан ҳамда ўз халқига бўлган садоқати уни ҳар доим огоҳ ва сергакликка чорлайди. Аллоҳ таоло Ўзининг илоҳий мадади билан қўллаб-қувватлайди, деб ишонади. Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”.
Ҳазрат Расули акрам (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”.
Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Форс еридаги қалъада чегарачилик қилиб турган Шураҳбил ибн Симат билан учрашганда унга деди:
— Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисни айтиб берайми, у сени янада руҳлантиради деб умид қиламан?
— Шураҳбил: майли айтиб бера қолинг—деди.
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман. Ул зот айтар эдилар: “Бир кун чегарада пойлоқчилик қилиш бир ой кундузи рўза тутиб кечаси намоз ўқиб чиққандан яхшироқдир! Кимки чегарачилик жараёнида ҳалок бўлса, қабр азобидан омон бўлади! Унинг амали(га берилажак савоб) то қиёматга қадар кўпайиб туради!”.
Яна Макҳул раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинди:
Чегарачилардан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб деди:
— Мен тоғда бир ғорни кўрдим. Унга кириб тинимсиз ибодат билан машғул бўлсам, то ўлгунимча намоз ўқисам дейман, шунга нима дейсиз Эй Аллоҳнинг Расули?
— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ йўлида бир кун пойлоқчилик қилишларинг ўз аҳли орасида олтмиш йил намоз ўқиганидан хайрлироқдир!”. (“ас-Сияр ул-Кабир”. 1-Ж. 6-Б).
Демак, ушбу ҳадислардан маълум бўладики, юртни, Ватанни қўриқлаш жуда қийин ва масъулиятли вазифа бўлиши билан бир қаторда, ўзига яраша катта ажр-савобли иш ҳамдир. Бундан ташқари киндик қони тўкилган Ватанни шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб авайлаш инсон учун гўё ўз оиласи, ор-номуси, шани, иймон-эътиқодини химоя қилиш кабидир.
Жўрабек домла Эргашев
Балиқчи тумани бош имом-хатиби